МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИГА ЮНУСОВ СТИПЕДИЯЛАРИ

Саховотли инсон, “Тасвирий оина” ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари Ҳакимжон Юнусов кеча ўзи таҳсил олган Боёвут туманидаги 49-мактабнинг аълочи ўқувчиларига шахсий стипедияларини тантанали равишда топширди.

Бу имтиёзга мактабнинг 9 ва 11-синф ўқувчилари Феруза Хидирова ва Сардор Пармонқуловлар ноил бўлдилар. Уларга I чоракда аъло баҳоларга ўқиганлиги ва намунали хулқи учун 500 минг сўмдан стипендия ҳамда дипломлар тантанали равишда топширилди. Мактаб педагогика жамоаси томонидан тузилган нуфузли комиссия илк стипендиатларни аниқлаб берди.

Ҳакимжон Юнусов шахсий стипедияларини топшираркан шундай деди:

—Президентимиз мактаб таълимига катта эътибор бераётир. Чунки мамлакатимиз келажаги бугун мактаб парталарида таълим олаётган ёшлар қўлида. Сизлардан келажакда юртимиз корига ярайдиган буюк инсонлар етишиб чиқишига ишонаман.

Танлов натижаларига кўра 3-ўринни эгаллаган 10-синф ўқувчиси Дилёр Пармонқуловга 100 минг сўмлик бадиий китоблар ҳамда диплом тақдим этилди.

—Мен келажакда стюардесса бўлмоқчиман, — дейди стипендиатлардан бири Феруза Хидирова. —Бугунги эътироф кейинги ҳаётим учун ажойиб стимул бўлишига ишонаман.

Мактабнинг илк стипедиатларини мактаб директори Муҳитдин Мирзаев, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Шодмонқул Эгамбердиев, ота-оналар вакили Насриддин Хидировлар самимий қутладилар.

Саховатпеша инсон ҳар чоракда яна икки нафар ўқувчига 500 минг сўм миқдоридаги стипендияларини тақдим этади.

Шунингдек, тадбирда Ҳакимжон Юнусов мактаб кутубхонасига ҳам бир даста китоблар ҳадя этди.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish