200 АҚШ долларига сотилган чақалоқ

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида яшовчи Гўзал Рахматова (исм, фамилиялар ўзгартирилган) кўп йиллардан буён фарзанд кўрмасдан қийналиб, тирноққа зор бўлиб яшаб келаётганди. У 2019 йилнинг май ойи бошларида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи танишиникига меҳмон бўлиб борган вақтда шу маҳаллада яшовчи, 1979 йилда туғилган қозоқ миллатига мансуб Жибек Кескенбаева исмли аёлнинг хомиладор эканлигини эшитиб, у билан кўришиб суҳбатлашади. Суҳбат давомида Гўзал Жибекнинг яқин кунларда кўзи ёришини, унинг икки нафар фарзанди борлигини, турмуш ўртоғи кўпдан буён Қозоқистон Республикасида ишлаб юрганлигини, шароити оғирлиги сабабли бу фарзандни унга кераги йўқлигини билиб олади. Шунда Гўзал Жибекка кўп йиллардан буён тирноққа зор эканлигини, агар туғилажак фарзандини унга берса ўз боласидек боқиб, тарбиялаб ҳеч нимага зор қилмай вояга етказишини айтади. Жибек Кескенбаева бунга жавобан хозир шароити жуда оғирлигини, унга пул жуда кераклиги сабабли боласини сотиши мумкинлигига ишора қилади. Гўзал Ж. Кескенбаеванинг туғилажак фарзандини сотиш ниятидалигидан нафратланиб, боласини унга берадиган бўлса, эвазига қанча пул сўрашини билмоқчи бўлганлигида, у ҳозирда ҳужжатларини расмийлаштириб,  Қозоқистонга бориб келиш учун етадиган пул маблағини берса, фарзанди туғилганидан сўнг у билан ҳабарлашишини айтади.

Гўзал 2019 йилнинг 14-май куни Ж. Кескенбаевага қўнғироқ қилиб, ҳабар олган вақтида, Жибекнинг ўз уйида ўғил фарзандни дунёга келтирганлигини эшитиб, шу куннинг ўзидаёқ Мирзачўл туманига бориб, Жибек билан кўришиб уни янги туғилган боласи билан биргаликда Гулистон шаҳрига олиб келиб, вилоят перинатал марказига олиб боради. Марказ ходимлари чақалоққа биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига юборишади. Гўзал Рахматова бу пайтда чақалоққа кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари харид  қилади. Орадан икки кун ўтиб Жибек Гўзалга қўнғироқ қилиб, боласини ҳужжатларини тўғирлаши ва  дори –дармонлар учун пул сўраб, чақалоқни унга 2.000.000 (икки миллион) сўмга сотишини маълум қилади. Г. Рахматова Жибекнинг  харакатларидан нафратланиб у билан суҳбати ёзилган аудио ёзувини бир дона дискка кўчириб, 2019 йилнинг 17-май куни Сирдарё вилояти  ИИБ га ариза билан мурожаат қилади. ИИБ ходимлари Г. Рахматова томонидан берилган 200 АҚШ долларига кимёвий ишлов бериб, уни Гўзалга баённома асосида қайтариб берилди. Гўзал тадбир иштирокчилари билан биргаликда автомашинада Сирдарё вилояти кўп тармоқли болалар шифохонасига бориб, у ердан Ж. Кескенбаева ҳамда унинг чақалоғини олиб чиқиб, Гулистон шаҳар Ўзбекистон шоҳкўчасида жойлашган “Бизнес маркази” рўпарасидаги автобекатни олдида машинани тўхтатиб, 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни Ж. Кескенбаевага бериб, “Ушбу пуллар етадими?” – деб сўраган вақтида Ж. Кескенбаева “етади” – деб жавоб беради. Гўзал чақалоқни олиб, уни эрига кўрсатишини айтиб, автомашинадан тушган вақтда ИИБ ходимлари холислар иштирокида Ж. Кескенбаевани қўлга олади.

ЖИБ Гулистон шаҳар Судининг Гулистон шаҳар ҳокимияти биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 135-моддаси 3- қисми “а” банди билан айбланган  Ж. Кескенбаеванинг жиноят иши ҳар томонлама кўриб чиқилди. Суд, судланувчи Ж. Кескенбаевани фарзандини сотиш мақсади бўлмаганлиги, Г. Рахматовадан олган 200 АҚШ долларини Қозоқистон Республикасида бўлган икки нафар вояга етмаган фарзандларини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш ва чақалоғини ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида олганлигини билдирганлиги ҳолатини жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида ўйлаб топган важлари деб баҳолади. Суд Ж. Кескинбаевани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3- қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга ушбу модда билан ЖК нинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчи Ж. Кескенбаевани вояга етмаган фарзанди (Р. Кескенбаев) Гулистон шаҳар болалар уйига жойлаштирилди.

Қодирбек АЛОВОВ,
Гулистон шаҳар Судининг судьяси.
Шуҳрат СУЯРОВ,
“Инсон ва қонун” муҳбири.
Sirdaryo 24

You may also like...

Fikr bildirish