ИЖОДКОР ЎҚИТУВЧИЛАР ФОРУМИ

*Сирдарё намунаси

Ховос шаҳарчасидаги темирйўлчилар маданият саройида вилоят  халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ижодкор ўқитувчилар анжумани бўлиб ўтди. Ўзига хос шеърият байрамида  мамлакатимиз пойтахтидан ташриф буюрган бир гуруҳ таниқли ижодкорлар — Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, “Маънавий ҳаёт” журналининг бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур, ёш истеъдодли шоир Шодмонқул Салом ва хонанда Турсунбой Парпиевлар иштирок этдилар.

Пойтахтлик ижодкорлар Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби билан танишиб, ўқувчиларга маҳорат дарслари ўтиб беришди. Халқ шоири Усмон Азим 7-синф ўқувчилари билан дилдан ижодий гурунг қилди.

Эшқобил Шукур ва Шодмонқул Салом ҳам бошқа синфларда маҳорат дарсларини ўтиб беришди. Сўнгра ижод мактабининг мажлислар залида барча ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида катта шеърхонлик бўлди. Усмон Азим, Эшқобил Шукур, Шодмонқул Салом, Муҳаммад Исмоиллар нажиб ижод намуналаридан ўқиб, даврага руҳ олиб кирдилар.  Эшқобил Шукур ижод мактаби кутубхонасига “Бобо сўз изидан” китобини ҳамда “Маънавий ҳаёт” журналининг бир йиллик тўпламини совға қилди.

Ўзига хос шеърият байрамининг асосий қисми Ховос шаҳарчасидаги темирйўлчилар маданият саройида кечди. Зал тўла шеърият мухлислари. Тантанани Ховос тумани ҳокими Раҳимжон Бобоев кириш сўзи билан очди. Нотиқ туманга пойтахтдан таниқли шоирларнинг ташриф буюриши ҳудуд учун катта маданий ҳодиса эканлигини таъкидлади.

Тадбирнинг асл моҳияти вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов нутқида ойдинлашди.

—Муҳтарам Президентимиз вилоятимизга ташриф буюрган чоғларида бешта муҳим ташаббусни олға сурдилар, —деди нотиқ. —Шулардан бири китобхонликдир. Бошқармамиз томонидан китоб мутолаасига муҳаббат уйғотиш учун  “Китобхон мактаб”, “Китобхон устоз”, “Китобхон директор”, “Китобхон ўқувчи” каби танловларни мунтазам равишда ўтказиб келаяпмиз. Буни қарангки, вилоятимизда 150 нафардан зиёд ижодкор ўқитувчи бор экан. Улар ҳар бирининг икки-учтадан китоблари чоп этилган. Тўрт сатр шеър битиш учун камида тўртта китоб ўқиш кераклигини қўлига қалам тутганлар билади. Ана шундан келиб чиқиб вилоятимизда ижодкор ўқитувчилар анжуманини ўтказишга  азму қарор қилдик.Сўнгра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг масъул котиби Ҳаётхон Ортиқбоева вилоят халқ таълими бошқармаси қошида ижодкор ўқитувчилар кенгашини тузиш таклифини ўртага ташлади. Бу таклиф қизғин қўллаб-қувватланди. 15 кишидан иборат кенгаш тузилди. Унга раҳбар этиб Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, шоир Муҳаммад Исмоил сайланди. Кенгаш ҳар ойда вилоятимиздаги ижодкор ўқитувчиларнинг бошларини қўшиб, мушоиралар ўтказади. Энг яхши ижодкор ўқитувчилар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тавсия этилади.

Сўнгра навбат пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонларга берилди. Минбарга биринчи бўлиб кўтарилган Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳар бир мактабнинг номини унинг ижодкор ўқитувчилари кўтаришини урғулади. Ўзи таҳсил олган Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабидан 4 нафар халқ шоири ва ёзувчиси етишиб чиққанлигини фахр билан очиқлади. Илгари жамиятда энг ҳурматли кишилар ўқитувчилар бўлганлигини, замонанинг зайли билан орада бу касб кишиларининг нуфузи тушиб кетганлигини, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач, ўқитувчилар обрўсини оширишга алоҳида эътибор берилаётганини мамнуният билан изҳор қилди.

Эшқобил Шукур, Шодмонқул Салом ва Муҳаммад Исмоилларнинг чиқишлари ҳам олқишлар билан кутиб олинди. Навбат сирдарёлик ижодкорларга берилди. Алишер Нурнинг халқона оҳангларга йўғрилган шеърлари барчага манзур бўлди. Янгиер шаҳридаги “Жозиба” адабий тўгараги раҳбари, иқтидорли шоира Махсуда Жўрақулова Усмон Азимнинг “Ёмғир ҳақида баллада” шеърини қойилмақом қилиб ёд ўқиб, халқ шоирининг эътирофига сазовор бўлди. Таниқли ижодкор унга янги китобини совға қилди. Ховос туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчиси Ўлмасой Султонова киндик қони тўкилган замин ҳақида ёзилган “Кўҳна Ховосим” шеърини ўқиб берди.

Хонанда Турсунбой Парпиев ва вилоят мақомчилар ансамбли ижросидаги дилбар наволар шеърият байрамига ўзгача шукуҳ бағишлади.

—Биз, ижодкор ўқитувчилар учун бу тадбир муҳим адабий ҳодиса бўлди, — дейди Боёвут тумани “Баркамол авлод” болалар маркази “Ёш ижодкор ва нотиқ” тўгарагининг раҳбари Сайёра Эрназарова. —Кейинги пайтларда мамлакатимизда ижодкор ёшларнинг юзага чиқиши йўлида катта сиёсат олиб борилаяпти. Бу яқин келажакда ўз меваларини беради. Мутахассислар қайси касбда ишлашларидан қатъий назар ижодкор бўлсалар, кўзлаган мақсадларига яхшироқ эришадилар.

Анжуман адоғида ижодкор ўқитувчилар таниқли шоирлар билан самимий гурунглашдилар, эсдаликка суратга тушдилар. Зеро, бу кун улар ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб муҳрланиб қолса не ажаб!

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish