Бажарилиши давлат режасидан ҳам оғирроқ “муаммо” бартараф этилди

2019 йил 31 октябрь куни Сайхунобод туманида яшаётган, ўзгалар кўмагига муҳтож бир инсон дардини оққа тушириб, “Бажарилиши давлат режасидан ҳам оғирроқ муаммо” сарлавҳаси остида танқидий мақола ёритган эдик.

Бугун, 1 ноябрь куни вилоят ҳокимининг топшириғига биноан вилоят прокурори Равшан Машарипов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ фуқаро Раъно Каримова хонадонини ўрганиб, муаммони бартараф этишган. Бу ҳақда Сайхунобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Мазкур ҳолат бўйича Сайхунобод тумани “Қумовул” маҳалласида яшовчи фуқаро Раъно Каримованинг яшаш хонадонини таъмирлаш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берилди. Уйнинг том қисмини янгилаш ва таъмирлаш, уй атрофини ўраш ишлари шу куннинг ўзида бошланди. Мақолада келтириб ўтилган фуқаро Раъно Каримованинг ногирон ўғлини махсус мактаб интернатига жойлаштириш вилоят прокурорининг шахсан назоратига олинди.   

Фуқаро Раъно Каримованинг мақолада эълон қилинган суратдаги эски уйини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш туман ҳокимининг қурилиш ишлари буйича ўринбосари Ш.Худойбергенов зиммасига юклатилди.

Шунингдек, фуқаро Раъно Каримовага кундалик эҳтиёжларида фойдаланиш учун газ плитаси, суюлтирилган газ балони ва бошқа жиҳозлар берилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жойизки мамлакатимизда ҳар бир фуқаро давлатимизнинг эътиборида. Зеро муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”

Сайхунобод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

You may also like...

Fikr bildirish