БАЖАРИЛИШИ ДАВЛАТ РЕЖАСИДАН ҲАМ ОҒИРРОҚ “МУАММО”

“Мен, Сайхунобод тумани Шариф Раҳимов қишлоғининг “Қумовул” маҳалласида яшовчи фуқаро Каримова Раъно 28 йилан бери ногирон ўғлим Хуршидга қарайман. Эрим  болаларимнинг ёшлигида ўлиб кетган. Хуршид ақлан ноқис бўлгани, доимий қаров кераклиги  учун бирон жойда ишлай олмайман ҳам. Камгина нафақа оламиз. 4 кишилик оиламизнинг еб-ичишига аранг етади. Шунга ҳам шукур қилиб, яшаб келаяпмиз. Турар-жойимизнинг хароблиги, яшаётган уйимизнинг эскилигига ҳам “ҳеч бўлмаса бошимизда том бор-ку”, деб шукур қиламиз. Лекин бир неча йилдирки, уйимизнинг томидан чакки ўтиб, қиш-қировли, ёмғирли кунларда соғлиғимизга таъсир кўрсатаяпти. Ёмғир ёғса, қалтираб турамиз, уйнинг тўрт бурчига эски тоғора ёки пақир қўйиб, худодан тезроқ тинишини сўраймиз.

Ёғингарчиликлар натижасида уйимиз авария ҳолатига келиб қолди. Том босиб қолиш хавфи вужудга келди. Мен уйимизни таъмирлашга ёрдам сўраб, мурожаат қилмаган идора қолмади. Туман раҳбарлари, Президент портали ҳам қолмади. Келиб кўриб, ёрдам берамиз, деб кетишади. Ёрдамдан эса ҳалигача дарак йўқ. Бундан 2 йил аввал туман портали раҳбари Ҳусан Муллажонов ва милиция бошлиғи келиб, шароитимни кўрган, “олдин билмаган эканмиз, энди албатта ёрдам берамиз,” деб кетган эди. Унинг хуш муомаласидан хурсанд бўлиб, астойдил дуо қила бошлаган эдим.  Кейин билсам, унинг “ёрдам”и фақат оғизда экан, шунақа “ёрдам”лари учун вилоятга кўтарилиб кетибди.

Бунинг устига турар-жойимни янгитдан кадастр қилиш керак экан, 1 миллион 200 минг сўм пул тўлаш керак экан. Бунақа пул менда нима қилсин. 

Кимдир “телевидениедан одам чақир, яшаш шароитингни кўрсатишса, ёрдам бўлиб қолар”, деб маслаҳат берди. Вилоят телевидениесига дардимни ёзувдим, улар май ойида туман раҳбарлари билан учрашиб, аризам билан 4 сектор раҳбарларини таништирганларини, туман ҳокими бу масалани бир ой ичида ҳал қилиб беришни шахсан бўйнига олганлигини айтиб, агар масала ҳал бўлмаса, албатта бу муаммо бўйича кўрсатув беришларини  айтишди. Хурсанд бўлдим. Бироқ бу хурсандчилик ҳам бекор бўлиб чиқди. Шу пайтгача менга ёрдам бериш учун бирон тирик жон уйимга қадам қўймади…”

Бу хатда ёзилганларга бир ишониб, бир ишонмай Сайхунободга йўл олдик. Раъно Каримованинг акаси Эргашбой Қодировни топиб, синглисиникига бошлаб боришни илтимос қилдик. Бажону дил рози бўлди. Унинг ўзи ҳам 2-гуруҳ ногирони бўлиб, ўзидан ортмаётгани, синглисига ёрдам беролмаётганини афсус билан гапирди. Ҳовлига кираётиб, йўл ёқасида арқони узун қилиб боғланган  ола сигирнинг ўтлаб юрганига кўзимиз тушди.

-Рўзғорига ёрдам бўлсин, деб шу сигирни вақтинча синглимга бериб қўйганмиз. Ҳарқалай, сут-қатиқ бор,-деди ака.

Ҳовлига кириб, муаммо хатда кўрсатилганидан ҳам жиддий эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Раъно опанинг болалари жуда ёш пайтида эри ҳам, қайнотаси ҳам қазо қилган, оилада унга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳеч ким қолмаган экан. Аввал яшаган уйлари тамом  тўкилиб, қандайдир мўъжиза билан том босмай турибди. Ҳозир яшаётган икки хонали кўримсиз уйнинг ҳам аҳволи хароб, шиферларининг ярми синиқ. Дарз кетган жойларидан чакки ўтиши табиий. Томорқада оиланинг таъминотини яхшилаши мумкин бўлган кенггина боғ бор экан. Бироқ у ҳам қаровсиз ҳолда.

Нохуш бир кайфиятда бу ердан чиқиб, туман ҳокимиятига бордик. Ғалла ўрим-йиғими айни қизғин паллага кирган пайт бўлгани учунми, ҳокимиятда бирон тирик жонни учратмадик. Ҳафсаламиз пир бўлиб, энди кетмоқчи бўлиб турганимизда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Зокир Узоқов келиб қолди. У бизни диққат билан тинглаб, шундай деди:

– Тушунарли. Гап бундай. Туман икки кундан сўнг шартномавий режани бажаради. Опанинг уйига кетса, 30-40 та шифер, полига 1-1,5 кубометр тахта кетар экан. Қолгани ҳашар билан битадиган иш. Бу масалани  ҳал қилишни шахсан ўзим зиммамга оламан. Кечи билан ўн беш кун  ичида.     

Бу суҳбатдан сўнг ҳоким ўринбосари билан қуюқ хайрлашдик. Қайтаётиб, Раъно опа яшайдиган маҳалла қўмитаси раиси Охунбой Охунов телефон алоқасига чиқиб қолди. Биз унга йўқлаганимиз сабабини тушунтирдик.

-Бўлди, биз ҳам қараб турмаймиз,-деб ваъда берди у ҳам.- Ҳашарга ўзим  бош бўламан.

Туман ғалла режасини вилоятда биринчилар қатори бажарди. Пахта тайёрлаш режасини бажаришда ҳам биринчилардан бўлди. Куз ёмғирлари ҳам бошланиш арафасида. Биз опахоннинг уй-жой шароити қай даражада ҳал қилинганини билиш учун яна Сайхунободга келдик. Таассуф… Ҳеч нарса ўзгармабди. Ўша-ўша ташландиқ ҳовли, шиферлари дарз кетиб ётган том, кадастр охирига етказмаган ҳужжатлар…

Раъно Каримованинг куйиниб ёзганича бор экан. Бизни эса бир нарса ташвишга солади: олдингизда ваъда бериб, шу заҳоти эсдан чиқарган ваъдабоз раҳбарлар  кўпайиб кетмаяптимикан? Ғаллани бажардинг, пахтани бажардинг, нега бир муштипар аёлга берган ваъдангни бажармайсан? Бунинг ҳам охир-оқибат сўрови бор-ку!

Эҳ-ҳ! Гап кўп. Тилимиз қичияпти-ю, лекин бизнингча, гапни шу ерда мухтасар қилиб, нохуш ҳикоямизга сўнгги нуқта қўйсак бўлади. Қани кўрайлик-чи,  балки туманда (ёки вилоятда) бирон инсофлироқ одам чиқиб, опага ёрдам қўлини чўзар…

Мунаввар ПАРДАЕВ,
“Муштум” журналининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири.
Ҳасан АБДУВОҲИДОВ,
“Сирдарё ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари.
“Sirdaryo 24” учун махсус тайёрланди.

You may also like...

Fikr bildirish