Тўрт туман пахтакорларининг ғалабаси

Сирдарё вилоятида бирин-кетин тўртта туман: Мирзаобод, Сайхунобод, Ховос ва Боёвут туманлари пахтакорлари давлатга пахта сотиш шартнома режаларини ошириб бажариб, эндиликда мажбурият ҳисобига пахта топширмоқдалар. Мирзаобод  тумани пахтакорлари эл  хирмонига 25000 тонна ўрнига 26500 тоннадан ошиқ сара хомашё армуғон этиб, вилоятда биринчи бўлиб зафар маррасини эгалладилар. Туманда “Бек кластер” қўшма корхонаси фаолиятининг кенг йўлга қўйилиб, янги технологияларни  қўллашга алоҳида масъулият  билан  ёндашилганлиги авваллари 14-15 центнердан ҳосил олиб келинган майдонларнинг ҳар гектаридан 26 центнердан ошириб пахта етиштирилишини таъмин этди. Эътиборли жиҳати, кластерда машина теримига алоҳида эътибор қаратилди ва қабул масканига топширилган хомашёнинг 15997 тоннаси машиналар бункерларидан бўшатилди.

Сайхунобод тумани деҳқонлари 25500 тонна, Ховос тумани пахтакорлари 18050 тонна ҳосил топшириб, вилоятди иккинчи ва  учинчи бўлиб  шартнома режаларини ошириб адо этдилар. Ховос туманида жамланган пахтанинг  қарийиб 14 минг тоннаси (85 фоизи) “Бек клсатер” қўшма корхонаси жамоаси ҳиссасига тўғри келади. Туманда хирмонларга уюлган пахтанинг 8 минг тоннаси “Бек кластер” корхонасига хориждан келтирилган замонавий машиналар ёрдамида  териб  олинди.

Боёвут туманида жорий йил бошидан масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Боёвут техно кластер” кластер хўжалигининг етиштирилган ҳосилни топшириш бўйича 264 та фермер хўжалиги билан шартнома тузиб, уруғлик, ўғит, ёнилғи мойлаш материаллари ва биомаҳсулотларни мулкдорларга тизимли равишда етказиб берганлиги, энг асосийси, янги инновацион технологияларни қўллашга катта эътибор қаратилганлиги эришилган муваффақиятларнинг бош омили бўлди. Натижада туман пахтакорлари қабул масканларига шартнома режасидаги 32 минг 300 тонна ўрнига 32 минг 500 тонна сифатли хомашё топшириб, вилоятда тўртинчи бўлиб зафар  маррасига  етиб келдилар. Туман  бўйича ҳар гектар  майдондан ўртача 32 центнердан  пахта йиғиб-териб  олинди. Янги инновацион  технология-томчилатиб  суғориш усулини қўлланган “Маҳкамов Жаҳонгир”, “Абдураҳмон Ғайбуллаев” фермер хўжаликларининг 100 гектар майдонида гектаридан 40 центнердан ошириб юқори сифатли пахта йиғиб-т ериб  олинди.    

Мирзаобод тумани пахтакорлари ялпи ҳосил хирмонини 31 минг тоннага, Боёвут тумани деҳқонлари ялпи хирмонни 34 минг тоннага етказиш учун кураш олиб бораяптилар.

Вилоятда ҳозиргача шартнома режасининг қарийиб 93 фоизи миқдорида хомашё тайёрланди. Ҳадемай юксак  довон  эгалланади. Бу қатор йиллардан бери пахтачиликда режалар бой берилаётганига чек қўйилади, Сирдарё деҳқончиликда ҳам янги ташаббус ва янги тажрибаларнинг ҳақиқий  мактабига айланди, демакдир.

                                                        Бозорбой БЕКМУРОДОВ

You may also like...

Fikr bildirish