Депутатлик сўровига вилоят ҳокимияти ёрдам кўрсатди

Аввал хабар берганимиздек, Сирдарё вилоят болалар шифохонасининг айрим бўлимлари яқин-яқингача таъмирталаб аҳволда эди. 1999 йилда мактабгача таълим муассасаси негизида ташкил топган шифохона ҳозирги вақтга келиб вилоят миқиёсида долзарб аҳамиятга эга хисобланади. Ҳар куни бу ерга қанчадан-қанча болалар шифо умидида ташриф буюрадилар.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арипжон Қудратов вилоят болалар шифохонасидаги  мазкур муаммо юзасидан вилоят хокимлигига депутатлик сўрови киритганида зум ўтмай ҳокимлик мутасаддилари болалар шифохонасини чиройли кўринишга келтириб қўйишди. Бунда албатта, юборилган депутатлик сўровига масъулият билан ёндашган вилоят хокимлигининг алоҳида ўрни бор.

Лойиҳа қиймати 360 000 000 (уч юз олтмиш миллион) сўм бўлган ушбу таъмирлаш ишларига вилоят хокимлиги бош-қош бўлиб, бугунги кунда болалар шифохонасининг кардиология, неврология, пулманология, эрта ёшли патология ва хаста чақалоқлар бўлими таъмирдан чиқарилиб, янги жиҳозлар келтирилди. Хусусан, эски кароват ва шкафлар янгисига алмаштирилди. Мустаҳкам ва чиройли кўринишдаги ер усти қопламалари, яъни линолиумлар ўрнатилди.

Шавкат ИСКАНДАРОВ, вилоят болалар шифохонаси бош шифокори:

  • Шифохонамизда чиндан ҳам таъмирталаб ҳолатлар мавжуд эди. Ўз навбатида тиббий жиҳозларга ҳам эҳтиёж юқори эди. Бу ишларни ҳал этиш режага киритилган эди. Босқичма-босқич амалга оширилиб келинаётганди. Бироқ, депутат ташаббуси билан бу ишларнинг бориши тезлашиб, бугунги кунда шифохонамизнинг асосий бўлимлари таъмирланди, етарли жиҳозлар билан таъминланди. Бундан, албатта, даъволанувчи беморларимиз жуда ҳам хурсанд.

Нигора ТОЖИЕВА, даъволанувчи бемор боланинг онаси

  • Мен қизимни ҳар олти ойда мана шу шифохонада даъволатиб тураман. Олдинлари шифохона бу каби шинам кўринишдаги, шароитлари тўла-тўкис бўлмаган. Бугунга келиб ёш болалар учун ҳам биз ота-оналар учун ҳам ҳар томонлама қулай шароитлар яратилди. Замонавий кўринишдаги шинам хоналарда даъволаниб, яхши хордиқ чиқаряпмиз. Иссиқ-совуқ сув доимий чиқиб туради. Биз бундан жуда мамнунмиз. Халқни ўйлаган “Адолат” партиясига раҳмат. Шунингдек, ҳомийлик кўрсатган вилоят ҳокимиятига ҳам алоҳида ташаккуримизни билдирамиз.

Гувоҳи бўлганингиздек, сиёсий партия ташаббуси, қолеверса, юборилган депутатлик сўровларига бефарқ бўлмаган хокимлик мутасаддиларининг ёрдами туфайли вилоятимиз ахолиси учун муҳим аҳамиятга эга болалар шифохонаси кўзни қувнатадиган даражага етказилди. Партия халқ манафаатлари йўлида бундан сўнг ҳам оғишмай дадил қадам ташлайверади.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

You may also like...

Fikr bildirish