Ёзда чанг, қишда лой кўчалар…

Ўтган галги мақолаларимиздан бирида Бахт шаҳар “Хазина” маҳалласи “Ибрат” кўчасидаги ҳолат бўйича ва ушбу масала юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати С.Элмуродовнинг тегишли жойларга депутатлик сўрови киритганлиги ҳақида маълумот берган эдик.

Мазкур кўчадаги муаммолар аҳоли хонадонларини қийнаб келаётганлиги, йўлларга асфальт ётқизилмаганлиги сабаб ёзда чанг-тупроқ, қишда лой бўлиб кетиши, электр симёғочлари терак шохларидан қилинганилиги боис фуқаролар ҳаёти учун хавфлилиги, газ йўқлиги, ичимлик ва оқар сувларнинг мавжуд эмаслиги истиқомат қилаётган кўча аҳолисининг норозиликларига сабаб бўлаётганлиги тўғрисида қайдлар келтирилган эди.

Депутатлик сўровидан сўнг Бахт шаҳар ҳокимлиги ва “Хазина” маҳалласи фуқаролар йиғини томонидан мазкур масала ўрганилиб, ижобий томонга ҳал бўлаётган эди. Бир ой олдин ушбу кўчада ер текисловчи машина билан асфальтлаш ишлари бошланган эди. Бунинг учун мазкур кўча хонадонларидан умумий ҳисобда 180 минг сўм қўшимча маблағ ҳам йиғиб олинган. Бироқ кўп ўтмай бу иш чалалигича қолиб, тўхтаб қолди. Машина текислаган чанг кўча баттар чангга буркалиб, кишилар ва автоуловларнинг ҳаракатланиши учун ноқулайлик туғдирмоқда. Маълум бўлишича, агар фуқаролардан яна 10 миллион сўм йиғилса, кўчага тош тўкишдан ташқари тўлиқ асфальт қилиниб, икки ёнига бетон ариқ ётқизилиб, электр симларини тўғирлаб беришлари мумкинлигини ҳам айтишган. Иқтисодий имконияти етмаган аҳоли хонадонлари эса бунга рози бўлишмаган. Тош тўкиб беришларига кифоя қилишган. Аммо шу оддий тош тўкиш ишлари ҳам ортга сурилиб келинмоқда. Бу масала ҳали муаммолар ҳал этилишининг бир қисмидаги жараёнлар. Агар юқорида санаб ўтилган муаммолар ҳал этилиши шу тарзда борса, кейинги жараёнлар қандай бўлади? Ўзингиз ҳам англагандирсиз. “Ибрат” деб ном берилган кўчанинг аҳволи шундай бўлса, бошқаларидан нима кутиш мумкин?

Фуқаролар эса ҳамон “Кўчамиз қачон ҳақиқий маънода ибратли бўлар экан”, деб умид билан кўз тутишмоқда.

Улуғбек ШАЙЗАКОВ,

партия фаоли

You may also like...

Fikr bildirish