Фертил ёшдаги аёллар учун юқори технологик имкониятлар яратиляпти

Бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг барчасида “Аёллар маслаҳатхонаси”, кўптармоқли марказий поликлиникаларда “Перинатал скрининг хоналари”, вилоят кўптармоқли болалар марказларида “Қизлар саломатлик маркази” фаолияти йўлга қўйилган.

Энг асосийси эса она ва бола саломатлигини асраш тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлиб, бу борадаги тизимли чора-тадбирлар туфайли фертил ёшдаги аёллар, болалар, ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати кўрсаткичи бир мунча яхшиланди.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев ташаббуси билан маҳаллий бюджет маблағи ҳисобига 7 турдаги энг замонавий, юқори технологик имкониятга эга бўлган “My Lab” русумли кўп функцияли ультратовуш текшируви аппарати, болалар ва катталар учун сунъий нафас бериш аппарати, механик операцион стол, операция хоналари учун галогенли лампа, электро генератор-коагулятор, ЭКГ функцияли дефибриллятор монитори билан, ваакумли сўрғич аппаратлари харид қилиниб, вилоят перинатал марказига келтирилиб ўрнатилди. Натижада ҳомиладор аёлларимиз замонавий техник имкониятлардан фойдаланган ҳолда текширувдан ўтиши учун қулай бўлган шарт-шароит вижудга келди. Қувонарли томони шундаки,   ҳомиладор аёлларимиз ультратовуш текшируви билан авваллари 40-50 фоиз қамраб олинган бўлса, айни вақтда 100 % скрининг текшируви билан қамраб олинмоқда.

Бирламчи тиббиёт тизимида бундай замонавий тиббий хизматни жорий этилиши пренатал текширувни аҳолига яқинлаштиришда муҳим қадам бўлди. Эндиликда ҳомиладор аёлларнинг УТТ текширувига жалб этиш уч босқичда амалга оширилиб, замонавий тиббий текширувлар оналар ва болалар учун бепул ўтказилмоқда.

Тиббий хизмат кўрсатиш тизими ривожланаётгани, скрининг марказларининг моддий-техника базаси йил сайин мустаҳкамланиб бораётганлиги боис туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш имконини бераяпти.

Бир сўз билан айтганда муҳим чора-тадбирлар сабаб оналар ва болалар саломатлик кўрсаткичи вилоятда яхшиланиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлиги ўтган йилларга қараганда бир неча маротабага ошди.

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

You may also like...

Fikr bildirish