Дерматология ва венерология – инсон терисининг ҳимоячиси

Ультрабинафша нурлари қуёш нурларининг энг фаол қисми ҳисобланади. Унинг спектр диапазони қисқа, ўрта, узун тўлқинли бўлади. Ер сатҳига тушаётган ультрабинафша нурларининг 96,5 фоизини А нурлари, В нурлари эса 3,5 фоизни ташкил этади. Айнан ана шу В нур инсон терисига зиён етказади. Қуёшда куйишни, қорайишни келтириб чиқаради. Тери яллиғланишига таъсир қилади. Цитокинлар, пропиомеланокортин нейропептидлар ҳамда меланоцитлар терини рағбатлантирувчи гормонларни фаоллашувига сабаб бўлади.

Бунинг натижасида дерматология амалиётида ультрабнафша нурлар билан инсон терисини ва бошқа аъзоларини даволаш имконияти вижудга келади. Сирдарё вилоят тери таносил касалликлар диспансерида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг РИД ва ВГИАМ илмий-маслаҳат бўлимининг раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Акром Раҳматов бошчилигидаги шифокорлар гуруҳи томонидан ўтказилган ўқув-амалий семинар В нурларининг ножўя таъсири, уни бартараф этиш, инсон танасидаги ўзгаришлар, псориаз каби турли туман касалликларни даволаш усулларига бағишланди.

Катта ёшдаги одам териси тананинг 8 фоизини ташкил этиб 2 кв. метрга тенгдир. Тери одамни ташқи таьсирлардан сақлабгина қолмай саломатлигимиз ойнаси ҳамдир. Тери тузилиши, ёшига қараб ўзгариши, терида учрайдиган ҳар хил касалликларни келиб чиқиш сабаблари, кечиши, ривожланишини олдини олиш, бартараф этиш ва даволаш усуллари ҳақида ўқув-амалий  семинар иштирокчилари фикр алмашишди.

— Очиғи, тери доғлари, тери орқали сезиш, терининг бичими, терининг ишқаланиб шилиниши, тери касалликлари, терининг замбуруғли касалликлари, йирингли, венерик (таносил), заҳм (сифилис), сўзак (гонарея, триппер) каби касалликларни даволаш ва олдини олишда бутун дунё дерматологларининг турли хил қарашлари мавжуд, – деди профессор Акром Раҳматов. – Энг сўнги изланишлар ва ютуқларга таянган ҳолда даволаш ишларини олиб бориш зарур. Масалан, псориаз касаллигига тўхталадиган бўлсак, беморларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил этади. Хозирда бу касалликни наслдан-наслга ўтадиган касалликлар сирасига қўшишади. Унинг ривожланишига бир нечта омиллар сабаб бўлиши бизга аниқ. Иммун тизимида оқсилли моддалар алмашинувининг бузилиши ҳамда эндокрин ва неврологик касалликлар бу касалликни келтириб чиқаради. Псориаз инфекцион касаллик эмас у юқмайди. Уни даволашни бир неча турлари бор. Юқорида айтганимиздек қисқа муддатли қуёш ванналари ва шифокор назорати остида ультрабинафша нурлар воситасида даволашимиз мумкин.

Ўтказилган ўқув-амалий семинар вақтида республикамизнинг кўзга кўринган шифокорлари вилоят тери таносил касалликлар диспансерида даволанаётган беморларни чуқирлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, аниқланган касалликларни тоифаларга бўлган ҳолда даволаш муолажаларини ўтказиш тўғрисида зарур кўрсатмаларни беришди.

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

You may also like...

Fikr bildirish