“Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ депутатлик сўровига эътиборсиз (ми?)

Гулистон тумани “Сойибобод” ҚФЙ фуқаролари томонидан жорий йилнинг 31 июлида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арипжон Қудратов номига оғзаки мурожаат бўлган. Баён этилишича, ушбу қишлоқда 4600 нафардан ортиқ фуқаролар истиқомат қилади. Қишлоқни электр энергияси билан таъминлаб турувчи сим ва симёғочлар 1960 йилдан бери аҳоли хизматида бўлиб, аллақачон умрини ўтаб бўлган. Чириб кетганлигидан қиш фаслида бир неча симёғоч қулаб тушган. Ушбу маҳаллада яшовчиларнинг таъкидлашича, электр токи жуда кучсиз бўлиб, айниқса, совуқ тушиши билан электр лампалари шам сингари ёнади. Яроқсиз холга келган сим ва симёғочларни янгисига алмаштирш зарур эканлиги депутатлик сўрови орқали юборилган бўлса-да, икки ярим ойдан буён “Сирдарё вилоят электр тармоқлари” АЖ вакилларининг хаёлига келмаяпти. Холбуки, Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ депутат сўровига ўн кун муддат ичида жавоб тақдим этилиши шарт.

Сойибобод қишлоғидаги кўп сонли фуқаролар электр мосламалари носозлиги бўйича танг аҳволда яшаётган кунда ўзлари-ку ҳал этишни билмаган, тағин ечим сўраб мурожаат этилган депутатлик сўровларига жавоб бермасдан қонун бузилишига йўл қўяётган мутасаддилар нега жим? Биз ушбу ҳолат бўйича масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят

Кенгаши матбуот котиби

You may also like...

Fikr bildirish