“БИЗ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ”

Гулистон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий Кенгаши ҳамда партиянинг вилоят Кенгаши томонидан “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида тарғибот митинги ташкил этилди. Акция тарзида ўтган ушбу митингда партия фаоллари, ходимлар, депутатлар, партия электорати бўлган соҳа вакиллари, ёшлар, кўплаб партия ихлосмандлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари  иштирок этишди.

Митингда сўзга чиққан партиянинг вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева коррупцияга қарши курашиш йўлида барчамиз бир куч бўлиб бирлашишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади.

—Бу йўлда бизга ҳеч қандай куч қарши келолмайди, — деди вилоят Кенгаши раиси  ўз нутқи давомида. — Чунки бу иллатни батамом йўқ қилиш пойдеворини биз адолат устига қурамиз. Биласизки, адолат ҳеч қачон енгилган эмас!

Ушбу айтилган хитоблар, баралла янграган шиорлар йиғилганлар қалбини тўлқинлантириб юборди ва бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, митинг чоғида кўплаб сайловчилар фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдиришди. Айни пайтда иштирокчилар томонидан яратилаётган қонунларнинг моҳиятан кучсиз эканлиги, уларда фуқаролар манфаатлари акс эттирилган бўлса-да, амалий ечими кўзга ташланмаётганлиги ёки айрим қонун ҳужжатларида коррупцияга шароит яратиб берадиган банд-лар мавжудлиги санаб ўтилди. Асосли келтирилган далиллар, фикр ва таклифлар инобатга олиниши, бўлғуси сайловолди дастурида қонунчиликда йўл қўйиладиган бу каби хатоларни тузатиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилаётгани эътироф этилди. Шундан сўнг барча йиғилганлар коррупцияга қарши биргаликда курашишда партия қаноти остида ҳаракатланишга овоз бердилар.

Митинг давомида шоу концерт ҳам уюштирилиб, таниқли санъаткорлар иштирокидаги қизғин тадбирларга айланиб кетди. Шу куни партия рамзи туширилган логотип, байроқлар митинг иштирокчилари қўлида баланд ҳилпиради. Мазкур митинг ва унда кечган жараёнлар барча йиғилганлар қалбидан чуқур жой эгаллади.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши матбуот котиби.

You may also like...

Fikr bildirish