Муҳаммадали Юнусов: “Биз қурган айвонлар сирдарёликларга манзур бўлдими?”

Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номли “Билимдонлар маскани” ва театр майдонидан олинган тасвирлар (2018) 

Ўтган йили Гулистон шаҳридаги Навоий шоҳкўчасининг икки томонидаги қадимий миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган нақшинкор икки жуфт (иккита катта ва иккита кичик) айвонлар Алишер Навоий номли “Билимдонлар маскани” ва театр майдонига ўзгача кўрк, файз ва салобат бағишлаб турган  айвонларни бунёд этган фарғоналик уста Муҳаммадали ака ва унинг шогирдлари билан суҳбатлашиб, улар ҳақида бир лавҳа тайёрлаган эдик. Ўшандан бери ҳамюртларимиз, шаҳримизга келган меҳмонлар, сайёҳлар бу нақшинкор айвонларни ҳайрат билан томоша қилиб, уларни қурган қўли гул усталарга ҳамду санолар айтишади. Бундан ташқари, ушбу қадамжода вилоят ва шаҳар миқёсида кўплаб тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, бу маскан ҳамшаҳарларимиз, айниқса, кексаларимиз ҳордиқ чиқарадиган, ёшлар китоб мутолаа қиладиган, турли кўргазмалар, концерт дастурлари ташкил этиладиган қутлуғ масканга айланиб қолган. Айвонларда ўтириб дам олганимизда, албатта, шу жимжимадор устунлар, нақшлар, панжараларда қўли гул усталарнинг хизматлари борлигини ҳис этамиз.

Ўзбекистон Республикаси Халқ устаси Муҳаммадали Юнусов

Ўшанда уста билан суҳбатлашганимизда шогирдлари билан 1998 йили  Бухородаги имом Бухорий мажмуасини, 2006 йили Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номли Миллий боғ, 2007 йили Ҳазрати Имом масжиди, 2012 йил декабридан 2013 йил мартигача Украина Республикасидаги Ўзбекистон элчихонаси қурилишида, шунингдек, “Қатағон қурбонлари” мажмуаси 2-қисмининг нақшинкор айвонини, 2015 йили Самарқанддаги ҳазрати Дониёр мақбараси атрофидаги 8 қиррали 4 та  айвонни бунёд этишда ва бошқаларда қатнашганлигини, энг муҳим ишларидан бири — ўтган йили Самарқанддаги Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов шарафига бунёд этилган мақбара атрофидаги миллий услубдаги айвонларни қурганлигини айтган эди.

Фарғоналик усталар ўтган бир ярим йил ичида мамлакатимиз ҳудудида ва хорижда яна қанча шу каби айвонлар, иморатлар қурганлигидан хабардормиз.

Яқинда Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, гўзал Фарғона водийсининг гавҳари бўлган Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ҳунармандчилик фестивалини барчамиз телевизион кўрсатувлар ва интернет тармоқлари орқали ҳаяжон билан кузатар эканмиз, дунёнинг турли бурчакларидан келган юзлаб ҳунармандлар ясаган буюмлар бизда ҳайрат уйғотди. Улар орасида юртимиз ҳунармандларининг ишлари, кўргазмалари ўзининг бетакрор ва серқирралиги билан ажралиб турди. Айнан шу кунлари жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган юксак унвон берилганидан қанчалик қувондик. Яъни, Қўқон шаҳри дунё ҳунармандчилик харитасида ҳам муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади. Айниқса, фестивалнинг очилиш тантанаси чоғида саҳнанинг икки тарафида атиги 45 дақиқа ичида анжуман қатнашчиларининг кўз ўнгида қад ростлаган 2 та ҳашаматли айвон кимни ҳам лол қолдирмади дейсиз! Дунё ҳунармандларини ҳайратга солган ушбу миллий кошоналарни Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусов раҳбарлигидаги усталар гуруҳи бунёд этишди. Бу иморатлар чинакамига ўзбек ҳунармандчилиги — Қўқон ёғоч ўймакорлиги ва наққошлигининг бир кўзгуси сифатида намоён бўлди.

Фестивалнинг якуни ва ғолиблар номлари эълон қилинишини барчамиз сабрсизлик билан кутардик. Буни қарангки, айнан қўқонлик уста Муҳаммадали Юнусов фестивалнинг мутлақ ғолиби сифатида гран-прини (7 минг АҚШ долларилик мукофотни) қўлга киритди. Халқ устаси бу номга, эътирофга ҳамманинг кўз ўнгида қурган миллий қадриятларимизнинг бир қирраси бўлган ёғоч ўймакорлик ҳунари намунаси — айвонлари билан эришди. Бу бутун дунё ўзбек ҳунармандларига тан берди, дегани эмасми?

Яқинда биз фарғонага — Халқ устаси Муҳаммадали Юнусовга қўнғироқ қилиб, юксак мукофот билан қутладик. Уста “Биз қурган айвонлар сирдарёликларга манзур бўлдими?” деб сўради. Биз “Ҳа, айвонлар шаҳримиз ҳуснига ҳусн қўшиб турибди, уларнинг бағрида мириқиб дам олаяпмиз, бизни ёзда иссиқдан, қишда ёмғиру қордан пана қилаяпти. Бу ерда ўтирганимизда худди Фарғонанинг нафасини, Қўқоннинг ёқимли шамолини ҳис этаяпмиз”, дедик.

Уста қисқа мулоқот чоғида ўзи яратган устоз-шогирд мактабида ўтган давр мобайнида юзлаб, минглаб шогирд-лар етиштиргани, улар устоз ишончини оқлашаётгани, шунингдек, агар уста ўз ҳунарига меҳр қўймаса, ёғочга ишлов беришда, нақшларга қалб қўрини қўшмаса, натижа кўнгилдагидай бўлмаслиги, санъат асарига қиёслагудек буюм яратилмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга уста ўзбек ҳунармандларининг ишлари бугун бутун дунёга машҳур бўлаётгани, ҳунар-мандларга Юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан катта имтиёзлар, имкониятлар берилаётгани, меҳнати беҳад қадрланаётгани хусусида тўхталди. Биз Халқ устасини яна бир карра табриклаб, ишларида омад тиладик ва кундан кунга гуллаб-яшнаб, чирой очаётган, кўркам бинолар, боғу хиёбонлар барпо этилаётган Гулистон шаҳрига таклиф этдик.

    Холида ПАРДАБОЕВА.

You may also like...

Fikr bildirish