ЧЕМПИОН ПИЛЛАПОЯЛАРДАН ЮКСАЛАДИ

Дилдора Юсупова

Дилдора Юсупова Гулистон шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабининг 9-“Д” синфда таҳсил олади. У ўзининг қизиқиши туфайли 2014 йилдан бери спортнинг каратэ тури бўйича шуғулланиб келади. Талабчан устози Одил Тожибоевдан сабоқ олаётган қиз машқлар пайтида қийналганида бардошлилигини, иродаси мустаҳкамлигини кўрсата олди. Машғулотлар уни спорт майдонидан асло четлаштира олмади. Натижа шуни кўрсатдики, бугунги кунда 15 ёшли қиз — 5 карра вилоят чемпиони, 2 карра Ўзбекистон чемпиони.

У ортда қолган йиллар давомида кўплаб ютуқларга эришди. Жумладан, каратэ бўйича бўлиб ўтган вилоят XVI чемпионатида иштирок этиб, 2-даражали диплом билан тақдирланди. Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси томонидан ташкил этилиб, Фарғона вилоятининг Риштон тумани ҳокимининг кубоги учун ўтказилган очиқ биринчиликда ғолибликни қўлга киритиб, 1-даражали диплом билан тақдирланди. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва каратэ федерацияси томонидан болалар, қизлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган 14-17 ёшлилардан иборат иштирокчиларнинг жамоа кумите баҳсларида, шунингдек, жорий йил сентябрь ойида Бекобод шаҳрида бўлиб ўтган очиқ чепионатда фахрли биринчи ўринни забт этиб, совриндор бўлди.

Дилдора бўш вақтларида мактабда ташкил этилган “Ёш қаламкашлар” тўгараги машғулотларида ҳам фаол иштирок этади. Устози — она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилдора Саидалиевадан ижоднинг сирларини ўрганиб, ҳикоялар, шеърлар ёзишни машқ қилиб келмоқда. Интилувчан, изланувчан чемпион қиз келгусида спортчи сифатида дунёнинг бошқа мамлакатларида ўтадиган катта мусобақаларга бориб туришини англагани боис рус ва инг-лиз тилларини ҳам катта қизиқиш билан пухта ўрганмоқда.

Диддора келгусида яна ғолибликни қўлга киритиш учун янги-янги марралар сари интилмоқда. Унинг вужудида шижоат, ғайрат сўнмаслигини кўзларида чақнаган учқун айтиб турибди. Аввало мактабдаги ўқишини сусайтирмаган ҳолда спортни ҳозирданоқ ўз ҳаётининг мазмуни деб билган Дилдоранинг чемпионлик пиллапоялардан юксалиб боришини чуқур англаганини қатъият ва ишонч билан режалари ҳақида сўзлашидан яққол сезиш мумкин. Хориж ареналарида унга жаҳон чемпионлиги насиб этишини, унинг шарафига байроғимиз юқори кўтарилиб, мадҳиямиз жарангдор янграшини орзу қилиб қоламиз. 

Ҳасан АБДУВОҲИДОВ.

You may also like...

Fikr bildirish