ХОВОСДАН БАЛҚИГАН ОФТОБ

Дилдора Алибоевани газетхонларимиз яхши танишади. Унинг бир туркум шеърлари газетамиз саҳифаларида дунё юзини кўрган.

 Ажойиб кунларнинг бирида фидойи инсон, Гулистон шаҳар ногирон болалар ва уларнинг ота-оналари уюшмаси раиси Муҳаммаджон Жумабоев таҳририятимизга бир даста шеър кўтариб келди. Унинг муаллифи Ховос туманидаги “Алишер Навоий” маҳалласида умргузаронлик қилувчи I гуруҳ ногирони Дилдора Алибоева эди. У тумандаги Бобур номли 6-умумий ўрта таълим мактабини тугатгач, оғир дардга чалинди. Икки оёғи ишламай қолди. Дардига даво излаб бормаган жойи қолмади. Яратганнинг иродаси шу экан: даво топилмади. Бироқ Дилдора тушкунликка тушмади. Ҳаётсеварлиги унга ёрдам берди. Кўп китоб мутолаа қилди. Офтоб тахаллуси билан шеърлар ёзди. 2018 йил Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган танловда иштирок этиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Машқлари “Ховос овози” ва “Сирдарё ҳақиқати” газеталарида дунё юзини кўрди.

Дунёда яхши инсонлар кўп экан. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, оташнафас шоир Амир Худойберди Дилдора Алибоевани шогирдликка олди. Бир неча ҳотамтой кишиларни ёнига йиғиб, ёш шоиранинг “Дилдор офтоби” деб номланган илк китобини нашрга тайёрлади. Қизиқ  жойи саховатли кишиларнинг бири Тошкентдан, бошқаси эса Намангандан, учинчиси Қашқадарёдан. Пойтахтдаги “Musiqa” нашриёти Дилдора Алибоеванинг биринчи китобини кўркам бир кўринишда шеърият муҳиблари ҳукмига ҳавола этди.

 Яна бир эътиборли жиҳати савоб қилсанг, бутун қил қабилида ҳотамтой кишилар Дилдора таҳсил олган 6-умумий ўрта таълим мактабида шоира илк китобининг тақдимотини шеърият байрамига айлантириб юборишди. Анжуманда сўз олган республикамизнинг Тошкент шаҳри, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташриф буюрган  ижодкорлар Гулширин Таганова, Салоҳиддин Турдиқулов, Анвар Ҳамроз, Акмал Аждар, Акмал Акрамлар Дилдоранинг иродасига таҳсинлар айтишди, келгуси ижодига муваффақиятлар тилашди. “Навбаҳор” ансамбли хонандаси Олияхон Аҳмаджонова дилбар қўшиқлари билан шеърият байрамига ўзгача шукуҳ бағишлашди. Муҳаммаджон Жумабоев Дилдоранинг иродаси, ҳаётсеварлигига таҳсинлар ўқиди. 6-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари Дилдора Алибоеванинг шеърларидан намунларни ёд ўқишди.

—Бугунги хурсандчилигимнинг чеки-чегараси йўқ, —дея сўз бошлади  Дилдора Алибоева. —Менга етти ёт бегоналар ёрдам қўлини чўзишди. Камтарона ижодимни ҳурмат қилиб, илк китобимни чоп этишди. Бунинг учун устозим Амир Худойберди ва унинг ёнида турган барча саховатли кишиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Сўнгра ёш ижодкор “Мен шоир эмасман” шеърини ўқиб берди. Унда шундай ўтлиқ сатрлар бор.

Мен шоир эмасман, шеърга йўқ даъво,

Умрим туҳфасидан ҳикоя битдим.

Оҳ, нетай, кўксимда санчиқли ханжар,

Оёғим кишанда ўн беш йил ўтди.                           

Мен шоир бўлмайин ким шоир бўлсин…

—Дилдоранинг синф раҳбари бўлганман,—дейди ҳозирда 6-умумий ўрта таълим мактабининг директори лавозимида ишлаётган Ҳабибулло Субҳонов. —Мактабни битиргач, оғир дард уни тўшакка михлаб қўйди. Бироқ Дилдора тушкунликка тушмади. Ўз орзу-умидлари, дардларини оқ қоғоз юзига тўкди. Бинойидек шоира бўлиб етишди. Биз, устозлар иқтидорли, иродали шогирдимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ўша куни Дилдорани ҳамқишлоқлари, устозлари, қавму қариндошлари биринчи китоби билан самимий қутлашди. Мактаб ўқувчилари эса махсус тайёрланган концерт дастури билан хурсанд қилишди. Шоиранинг қучоғи анвойи гулларга тўлиб кетди. Биз ҳам Ховосдан балқиган офтобнинг (тахаллусига ишора) нури узоқ-узоқларга таралишини ният қилиб қоламиз.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish