ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ

Хўш, экстремизм ва уни келтириб чиқарадиган омиллар нималардан иборат?

Экстремизм – (лотинча extremus – ўта, кескин) жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ҳарактердаги муаммоларни ҳал этишда ўта кескин чора-тадбирлар, фикр ва қарашларни ёқловчи назария ва амалиётдир.

Экстремизм мазмунига кўра диний ва дунёвий, намоён бўлишига кўра ҳудудий, минтақавий, халқаро шаклларга бўлинади. Экстремистик қарашлар жуда чуқур илдизларга эга бўлиб, улар ҳеч қачон чегара билмаган ёки дин, миллат, бирон бир мамлакат ҳудудини тан олмаган. Дунёвий экстремизмнинг сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий кўринишлари мавжуд бўлса, диний экстремизм барча динлар доирасида ривожланган. Шунингдек, диний экстремизм ислом оламида ҳам кенг тарқалган бўлиб, улар қаерда фаолият кўрсатмасин, асосий мақсади ислом диний «халифалик» давлатини барпо қилишдир. Бу мақсадга ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб қуролли тўқнашувлар орқали яъни қон тўкиш, зўрлик билан эришишни кўзлайдилар. Бу эса ҳар бир миллатнинг мустақиллигига, жамият тараққиётига катта ғов ҳисобланади.

Экстремизм турли кўринишларда бўлиши мумкин. Улар ўзларини ғоялари, ҳаракатлари, ташкилотлари, моддий таъминлаш ва ташкилий тузилмалари фаолиятлари йигиндисидан иборат бўлади. Ислом диний экстремизми ўзининг икки хусусияти билан бошқа экстремистик гуруҳлардан ажралиб туради. Биринчиси, уларнинг ақидаларига кўра, гўё барча ҳозирги замон исломга эътиқод қиладиган давлатлардаги мусулмонлар жамоалари исломий тусларини йўқотган бўлиб, жоҳилия (ислом келиб чиқишидан аввалги араблардаги маънавий бузилиш даври) жамиятларига айланиб қолган деб ҳисоблайди. Бундай ёндошув фаолиятдаги ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилишга асос қилиб олинади. Иккинчидан, улар гўё, «ҳақиқий» мусулмонлар бўлиб, ўзларини ҳокимиятга келишлари учун барпо қиладиган «исломий тартиб»ни қарор топтиришнинг ягона йўли кескин ва жангарилик йўли билан агрессив қилиш лозим деб ҳисоблайдилар. Аслида эса ислом экстремизми ғояларининг асосий мақсади диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, иқтисодиётни турли йўллар билан издан чиқариш, иқтисодий инқирозни юзага келтиришдир. Ислом динининг маърифий-маънавий моҳияти ва мазмунини халқимиз яхши билади.

Терроризм тушунчаси (лотинча – «terror» – қурқув, даҳшат маъноларини англатади) маълум ёвуз мақсадлар йўлида сиёсий курашнинг жамиятда беқарорлик ўрнатишга ҳамда аҳолида ваҳима ва даҳшат уйғотишга қаратилган жиноий усулдир. Бу консператив руҳдаги ташкилотлар давлатни беқарорлик ҳолатига келтиришда шу усулдан фойдаланадилар. Терроризмнинг асосий хусусиятларидан бири шуки, у бузғунчилик, қўпорувчилик, қўрқитиш йўли билан ўз ҳукмини ўтказиб, ҳокимиятга эришишда парокандаликка олиб келувчи ғоясидан фойдаланиш билан характерланади. Ҳозирги даврдаги шаклланган халқаро терроризм тушунчасида эса давлатлар, ҳалқаро ташкилотлар, сиёсий партияларни беқарорлаштириш ва ҳалқаро ижтимоий – сиёсий нуфузга эга бўлган алоҳида сиёсий арбобларни қотил қилишга йўналтирилган бузғунчи сиёсий хусусияти билан характерланади. Терроризм иқтисодий, сиёсий, диний, ғоявий, миллий, гуруҳий ва индивидуал шаклларда намоён бўлиши мумкин. Таъқиб қилиш, зўравонлик, қўпорувчилик ва қотиллик терроризмнинг ҳар қандай кўриниши учун умумий хусусият бўлиб, у гуманизм, демократия, адолат тамойилилларига зиддир. Шунинг учун терроризм қандай «байроқ» остида амалга оширилмасин, моҳияти инсониятга, жамият тараққиётига, эзгуликка қарши жиноятдир.

Сиёсий мақсадларни кўзлаган терроризм қадимдан мавжуддир. Масалан, Ўрта асрлар даврида сиёсий террорчилик диний мазмундаги террорчилик билан қўшилиб кетган эди. Исломда Муҳаммад (с.а.в) вафотидан кейинга тўртта ҳалифадан фақатгина Абу Бакр Сиддиқ ўз ажали билан вафот этган. Қолган ҳалифалар Умар Ибн Хаттоб, Усмон Ибн Аффон ва Али Ибн Абу Толиблар сиёсий муҳолифлар томонидан террористик йўл билан ўлдирилган. Ўрта асрларда ғарбий Европада ҳам муқаддас «Инжил» ғояларига шак келтирганлар «Рим Папаси» томонидан террор қилинган. Ёки XVIII асрларга келиб диний маърифат ўрнига дунёвий билимларнинг жамиятдаги ўрни кучайиши, дунёвийликка асосланган сиёсат қарор топиши билан сиёсий террор кучайди. Масалан, Галилео Галилей жазоланиши, Жардано Брунонинг ўтда куйдирилиши каби воқеалар жуда кўп марта амалга оширилган. ХХ асрга келиб эса сиёсий террорчилик кўринишларидан бўлган большевизм (СССР), фашизм (Германия ва Италия) давлат сиёсатида намоён бўлди ва бу сиёсат туфайли миллионлаб инсонлар қурбон бўлган ёки ХХ асрдаги Жанубий Африка Республикасида олиб борилган апартеид (камситиш) сиёсати ва АҚШ даги қоратанли фуқароларга нисбатан олиб борилган, камситилган муносабат давлат сиёсатидаги миллий тазйиқ кўринишидаги террорлар эди. Агар жамиятда ҳукмрон миллатнинг манфаатларигина ҳисобга олиниб, қолган барча кичик миллат ва этник гуруҳларни миллий эҳтиёжларини инобатга олинмасдан ўтказиладиган тазйиқ сиёсати миллий терроризмни келтириб чиқаради. Бунга 1930 йиллардаги советлар қатагони мисол бўла олади.

ХХ аср охири ХXI аср бошларига келиб террорчилик алоҳида олинган давлат ёки минтақа доирасидан четга чиқиб, ҳалқаро миқёсда уюшган ташкилот даражасигача кўтарилди. Улар эзгулик ғояларига қарши, мухолиф ғоя сифатида уюшиб инсоният тараққиётига хавф солаётган халқаро ташкилотга айланиб улгурди.

Ҳозирги кунда жаҳонда 500дан ортиқ халқаро ташкилотлар ва марказлар мавжуд. Энг даҳшатлиларидан бўлган «Ал-қоида» ҳалқаро террористик ташкилоти томонидан АҚШ, Европа, Яқин Шарқ, Ироқ, Россия, Испания, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатларда содир этилган даҳшатли террористик ҳуружлар шуни кўрсатадики, терроризм қандай байроқ кўтариб чиқмасин (диний, сиёсий, иқтисодий, миллий), қандай ниқоблар билан бўялмасин, унинг реакцион жангари жинояткорона моҳиятини тушуниб олиб, уларнинг ёвуз ниятини очиб ташлаш ҳар бир онгли, ватанпарвар инсоннинг бурчидир.

Ҳозирги даврда исломда нафақат диний – илоҳий ёки ишонч ва эътиқод мавжуд Исломдаги иккинчи анъанавий оқим тарафдорлари ҳар қандай янгиликларга қарши бўлиб, ўрта асрларда қарор топган диний тартиб- қоидаларни сақлаган ҳолда сабр-тоқат қилишга чорлайдилар. Исломни ислоҳ қилишни мақсад қилиб қўйган учинчи оқим эса «ислом фундаментализми» ҳисобланади. Улар жамиятдаги мавжуд шарт-шароитларга норози бўлиб, ушбу тизимни ўзгартиришни мақсад қилиб, бутун мусулмон жамиятини илк ислом даври ва Қуръон ва шариат «аҳком»ларига амал қилишга қайтишни мақсад қилиб қўяди. Бунинг учун жамиятда фақатгина Оллоҳ томонидан ўрнатилган шариат қонунларигина амал қилиши лозим деб ҳисоблайдилар. Жамиятдаги фаолият кўрсатаётган реал қонунлар инкор қилинади.

Ислом фундаментализмининг сиёсийлашган кўриниши бўлган «Ваҳҳобийлик» ислом диний аҳлоқ-одоб қоидаларидан сиёсий ғояларга ўтишни тарғиб қилувчи хусусиятга эга бўлганлиги билан ҳарактерланади. Уларнинг қарашича, дин ҳар бир инсоннинг шахсий ишигина эмас, балки жамият қурилишининг ҳам асоси бўлиши лозим. Айнан шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳокимиятга «ҳақиқий» мусулмонларни кўтариш учун зўравонлик ҳатти-ҳаракатларини олиб бориш курашига даъват этадилар. Ўзбекистонга нисбатан ислом фундаментализми ва экстремизмининг таҳдиди ақидапарастликни ёйиш, шу йўл билан ислоҳотчи дунёвий давлатга ишончини йўқотиш, вужудга келган умумхалқ бидамлиги ва ҳамжиҳатлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликка раҳна солишга ҳаракат қилмоқда. Улар ва бошқа диний ақидапарастлик гуруҳларига оид баъзи ғаразли шахслар чет элдан бизга ёт-бегона бўлган ғоялар ва экстремистик оқимларнинг адабиётлари, маблағларини олиб келиб, ислом дини ниқобида тарғибот ишларини амалга оширмоқдалар.

Кимлигимиз ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъий назар ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг кабиҳ ва ғаразли жинояткорона мақсад ва моҳиятини халқимизга тушунтириш ва уларни огоҳликка чақиришимиз зарур.

ХОЛИС

You may also like...

Fikr bildirish