ҚАДИМИЙ ХОВОС ТЕПАЛИГИ ТУҲФАЛАРИ

Эски Ховос харобаси Сирдарё вилоятининг, қолаверса, бутун Мирзачўл воҳасининг энг кўҳна ёдгорлигидир. Бундан 30 йиллар олдин ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ФА Археология институтининг ходими, тажрибали олим А.Грицина Ховос харобаларига илк бор мутахассис сифатида эътибор берган эди. Ховос тепалигида археологик қазилмалар ўтказиб, унда қадимий қатламлар мавжудлигини аниқлади.

Ўша пайтда экспедиция олдида ёдгорликларнинг қадимий жойини аниқлаш, унинг карвон йўллари, мозор ва қўрғонларни тадқиқ этиши каби ўта муҳим вазифалар турарди. Аммо мустабид тузум даврида унга етарлича аҳамият берилмади. Фақат кейинги йиллардагина Ховоснинг маҳобатли харобаларига навбат келди.

1988-1989 йилларда Ўзбекистон Республикаси ФА Археология институтининг Сирдарё археологик отряди илк бор эски Ховос харобаларида қазилма ишларини олиб борганлиги натижасида ёдгорликнинг энг пастки қатламларидан олинган археологик манбалар манзилгоҳининг камида милодгача ва милодий 1-асрларда пайдо бўлганлигини кўрсатади. Бошқача айтганда, эски Ховос камида икки минг йиллик тарихига эга эканлиги ва бутун Сирдарё вилояти ҳудудидаги шаҳар харобаси қолдиғи эканлиги исботланди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида таниқли археолог олим А.Грицина раҳбарлигидаги экспедиция у ерда бешинчи марта қазилма ишларини давом эттирди. Бир неча кун ичида тепаликдан анчагина ноёб топилмалар: турли сопол идишлар, рўзғор буюмлари ва бошқа нарсаларнинг бўлаклари топилди. Булар тепалик ўрнидаги қадим шаҳарда эрамиздан олдинги тахминан 4-5-асрларда яшаган одамларга тегишли буюмлар эканлигини аниқлади.

Қазилма ишлари пайтида икки қатор ҳимоя деворларининг бўлаклари ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Мана, мус-тақиллик шарофати билан кўҳна Ховос харобаларида ўтказилаётган археологик тадқиқотлар унинг қанчалик қадимий тарихига эга эканлигини исботламоқда. Ўтган йилларда археологик тадқиқотлар олтинчи марта ўтказилган бўлиб, изланишлар жараёнида экспедиция аъзолари гарчи энг қуйи ва қадимий қатламга етиб бормаган бўлсалар-да, эришилган натижалар муҳим аҳамият касб этди.

Кенг кўламли археологик тадқиқотлар пайтида қурилиш қолдиқлари ва кўплаб археологик топилмалар очиб, ўрганилган эди. Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти ходимлари бу жараёнда мингдан ортиқ турли қадимий ашёлар топишга эришдилар. Эрамиздан аввалги III-II асрга оид маъбуда – Анахита ҳайкалчаси, Х-ХI асрларга оид тангалар, XII асрга оид ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ дастаси, Х-ХХI асрларга тааллуқли махсус симоб идишчаси, VII-VIII асрларга оид идишларда қўлланилган муҳрлар, хурмача-кўзалар, нақшли идиш-товоқ бўлаклари, қопқоқлар ҳамда баландлиги камида буғдой солишга мўл-жалланган 1 метрли хумлар ана шулар жумласидандир.

Илмий ходим, тарих фанлари номзоди Алексей Грицина раҳбарлигида Ховос археологик экспедицияси аъзолари айни жазирамада бир ярим ой давомида кўҳна Ховос ёдгорлигида қазиш ишларини олиб бордилар. Хонадонлардан биридаги кетма-кет терилган йирик ва баланд 4 та хум алоҳида эътиборга молик. Улар деярли бутун асралган. Барчаси аниқ даврга оид. Бир хўжаликка тегишли. Уларда 100 килограммгача буғдой, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сақланган.

Хўжаликдаги яна бир муҳим топилма милоддан аввалги III-II асрларга оид сандал ўрни, ўртаси чуқур, лой билан пишиқ сувалган. Яъни, темирчи ё кулол уста оиласи бу ерда ишлаш билан бирга истиқомат ҳам қилган бўлиши мумкин. Ўтган йил ҳисобидан бир ярим ой давом этган экспедициянинг ўзида топилган буюмларни кузата туриб аждодларимиз закоси, юксак маданияти ва маънавияти билан чиндан ҳам умум-инсоний тамаддунга катта ҳисса қўшганига амин бўлиш мумкин.

IV-V асрларга оид гиёҳларни янчадиган тош кели ва илк ўрта асрларга тааллуқли исириқдон бу ҳудудда халқ табобати анча ривож топганидан дарак берса, Х-ХI асрларга тегишли араб ёзуви туширилган сопол идиш парчаси – ўчмас иймон, мустаҳкам эътиқод нишонаси. Археологларнинг айтишларича, бу ёзувларда тинчлик-омонлик шукронаси ифодаланган. Қорахонийлар даврига оид жездан ясалган узук, V-VIII асрларга оид урчуқбоиш, буғдой ёрғучоқ, ХI асрларга тааллуқли зодагонлар оиласига мансуб кўза, Шош кулолчилиги услубидаги товоқ оила тутумлари ва рўзғор тутиш маданиятини англатса, ХI-ХII асрларга тааллуқли тош ядролар сангтарошлик ва мудофаа салоҳиятидан далолат.

Боғбон пичоғи VII-VIII асрларга оид. Темирдан ясалган ва сизот сувлари боис анча занглаб, чириган. Аммо бу топилма Ватанимиздан боғдорчилик маданияти нечоғлик юксак тараққий этганини англаш-англатиш учун етарлидир.

Эътибор беринг: атиги бир ярим ойлик экспедиция давомида икки қазув жойидан қарийб 500 тага яқин археологик топилма қўлга киритилди.

 Боймурод АЗИМОВ,

Ховос тумани.

You may also like...

Fikr bildirish