«АММИАК ВА КАРБАМИД ЗАВОДИНИ ҚУРИШ ДИРЕКЦИЯСИ» МЧЖ 2 МИЛЛИАРД СЎМДАН ОРТИҚ СОЛИҚЛАРНИ ЯШИРГАН(МИ?)

Солиқ органлари “Инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” тамойилига асосан иш олиб борилмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ортиқча аралашмаслик, улар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатларини масофадан туриб барвақт аниқлаш ва олдини олиш, шу тариқа тадбиркорларнинг келгусидаги фаолиятида мушкул вазиятга тушиб қолмасликлари учун автоматлаштирилган тарзда огоҳлантириш бугунги кунда олиб борилаётган замонавий солиқ маъмуриятчилигининг бош мезони ҳисобланади.

Албатта, иш бор жойда камчилик бўлади, айниқса тажрибасиз ҳисобчи томонидан ҳозирги вақтдаги солиқ солиш ҳамда солиқ тўлашнинг янгича тартибларига ўтиш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйиш мумкин. Ана шундай жараёнда солиқ органлари ходимлари солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан электрон маълумотлар базаси маълумотлари орқали таҳлилни амалга ошириш, яъни Камерал назорат тизими орқали солиқ тўловчининг ҳисоботлари таҳлил қилинади, камчилик аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш имкониятини солиқ тўловчига тақдим этади.

Сирдарё вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 9 255 та солиқ тўловчи фаолиятида камерал назорат ташкил этилган бўлиб, 6 258 та ҳолатда солиқ тўловчилар томонидан турли хил турдаги камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Шунингдек, камерал назорат натижасида аниқланган ҳолатлар юзасидан солиқ тўловчиларга юборилган 6 258 та талабномалар бўйича 108,6 млрд. сўмга қайта ҳисоб-китоблар олиниши ҳамда бюджетга 27,5 млрд. сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундириб олинишига эришилган.

– Мақсадимиз солиқ тўловчилар томонидан йўл қўйилган камчиликларини бартараф этилишига кўмаклашиш, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг қилиш шўъбаси бошлиғи Сухроб Тавбоев. – Эътиборсизлик ёки тажрибасизлик сабабли хатога йўл қўйилиши мумкин. Айниқса умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибида фаолият юритаётган 415 та хўжалик юритувчи субъектлар қўшилган қиймат солиғи бўйича базани нотўғри кўрсатган ва солиқ органлари ёрдами билан улар бартараф этилган.

Мисол учун, вилоятнинг Янгиер шаҳрида фаолият юритаётган «Аммиак ва карбамид заводини қуриш дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилнинг 8 ойлиги бўйича тақдим қилинган ҳисоботлари вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан камерал назорат ўтказилганида, оз эмас, кўп эмас нақд 2 миллиард 4 юз миллион сўм миқдорда норезидентларнинг бажарган иш ва хизматлари учун қўшилган қиймат солиғи ҳисоботларда акс эттирилмаганлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан жамиятга белгиланган тартибда талабнома юборилиб, жамият томонидан ушбу миқдорда қайта ҳисоб-китоблар тақдим этилиши таъминланган.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати

You may also like...

Fikr bildirish