БОЛАЛАРДА ҚАНДАЙ КАСАЛЛИКЛАР КЎПРОҚ УЧРАЙДИ? БУНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ ЗАРУР?

Меҳри ҚИЛИЧЕВА. Олий тоифали шифокор. 2001 йилдан буён Сирдарё вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида фаолият юритиб келган. Айни вақтда у тиббиёт маркази бош шифокорнинг ўринбосари.

– Меҳри опа бола касалликлари ҳақида суҳабатлашишимиздан аввал кимларни бола деб юритамиз, мана шу ҳақда тўхталсак…

– Аввало шуни айтишимиз керакки, 18 ёшгача бўлган болалар бола деб эътироф этилаяпти. Бироқ боланинг ижтимоий-биологик ривожланиш хусусиятларига кўра она қорнида ўсиш даври, чақалоқлик даври, бола туғилгандан кейинги (4 ҳафта), эмизикли даври (бир ёшгача), ясли даври (3 ёшгача), мактабгача даври (7 ёшгача), бошланғич мактаб ёшидаги (12 ёшгача) ва ўсмирлик ёки балоғатга етиш даври (18 ёшгача) фарқ қилинади. Демак мана шу даврларда бола саломатлиги яхшилаб эҳтиёт қилинмаса, турли касалликларга чалиниши мумкин. Мана шу даврларда кечадиган касалликлар гуруҳини болалар касалликлари деб атаймиз.

– Боланинг қайси даврларида қандай касалликлар кўпроқ учрайди?

– Она қорнида ўсиш даври боланинг шаклланишида муҳим рол ўйнайди; ҳомиладорлик давридаги зарарли омиллар (касалликлар, интоксикациялар, турмуш ва овқатланиш шароитининг камкўстлиги, дори-дармонлар таъсири) онагагина эмас, қорнидаги ҳомиланинг ўсиши ва ривожланишига ҳам таъсир этади. Бу даврда кўпроқ туғруқ вақтидаги асфикция, шикастланишлар, фалажлар, стафилококк инфекциялар билан зарарланишлар кузатилади. Чақалоқлар айрим инфекцион касалликларга туғма чидамли бўлади, бироқ уларга, айниқса, чала туғилган болаларга йиринглатувчи микроблар аввало, стафилококклар тез таъсир қилиб, киндик жароҳатининг йирингли яллиғланишига, чилла ярага ва ҳатто чақалоқлар сепсиси каби оғир касалликка сабаб бўлади. Бу даврда зотилжам ҳам хавфли касаллик ҳисобланади.

Эмизикли даврида бола овқатнинг ўзгаришига мосланиши анча қийин, уни нотўғри овқатлантирилганда меъда ичак бузилишлари (диарея, ичак инфекциялари ва б.), моддалар алмашинувининг бузилиши кузатилади. Бу даврда нафас ва ҳазм аъзоларининг касалликлари оғир ўтади; болани нотўғри овқатлантириш, соф ҳаво ва қуёш нуридан етарли баҳраманд этмаслик натижасида рахит авж олади, диатез, спазмофилия ботбот учрайди. Ясли ёшидаги ва мактабгача тарбия ёшидаги болаларга ўз тенгдошлари билан ўйнаб юрган чоғида кўкйўтал, қизамиқ, дифтерия, тепки каби касалликлар юқиши мумкин. Бундан ташқари, онасидан ўтган иммунитетнинг кучи йўқолади. Шунинг учун бу даврда болалар эмланиб (вакцинация), иммунитет вужудга келтирилади. Мактаб ёшидаги болаларда юқумли касалликлар кўпроқ учрайди. Эмизикли бола кўкйўтал ва қизамиқ билан оғриганда кўпинча ўпкаси ҳам яллиғланса, мактаб ёшидаги болаларда бу касалликлар аксари асоратсиз ўтади, яъни ўпка яллиғланмайди.

Бошланғич мактаб ёшидаги болаларда ангина, юрак ва буйрак касалликлари, шунингдек аллергик касалликлар кўпроқ учрайди. Каттароқ болаларда ва ўсмирлик даврида юрак-томир, нерв ва эндокрин системалар (ички секреция безлари) фаолиятида жиддий ўзгаришлар рўй беради. Соф ҳаводан етарли баҳраманд бўлмайдиган, спорт билан шуғулланмайдиган, кун тартибига риоя қилмайдиган ўқувчиларда бу системалар кўпроқ касалланади.

– Бола парваришида, касалликларнинг олдини олишда нималарга эътибор бериш зарур?

– Бола касалликларининг турли шакллари организмнинг чидамлилигига, юқумли касалликларга қаршилик кўрсатиш кучи, яъни иммунитет даражасига, боланинг ёшига боғлиқ. Ҳар бир касаллик, у қандай бўлишидан қатъи назар ҳаётда чиниққан, жисмонан баркамол, соғлом болада енгилроқ, озғин, нимжон, иммунитети паст болада эса оғирроқ кечади. Бир хил микроб қўзғатган касаллик боланинг турли ёшида турлича бўлади.

Болаларда касалликларнинг олдини олишда бола организмининг ўзига хос хусусиятлари кўзда тутилади. Гўдакларни парваришлашда тўғри овқатлантириш катта аҳамиятга эга.

Эмизикли даврда она сути энг мақбул озуқа ҳисобланади.

Бола ҳаётининг биринчи йилида жағ ичида тишлар шаклланади ва оҳаклана бошлайди. Кўпгина ноқулай омиллар, чунончи, сунъий овқатлантириш, айниқса куз ва қиш ойларида очиқ ҳавода кам бўлиш тиш-жағ системаси ҳолатига ёмон таъсир кўрсатади. Шунинг учун ёш оналарга бир ёшгача бўлган болаларнинг тиш-жағ аномалияларининг олдини олишда уларни қатъий режим асосида овқатлантириш, нотўғри сунъий овқатлантиришга йўл қўймаслик, мева ва сабзавот, творог, тухумни болага қачон бера бошлаш кераклиги тўғрисида тавсиялар берамиз. Овқатланиш масалаларини – озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида оқсиллар, углеводлар, минерал тузлар, витаминлар, микроэлементлар қанча миқдорда бўлишини, қанд нормасини, овқатдаги барча компонентларнинг тўғри таркиби қандай бўлиши лозимлигини имкон қадар яхшилаб тушунтирамиз. Бу даврда айниқса боланинг ширин чойга ўрганиб қолмаслигига катта эътибор қаратиш зарур. Болага ҳаддан ташқари кўп ширинлик берилса, бу бутун организмида моддалар алмашинувининг жумладан тиш тўқималарининг бузилишига олиб келади. Моддалар алмашинувининг бундай бузилиши тиш тўқималарида кариоз жараёнининг эрта пайдо бўлишига имкон беради. Болани кўкрак бериб эмизиб боқаётган даврда (тишлари чиққунга қадар), шунингдек болани қўшимча овқатлантириш зарурияти бўлганда оналар фақат педиатрлар билан маслаҳатлашиб олиш зарур.

Кўп ҳолларда оналар бу нарсага жиддий эътибор бермаслик оқибатида боланинг ўткир юқумли микроблар, хавфли инфекцияларни юқтириб олишига сабабчи бўлиб қолади.

Ҳозирги пайтда кўпчилик бемор болаларда учраётган хавфли, юқумли ошқозон-ичак касаллиги – диарея ҳам микроблар таьсирида юзага келмоқда.

Касаллик қўзғатувчи микроблар бола организмига ифлос қўл, кир ўйинчоқлар, тоза бўлмаган овқат идишлари, шиша ва сўрғичлар, сифатсиз ёки узоқ вақт туриб қолган овқатлар, қайнатилмаган сув, пашшалар, ювилмаган мева-сабзавотларни истеъмол қилиш орқали киради.

Диарея аломатлари тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, қорин оғриши, ичнинг қайта-қайта суюқ келиши каби белгилар билан намоён бўлади. Ичнинг суюқ кетиши натижасида бола кўп суюқлик йўқотади. Суюқлик билан кўплаб озиқ моддаларининг етишмовчилиги натижасида, шунингдек, тана аъзолари фаолиятининг кескин бузилиши унинг ҳаётини хавф остига қўяди. Ушбу касалликка асосан кўкрак сути билан эмас, балки бошқа ҳайвонлар сути ёки қуритилган сут аралашмалари билан овқатланаётган болалар чалинадилар. Айниқса, камқонлик, рахит, йод танқислиги бор бўлган болаларда касаллик ҳолатлари кўпроқ  кузатилади.

Бола касалликлари қанча барвақт аниқланиб, вақтида даволанса, асорати қолмайди. Бунинг учун катталар ва ота-оналар бола касалликларининг олдини олиш усулларини ва дастлабки белгиларини билишлари, болада касалликка хос бирор аломат сезганда дарҳол шифокорга мурожаат этишлари зарур. Шунинг учун мурожаат қилувчиларга, маҳаллаларга борганимизда аҳолига, айниқса ёш оналар ва бўлғуси оналарга бу ҳақда батафсил тушунчалар беришга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда бўлимимизда ёш оналар учун алоҳида ўринлар (койка) ҳам ташкил қилинган. Бу ерда биз 3 ёшгача бўлган бемор болаларни оналари билан бирга қабул қиламиз ва тегишли муолажаларни қўллайамиз. Унда болани соғлом ўстириш йўл-йўриқлари, она сути билан боқиш афзалликларини тушунтирамиз. 

You may also like...

Fikr bildirish