ГУЛИСТОН ДЕҲҚОН БОЗОРИДА НАРХ-НАВО НЕГА БАЛАНД? БОЗОРДАГИ “ИККИНЧИ ҚЎЛ” КИМ, “ЎРТАКАШ”ЧИ?

Давлат дастурлари амалга ошириб борилишини мониторинг қилиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва республика Вазирлар Маҳкамасига уларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, таҳлилий ахборот ҳамда таклифларни мунтазам киритиш “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифалари этиб белгиланди. Шу маънода мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, шунингдек, аҳоли манфаатларини муносиб ҳимоялаш, амалдаги қонун ва қарорларни доимий тарғиб этиш ҳамда уларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш “Юксалиш” умумилий ҳаракатининг бугунги кундаги асосий вазифалари саналади.

Айни шу мақсадда ҳаракатнинг вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Жамоатчилик назоратини ташкил этиш тўғрисида”ги вилоят ҳокимининг 2019 йил 9 январдаги 1-сонли қарорига асосан тузилган жамоатчилик назорати гуруҳи вакиллари Давлат дастурининг 61-банди, солиқ ислоҳотларини амалга ошириш даврида истеъмол маҳсулотлари нархининг барқарорлигини ва инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмаслигини таъминлаш йўналишидаги ишларни таҳлил қилиш мақсадида жорий йил 17 сентябрь куни Гулистон шаҳридаги деҳқон бозорида ўрганиш ишларини олиб бордилар.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, дала ва боғларда айни пишиқчилик дамлари кечаётганига қарамай қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи одамлар чўнтаги кўтарадиган, мамнун бўладиган даражада эмас. Деҳқон бозорларига келтирилган маҳсулотларнинг бир қўлдан иккинчи, иккинчи қўлдан учинчи, тўртинчи қўлга ўтиши, баъзи сотувчиларнинг инсофсизларча полиз ва сабзавот, мева-чевалар нархини ошириб юбораётгани сабабли пишиқчилик даврида ҳам уларнинг нархи пасайиш ўрнига ошиб бораяпти. Ҳатто маҳсулотларнинг эрта тонгдаги улгуржи нархи билан иккинчи-учинчи, тўртинчи қўлга ўтгандаги нархнинг ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Масалан, шу куни тонгги соат бешда бир килограмм помидор улгуржи (кўтара савдода) 3000-3500 сўмдан сотилган бўлса, эрталабки соат тўққизларда бу маҳсулотлар иккинчи ва учинчи одамнинг қўли билан ҳар килограмми 5000-5500 сўмдан сотилаётир. Бир килограмм шафтоли нархи тонгги улгуржи савдода (сифатлилигига қараб) 3500-5000 сўмдан баҳоланган бўлса, соат тўққизларда иккинчи ва учинчи савдогар (иккинчи-учинчи қўлга ўтганидан сўнг) томонидан ҳар килограмми 8000-10000 сўмдан харидорларга сотилмоқда. Тонгги улгуржи савдода бир килограмм карам 2000-2500 сўмдан реализация қилингани ҳолда соат тўққиздан кейин иккинчи ва учинчи қўл орқали бир килограмм карамнинг нархи 5000 сўмгача чиқиб кетди. Тонгги савдода ҳар килограмм нок 5000-9000 сўмдан сотилгани ҳолда кундузи унинг нархи 14000-17000 сўмга кўтарилган.

Энг қизиғи, деҳқон бозорларига катта “партия”даги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари аслида иккинчи қўл (даладан савдолашиб, олиб келадиган савдогар) орқали етказиб берилаяпти. Дала ва боғдан маҳсулотни бозорга олиб келган савдогар кўп ҳолларда бозорда бу молларни ўртакашга топширади. Ўртакаш эса ўз улушини маҳсулот устига қўйиб, (айтайлик ҳар килограммига 1000-2000 сўм қўшиб) бозор расталарида доимий савдо қиладиган савдогарларга тақсимлаб, улашиб беради. Даладан молни олиб келган савдогар (иккинчи қўл-га)га маҳсулот пулини ҳам ўртакаш йиғиб беради. Кўриб турибсизки, ўроқда йўқ, машоқда йўқ ўртакаш тонгги бир-икки соатнинг ичида 1-1 ярим миллион сўм пулни осонгина ишлаб, ором олиш учун уйига равона бўлади. Кўп ҳолларда бу ўртакашларни деҳқон бозорлари раҳбарлари ҳам кўришмайди, ҳатто танишмайди ҳам.

Тонгда ишини қойилмақом қилиб бажарадиган ўртакаш шу тариқа эрталабки савдонинг ўзидаёқ нархни ошириб юборади. Тошкент, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Жиззах вилоятларидан келаётган катта “партия”даги маҳсулотларнинг тонгдаги нархини ҳам у белгилайди. Тонгда ҳар килограмми 1000-1200 сўмдан улгуржи нархда сотилган булғор қалампирининг кундузи 2000-2500 сўмга, килоси 1000 сўмдан келтирилган пиёзнинг кундузи 1700-2000 сўмга, улгуржи баҳода килограмми 4000-5000 сўмлик олманинг 10000 сўмгача кўтарилиб кетганига яна нима дейсиз? Катта бозордан кичик бозорчаларга—мавзе, маҳаллалардаги дўкондорларга ўтиши билан бу мева-чева, полиз ва сабзавот маҳсулотларининг нархи ошса ошиб бораяптики, асло пасаймаяпти. Олиб сотарларнинг ўз билганларича нархларни белгилаб, инсофсизлик қилаётганлари жабрини алал-оқибат халқ тортаяпти.

Ахир халқимизда ўғри бўл, инсофли бўл, деган ибратли нақл бор. Буюк саркарда Амир Темур “Адлу барака-инсофу адолатдадир” дея бежизга нақл этмаганлар. Пул топаман, мен бозорнинг қонун-қоидаларини ҳаммадан яхши биламан, деб ўз билганларича нарх белгилаб, инсофсизлик қилаётганларнинг бу ишлари ҳеч бир мезонга тўғри келмайди, уларнинг бу диёнатсизликларини худо ҳам кечирмайди.

–Бозорда нарх-навони аввало ўртакашлар белгилаб, инсофсизларча нархни ошириб юбораяпти, – дейди кўп йилдан буён Гулистон деҳқон бозорида саво-сотиқ билан шуғулланиб келаётган Зулхумор Музропова. – Бозордаги ўртакашларни йўқотиш керак.

– Айни пишиқчилик даврида мева-чева, сабзавот, полиз маҳсулотларининг қиммат нархда сотилаётгани ҳолатлари билан келишиб бўлмайди, – дейди Гулистон шаҳри “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи 72 ёшли отахон Саидаҳмад Бобоев. – Маҳсулотлар бир қўлдан иккинчи, иккинчи қўлдан учинчи қўлга ўтиши натижасида кундузнинг ўзида тонгги нархдагидан бир ярим-икки баробар ошиб кетаяпти. Маҳсулотлар нархини истаганча ошириб юборишларга чек қўйиб, назорат ташкилотлари бу борада аниқ тадбирий-чоралар кўришлари лозим. Ҳеч вақтда ёз пишиқчилигида мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг нархи бу қадар ошиб кетганини кўрмаганмиз.

Бозорда сотувчилар бемалол савдо қилишлари учун ҳали павильонлар етишмайди. Кўплаб сотувчилар ўзлари соябон ясаб олиб келиб, очиқ майдонда савдо қилишмоқда. Бу узоқ муддат сақлашга ярамайдиган маҳсулотлар сифати бузилишини тезлаштиради, савдо қилаётган тадбиркорга ҳам катта ноқулайлик туғдиради.

– Ана шу муаммоларни бартараф этиш учун қўшимча павильонлар қурилишини давом эттираяпмиз, – дейди Гулистон деҳқон бозори раҳбари Абдусамад Аҳмедов. – Қўшимча савдо расталари битса, маҳсулотлар эртага қор-ёмғир тагида қолмайди, ҳам тадбиркорларга, ҳам харидорга катта қулайлик яратилган бўлади. Бундан таш-қари, бозор чор-атрофини ободонлаштириш ишларини давом эттираяпмиз. Биз ҳам келгусида Гулистон бозорининг Самарқанд, Тошкент шаҳарларидек ҳар жиҳатдан обод, кўркам ва файзли бўлишини истаймиз.

Деҳқон бозорларида нарх-навони барқарор ушлаб туриш учун барча бирдек курашиши, назорат органлари бу борада кенг кўламдаги ишларни амалга оширмоқлари даркор. Бу борада қатъий чора-тадбирлар кўрилмас экан, бозордаги олиб-сотарлар маҳсулотлар нархларини инсофсизларча оширишда давом этаверадилар. Яна бир энг муҳим жиҳат шуки, бозорда одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиш, ортиқча бақир-чақирларга (шаллақиликларга), одобсизликларга барҳам бериш учун бизнингча, тегишли муассасаларда тадбиркорлар учун бозор бошқаруви ва бозор маданияти курсларини очиб, уларни бу машғулотларга жалб этиш керак. Токи маданият бор жойда-юксалиш, инсоф бор жойда барака бўлишини асло унутмаслигимиз лозим.

 

You may also like...

Fikr bildirish