ОДАМ САВДОСИ- АСР МУАММОСИ

Картинки по запросу human trafficking

Бугунги кунда  одам савдосининг даврнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб  бораётгани сир эмас. Одам савдоси  қурбони бўлаётганлар орасида айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг кўрлиги, кишини ранжитади. Шуни эътироф этиш керакки, ҳар бир мамлакатнинг, жумладан, юртимизнинг келажаги унинг ёшлари қўлида эканлиги кундай равшан. Асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, “Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция (1949), “Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенция (1956 йил), “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённома (2000 йил) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Афсуски мана шундай кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Шу ўринда одам савдоси деган иборанинг асли маъноси нимадан  иборат эканлигини билиш ва  уни тўғри талқин  этиш жоиздир. Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади. Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури “мерос” бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир. Санаб ўтилган трансмиллий жиноятчилик, яъни ҳудуд ёки чегара танламаётган жиноятларнинг қайси бир турини олиб қарамайлик, уларнинг барчаси инсон ҳаётига, тақдирига очиқдан-очиқ тўсиқ бўлиб,  жамият тараққиётига ва унинг ривожига жиддий хавф туғдиришини кўрамиз.

Бу жиноятларнинг асосий сабаби энг аввало, маънавий қашшоқлик, дунёга очиқ кўз билан қарамаслик, теран  фикр юритмаслик, жамият, инсоният келажагини ўйламаслик, очкўзлик, мол дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир. Одам савдоси қурбонлари ҳақида сўз борар экан, ҳозирги кунда дунё миқёсида қанча одам унинг домига илингани, яъни тўкин ҳаёт кечириш илинжида ўзга юртларга иш излаб кетаётганлар, одам савдоси билан шуғулланувчи қабиҳ ниятли кимсаларнинг турли  ваъдаларига ишониб, алданиб, турли хорижий мамлакатларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлар тобора ортиб бораётгани ва унинг салбий оқибатлари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзимизнинг юртдошларимиз, миллатдошларимиз орасида аёллларни, айниқса, ёш қизларни чет элларда мўмай пул топиш, шоҳона ҳаёт кечиришга даъват этиб, уларни  алдаб, турли  йўллар билан хорижга олиб бориб чиқиб кетиш – уларнинг ўз таналарини сотишларига, яъни фоҳишабозликка мажбур этиш билан шуғулланувчиларнинг борлиги, айниқса, ачинарли ҳолдир. Энг ёмони,  бундай қабиҳ шахслар алдаб олиб кетилган аёлларни ҳужжатларини олиб  қўйиб,  уларнинг чет элга боришлари  учун  зарур бўлган  маблағни ўзлари тўлаб, аёлларни қарздор қилиб қўйишган. Кейин, ишлаб, шу пулларни тўлайсизлар деб, уларни ўзларининг шериклари орқали бир давлатдан иккинчи давлатга ўтказиб юборишган. Мана шу тариқа алданган аёллар сарсону саргардон бўлишган, қўлдан қўлга ўтиб, ўз таналарини сотиб, қарзларини тўлашга мажбур этилган.

Статистика маълумотларига  кўра, 2018 йили 240  мингдан зиёд аёл четга ишлагани  чиқиб кетган. Олдин  ёш аёллар, қизлар асосоан Туркия, Бирлашган Араб амирликларига олиб кетилган бўлса, кейинги пайтда матбуотда ўзбек аёлларининг Ҳиндистонда фоҳишабозлик билан шуғулланаётганликлари ҳақидаги маълумотлар ҳам борлиги жуда ачинарлидир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда. Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Ана шу олий қадриятни эъзозлаш, асраб-авайлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борадаги тегишли қонунларга амал  қилиш давлат сиёсати даражасидаги вазифа саналади.

Юртимизда  чет элга чиқиб ишловчи кишилар учун тегишли қонун  асосида, доирасида имкониятлар яратилган. Жумладан улар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги; «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолияти тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1-бандига кўра, фуқаролар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюроларнинг кўмагида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар. Лекин ўзлигини англамаган, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаган, юртимиздаги тегишли қонунларга амал этмаган, бу борадаги ноқонуний хатти-ҳаракати эл-юрт, маҳалла,  оиласи олдида обрўси тўкилиши, шаънига доғ тушишини ўйламаган айрим юртдошларимиз ҳамон турли ноқонуний йўллар билан ўз манфаатини ўйлаган баъзи қабиҳ кимсаларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, алданиб, хорижга иш излаб кетишмоқда. Боз устига улар ўзга юртларнинг тегишли қонунларини билмасликлари оқибатида умрларини беҳуда ўтказиб, ўзларини қулликка маҳкум этишмоқда. Одам савдосига қарши курашиш, ўзга мамлакатларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлар юртдошларимизни (депортация  қилинган) юртимизга қайтариш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлардан бири  бўлган “Юрт истиқболи” ахборот маркази (марказ ходимлари бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда фаолият юритади) вакилларининг айтишларича, бу йил ҳам одам савдоси қурбонига айланган бир неча ҳамшаҳарларимиз юртимизга қайтарилиб, улар марказ томонидан ижтимоий томондан қўллаб-қувватланган. Улар иш ўринлари, ўз касб-корларига тегишли бўлган меҳнат воситалари (масалан: тикув машиналари ва бошқа турли асбоб-ускуналар) билан таъминланган.

Одам савдоси билан шуғулланиш, инсоннинг айнан инсон томонидан камситилиши, инсон танасининг сотилиши кечириб бўлмас жиноят, оғир гуноҳ саналади. Одам савдосига қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининггина эмас, турли нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТлар) ҳамда барчамизнинг бурчимиз саналади. Чунки хорижда меҳнат қилиш тартиб-қоидаларини билмаган айрим юрдошларимизнинг алданиб, ўзга мамлакатларда хор-зор бўлишларини ҳеч биримиз истамаймиз.

Холида ПАРДАБОЕВА

You may also like...

Fikr bildirish