АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ

@huquqiytargibotSeptember 18, 2019 АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишга ва ҳуқуқий кўмак беришга қаратилган ” Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси ижроси юзасидан Сирдарё вилояти адлия бошқармаси туман-шаҳар адлия бўлимлари жойларда тадбиркорлар билан манзилли ҳуқуқий тарғибот олиб бормоқдалар.

Бугунги кунда паррандачиликни ривожлантириш ва экспорт учун тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек аҳолини сифатли ва арзон паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Паррандачиликда монополиядан чиқариш ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Республиканинг чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари қуришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Республикада паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарорлари қабул қилинган.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Шу билан бирга соҳани янада ривожлантириш, фақатгина товуқ боқиш билан чегараланмасдан, курка, бедана, ғоз, ўрдак, туяқуш, каклик ва бошқа турларини етиштиришни оммалаштириш,  паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, парранда чиқиндиларини чуқур қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш зарур.

Шу билан бирга, парранда касалликларини ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича замонавий биолабораториялар ташкил этиш ҳам долзарб мавзу бўлиб қолмоқда.

— Ана шу долзарб муаммолар ечими сифатида, республикада паррандачиликни янада ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш, уларнинг турлари ва экспорт кўламини кенгайтириш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2018 йилнинг 13 ноябрида “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, барча ҳудудда парранда етиштириш, уни қайта ишлаш ва якуний маҳсулот тайёрлаш ва уни истеъмолчига етказишни қамраб олган паррандачилик кластерлари ташкил этилади, шу жумладан, 2019 йилда 13 та ташкил этилиши кўзда тутилган, – дейди Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Ғулом Абсаломов.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Сардоба туманида бир пайтлар улкан паррандачилик фабрикаси мавжуд бўлиб, кунига 150-200 минг донадан тухум республика бозорларига реализация қилинган эди. Кейинчалик эгасиз қолган ушбу корхонани бундан тўрт йил олдин чет эллик инвестор, ёш бизнесмен Абдулла Ваҳоб сотиб олди ва бу ерда “Бобур” МЧЖ паррандачилик фабрикаси ташкил қилди. Айтиш жоизки,  у бугунги кунда Ўзбекистонда паррандачилик  соҳасига инвестиция киритган ягона инвестор бўлиб қоляпти.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

–        Мен асли Афғонистонликман, Туркияда вояга етганман. Ҳиндистонда паррандачилик соҳасида ишлаб, жуда қизиқиб қолдим. У ерда паррандачилик соҳасига замонавий технологиялар жорий қилиниб, бу соҳа жуда ривожланган экан. Мен кейинчалик соҳа бўйича зарур билимлар олиш учун Голландия олийгоҳларида таҳсил олдим. Амалиёт ўтадим. Дастлаб, оилавий бизнесимизни ўз юртимизда бошладик. Сўнгра кейинги йилларда жаҳонга юз тутаётган,  инвесторлар учун бағри кенг очган Ўзбекистонга инвестиция киритишга қарор қилдик. Ҳозирда Тошкент вилоятида худди шундай паррандачилик корхонамиз мавжуд. Сардоба туманидаги паррандачилик фабрикасини кўргани келганимдаёқ юрагимга ўт туташди. 110 гектарлик ҳудудга ҳақиқий эга кераклигини англаб етдим. Аллоҳга шукур, бугун режаларим рўёбга чиқа бошлади. Инкубатор, жўжа етиштириш ва она товуқлар цехларини ишга туширдик. Голланд фирмаси билан шартнома асосида жўжалар келтиряпмиз, уларни ўстириб, тухумга киргач, инкубаторда тухумларидан  жўжалар очтириб, бир ҳафталик жўжаларни гўшт учун боқадиган бройлер фермаларига тарқатишни йўлга қўйдик.

–        Ишонаверинг, харидорларимиз жуда кўп, жўжаларимизга навбатга туришади, – дея суҳбатга қўшилади “Бобур”МЧЖ иш бошқарувчиси Дилмурод Собиров.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Озода ва саришта, Германиядан келтирилган энг замонавий технологиялар ўрнатилган цехларда одам фактори жуда кам, ждисмоний меҳнат деярли йўқ. Еми, суви, хона ҳарорати, ҳавоси –ҳаммаси автоматик бошқарилади. Ҳатто, тухум ҳам махсус лента орқали ташқарига узатилади. Бу ерда қизлар тухумларни махсус флейкаларга жойлайди, сўнгра уларни махсус транспортларда омборга элтилади.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

— Мен бу ерда икки йилдан буён ишлаяпман. Менга ишим жуда ёқади. Бошида бир ой иш ўргандим. Бу ерда тухумларни, сўнгра эса тухумдан ёриб чиққан жўжаларни саралаймиз. Ойлик маошимиз вақтида тўланади, икки маҳал иссиқ овқат билан таъминлашади, – дейди оператор Жамила Файзиева.

Цехларда жўжа ва товуқларни меҳр билан кузатиб, парваришлаётган ветеринария шифокорларини учратдик.

— Паррандачилик менга ота касб. Отам 38 йилдан буён инкубация соҳасида ишлайди. Ўзим 2011 йилдан буён инкубаторда фаолият юритаман. Бу ерда корхона очилганидан буён ишлаяпман, – дейди Исмоил Сайдазов. – Ҳар беш кунда инкубаторга 18 минг дона тухум қўямиз. Дастлабки шкафларда тухумлар 18 кун сақланади, кейинги шкафларда жўжа уч кун давомида очиб чиқади.

Абдулла Ваҳобнинг айтишича, бу ерда асосан маҳаллий аҳоли меҳнат қилади. Шу кунларда у бу ерга Украинадан паррандачилик бўйича мутахассис  Виктор Романюкни  таклиф қилган.

— Малакали чет эл мутахассисларини Голландия, Туркия ҳамда Украинадан таклиф этиб, улар томонидан маҳаллий мутахассисларга соҳадаги сўнгги янгиликлар ҳамда замонавий технологиялар борасида сабоқ беришларини ташкил қиляпмиз, чунки чет ээлик мутахассислар бу ерда доимий қолмайди ҳамда катта ҳаражат талаб қилади. Бу ерлик мутахассисларни ўргатсак, улар доимий ишлашлари, келгусида ўзлари ҳам шу соҳада бизнесларини йўлга қўйиш учун замин яратилади, – дейди рақобатдан умуман чўчимаслиги билдирган ёш шижоатли инвестор.

Инвестор келгусида фабрика ҳудудидаги барча биноларни тўла қувватда и шга тушириш, озуқа экин майдонларини кенгайтириш, республика бозорини сифатли  товуқ гўшти ва тухум билан таъминлашни мақсад қилган.

— Мен Ўзбекистон бозорларини иш бошлашдан олдин ўрганиб чиққанман. Ҳозирда мавжуд паррандачилик фермалари бозорнинг 50 фоизга яқин эҳтиёжини қоплай олади, холос. 50 фоизи чет элдан импорт қилинмоқда. Ана шу бўшлиқни тўлдириш, қолаверса, маҳсулотни қайта ишлаб, экспортга ҳам чиқариш истиқболдаги режаларимиздир, – дейди Абдулла Ваҳаб.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

— “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, паррандачилик соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор имтиёзлар жорий қилинган. Мисол учун, парранда касалликларига эмлаш учун GMP – Good Manufacturing Practice сертификатибўлган компанияларнинг вакцина ва биопрепаратлари Ўзбекистонда тан олинади ва қўшимча мувофиқлик сертификатлари талаб қилинмайди. 2021 йил 1 ноябргача қуйидагилар  божхона тўловларидан озод этилади.

Мисол учун, наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар, чет эл ташкилотлари ва унинг шўъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари, диагностикумлар ҳам божхона тўловларидан озод этилади, – дейди биз билан суҳбатда Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Ғулом Абсаломов. – Буларнинг барчаси сорҳани ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очади.

You may also like...

Fikr bildirish