ҲАВО – ТИРИКЛИКНИНГ ЭНГ МУҲИМ МАНБАИ

Сана муносабати билан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари Гулистон шаҳар болалар шаҳарчасида учрашув ўтказдилдар.

Мутахассислар озон қатламини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритишди.

Уларнинг фикрига кўра инсон озиқ-овқатсиз 5 ҳафта, сувсиз 5 кун, ҳавосиз эса 5 дақиқа яшаши мумкин экан.

Ҳавонинг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланган рангсиз, ҳидсиз газ – кислород эса табиатда энг кўп тарқалган элемент ҳисобланиб, у билан тирик организмларнинг ҳаммаси нафас олади. Табиатда кислороднинг кўриниш шакли ўзгарган, яна бир тури борки, ушбу ўткир ҳидли модда “Озон гази” деб аталади. Атмосферанинг озон қатлами курраи заминимизда ҳаёт мавжудлигининг энг муҳим шартларидан биридир.

– Атмосферада мавжуд озон миқдори 3 млрд тонна бўлиб, у ҳавонинг миллиондан уч фоизини ташкил этади, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси Элмурод Қораев. – Бу қатлам қуёшнинг тахминан 90 фоизидан зиёд миқдоридаги зарарли ултрабинафша нурларини ютади. Натижада эса у ердаги барча тирик организмларни асраб қолади. Сўнгги вақтларда озон қатламининг емирилиши билан боғлиқ турли экологик муаммолар пайдо бўлмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида жаҳонда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ернинг озон қатламини муҳофаза қилиш масалалари устувор йўналишлари қаторига киради. 1993 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Монреал протоколининг аъзо томони ҳисобланади.

Давра суҳбати давомида юртимизда озон қатламини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, давлатимиз томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар ижроси, озонни емирувчи моддалардан босқичма-босқич воз кечиш йўлидаги тадбирлар ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди.

Иштирокчилар “озон қатламини биргаликда ҳимоя қиламиз” мавзусида асфалтга расм чизишди. Тадбир мобайнида мутахассислар томонидан ўқувчиларнинг саволларига жавоб берилди. Якунда фаол иштирок этган ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Севара МУСУРМОНОВА,
Сирдарё вилояти атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш бошқармаси матбуот котиби

You may also like...

Fikr bildirish