ГУЛИСТОНДА БИРИНЧИ ХУСУСИЙ МАКТАБ

Жорий йил сентябрь ойининг бошида Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” маҳалласида биринчи нодавлат умумий ўрта таълим мактаби очилди. Мазкур билим даргоҳи она тили, рус тили, инглиз тили, математика ва ментал арифметика фанларини чуқур ўзлаштиришга ихтисослаштирилган. 

Бундан уч йил муқаддам асли касби педагог Шоислом Баратов ўзи ижарага олган тўрт қаватли бинонинг бир қаватига абитуриентлар учун ўқув тайёрлов курсларини очган эди. Эндиликда янги мактаб ушбу бинода жойлашган.

Билим масканига кириб борганимизда бизни мактаб директорининг ўринбосари Жасурбек Ҳусанов мамнун ҳолда кутиб олди ва мактабда яратилган шарт-шароитлар билан таништира бошлади. Иккинчи қаватнинг йўлаги бўйлаб қадам ташларканмиз, ўз фарзандлари билан бирга ҳужжат топширишга келган ота-оналарни учратдик ва улар билан суҳбатлашдик. Улар таълимдаги услубият ва яратилган шарт-шароитлар маъқул бўлгани учун ўғил-қизларини шу масканда ўқитиш истаги пайдо бўлганини таъкидлашди.

—Марҳамат, ичкарига киришларингиз мумкин, —деди Жасурбек Ҳусанов бошланғич синфлардан бирининг эшигини очиб. – Эътибор беринг, мана бу — универсал икки ёқлама ёзув мосламаси. Унга бўр ёки маркер билан ёзиш мумкин. Парталар ва стуллар ҳам замонавий услубда тайёрланган, ўтиришга, ёзишга ва китоб ўқишга жуда қулай. Бу ерда ўқувчилар ўзларини уйдагидек эркин ҳис қилишади. Чунки кенг имкониятлар яратилган. Масалан, мана бу жавончага ўхшаш мебеллар ҳар бир синфда мавжуд. Уларга болаларнинг мавсумий кийим-кечаклари қўйилади. Ўғил-қизлар ўзларини эркин ҳис қилишлари учун ҳатто дарс жараёнида уй шиппакларида ҳам юришларига рухсат этилади.

Дарсхоналар замонавий мебеллар билан жиҳозланган бўлиб, керакли кўргазмали қуроллар ҳам кишининг эътиборини тортади. Ментал арифметика синфи замонавий тарзда жиҳозланган. Парталарга компьютерлар қўйилган бўлиб, янги телевизордан ҳам исталган пайтда унумли фойдаланиш мумкин. Барча хоналарга ҳавонинг мўътадиллигини бир маромда сақлаб туриш учун мосламалар ўрнатилган. Мактаб қошида тиббиёт пункти, психолог кабинети, болалар кутубхонаси, гулдонларда ўсаётган ранг-баранг гуллар ва меҳнат таълими кабинети ҳавас қиларли даражада. Таълим-тарбия олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун яқинда йўлакларга кузатув камералари ўрнатилади.

Тўртинчи қаватдаги 150 ўринга мўлжалланган ошхонада ўғил-қизларга уч маҳал мазали таомлар берилади. Болаларнинг дам олиш хоналари, шунингдек, педагогларнинг қатъий назоратлари остида ўз хоҳишларига кўра ўтказиладиган ҳаракат талаб қиладиган интеллектуал ўйинлар майдончасини кўриб, мамнун бўлдик. Мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида мусиқа, мусаввирлик, тўқувчилик, тикувчилик, бичувчилик, гулчилик, “Ёш табиатшунос” тўгараклари ишлари намунали йўлга қўйилган.

– Келгусида мактаб ўқувчиларини мамлакатимизнинг қадимий шаҳарларига, музейларга олиб бориш режалаштирилган. Мактабни ташкил этмасдан аввал мен пойтахтдаги хусусий бошланғич мактабларнинг тажрибасини ўрганиб келдим, – дейди мактаб директори Шоислом Баратов. – Бизнинг таълим-тарбия масканимизда ўқув ишлари давлат дастури асосида йўлга қўйилган. Айни пайт-да юқори малакали мутахассислардан иборат 15 нафар педагог мактабда фаолият олиб боради. Таълимнинг интерактив усулларидан фойдаланадиган ўқитувчилар болаларга чуқур билим беришни ўзларининг бурчи деб билишади. Шу кунга қадар 100 га яқин ўғил-қизларнинг ота-оналаридан аризалар қабул қилинди.

—Илгари менинг қизим Назокатбегим шаҳардаги 6-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил оларди, —дейди “Гулистон” меҳмонхонаси маъмури Мадина Камолитдинова. —Барча қулайликларга эга бўлган ушбу янги хусусий мактаб очилганини эшитиб, раҳбариятга мурожаат қилдим. Ҳозирги кунда қизим рус гуруҳининг 4-синфида катта қизиқиш ва иштиёқ билан билим олаяпти. Бу ерда у соат 8.00 дан 18.00 гача бўлади. Аввалги пайтларда ишхонамда доимий бандлигим туфайли “қизим дарсдан кейин қаерларда юрган экан? Уйга бордимикан?” — дея хавотирда юрардим. Энди эса кўнглим тўқ. У кечга қадар меҳрибон устозлари назорати остида бўлади. Бундан ташқари вақти бўш ўтмайди, бирор тўгарак машғулотларида иштирок этиб, ҳунар ўрганади. Хулоса қилиб айтганда, бу таълим-тарбия масканида яратилган қулайликлар барча ота-оналарни мамнун этмоқда. Мен янги педагогик жамоанинг келгусидаги ишларига ривож тилайман.

Лола НИШОНОВА

You may also like...

Fikr bildirish