ҲОЖИБОЙ ТОЖИБОЕВ ЭЪТИРОФ ЭТГАН ИНСОН ЁХУД ГУЛИСТОНЛИК КИПИАНИ

Машҳур қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоевнинг эски дискларидаги ичакузди ҳангомаларини эшитиб, нашъа қилиб ўтиргандим, ғаройиб бир маълумот қулоғимни динг қилди. Ҳангомадан ҳангомага ўтиш чоғида сўз устаси: “Сирдарё вилояти Гулистон тумани Деҳқонобод шаҳарчасида Тоир акам бор. Мен кўпинча у кишининг латифаларидан фойдаланман”, деб қолди.

Камина Ҳожибой Тожибоев тилга олган шаҳарчада Тоир исмли бир кишини билардим. У инсон спорт деса ўзини томдан ташлайдиганлар хилидан эди. Ташқи кўриниши, ўйин услуби грузин футболчиси Давид Кипианига қуйиб қўйгандек ўхшагани учун “Кипиани” лақабини олганди. Лоф эмас, Кипиани деса Тоир Атабабаевни спорт соҳасида ишлайдиган бутун ўзбекистонликлар биларди. Наҳотки спорт соҳаси вакили Ўзбекистон ва Тожикистоннинг биринчи рақамли қизиқчисини ўз латифалари билан ҳайрон қолдирган бўлса?..

Нима бўлса бўлди, дедим-да, Тоир акани излаб топдим. Ҳақиқатан ҳам ташқи кўриниши Кипианига менгзаб кетади. Суҳбат асно камина Ҳожибой Тожибоевнинг гапларини эслатдим. У киши ёйилиб кулдилар.

—Биз Ҳожибой Тожибоев билан қадрдон ака-ука эдик, —дея  сўзини бошлади Тоир ака. —Тожикистондаги уйига ўтган-кетганда албатта, хонадонимга бир бор бош суқар эди. Гап орасида, қани Тоиржон, битта янгисидан бўлсин, дерди. Мен образга кириб латифа айтардим. Ҳожибой аканинг ўроқ ҳақидаги ҳангомаси бор-ку, менинг латифамдан туғилган. Белўроқда ўт ўраётган колхозчининг олдига келган раҳбарлардан бири чалғининг боришидан яхши натижа  чиқаётганини, бироқ шу ўроқнинг орқасига яна бир мослама ўрнатилса, иш унуми икки баробар ошишини маслаҳат беради. Колхозчининг олдига келган иккинчи, учинчи раҳбарлар ҳам ўз “рационализаторлик” таклифларини айтишади. Ана шу тариқа Ҳожибой Тожибоевнинг репертурида ҳаётий бир ҳангома пайдо бўлди.

 Гапнинг рости, ҳар гал шу ҳангомани эшитганимда мен ҳам қотиб-қотиб, ётиб-ётиб куламан. Чунки у мен билган ҳаёт ҳақиқатига жуда яқин. Кейин билсам, Тоир ака анекдот (латифа) устаси экан. У кишининг бисотида 1000 дан зиёд латифалар бор экан.

—Юрий Никулин бўлиб кетинг-э. Машҳур актёр анекдотларини бир неча китоб қилиб чиқарган. Сиз ҳам шу ишга қўл урсангиз бўлмайдими? — дейман.

—Мана, эшитинг. Юра аканинг латифаларидан бирини айтиб бераман. “Бир мижоз докторнинг олдига келибди. Шифокор унинг қон босимини ўлчаб, анграйиб қолибди.

—Умрим бино бўлиб одамнинг қон босими ноль бўлишини илк бор кўришим, деса, мижоз – ўртоқ доктор, бу қўлим протез, дермиш”.

Иккимиз ёйилиб кулдик.

—”Сирдарё ҳақиқати” газетаси латифаларимга харидор бўлса, пешма-пеш тайёрлаб беришга розиман, — дейди Тоир Атабабаев.

—Хўш, Кипиани лақабини қачон ва қандай олгансиз? — дея суҳбатдошимга юзланаман.

—Бунинг тарихи узоқ, — дея ҳикоясини бошлайди.

Атабабаевлар оиласи ўтган асрнинг 50-йилларида Мирзачўлни ўзлаштириш учун Жиззах шаҳридан Гулистон туманига кўчиб келади. Оила бошлиғи Исроил Атабабаевнинг касби юрист эди. Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида ҳуқуқшунослик курсларида ўқиб қайтганди. Гарчанд у киши олий таълим олмаган бўлса-да, эл орасида ўз адолати билан шуҳрат қозонганди. Тоир 1969 йил туман марказидаги Максим Горький номли 1-умумий ўрта таълим мактабини битириб, Самарқанд танк билим юрти қошидаги курсда ўқиди. Сўнгра Термизда 1 ярим йил танк полкида хизмат қилди. Ҳарбийда хизмат қилган кезларида унинг спортга бўлган қобилияти ёрқин намоён бўлди. Тоир шахмат ва футболни профессионал даражада ўйнарди. У 1970 йилда шахмат бўйича ҳарбийлар ўртасида Туркистон ҳарбий округи чемпиони бўлди. У тузган футбол жамоаси полк чемпионига айланди. Тоир майдонда чап қанот ҳужумчиси сифатда тўп сурарди.

Хизматдан қайтгач, ота изидан кетмоқчи бўлди. 6 йил Гулистон тумани судида иш юритувчи бўлиб ишлади. Суд раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Аби Карабеков таълимини олди. Бироқ Тоирни кўпроқ спорт соҳаси оҳанрабодек ўзига тортарди. 1977 йилда вилоят “Пахтакор” кўнгилли спорт жамияти раиси Исоқ Холиқулов Тоир Атабабаевга чорлов билан чиқди. Бу жамият ўша пайтда қишлоқ спортини ривожлантиришга масъул эди.

—Сизнинг таърифингизни орқаворотдан эшитиб юрибман, — дея сўзини бошлади Исоқ Холиқулов. —Спорт деса, томдан ташлайдиганлар хилидан экансиз. Гулистон туманида қишлоқ спорти орқада қолаётир. Шу жамият туман бўлими раҳбарлигини қўлингизга олсангиз.

—Таклифингиз маъқул, -деди Тоир Атабабаев. —Бироқ менинг маълумотим ўрта. Кучим етармикин?

—Диплом бу икки энлик қоғоз. Сизда эса маҳорат, шижоат бор. Шахмат бўйича спорт усталигига номзод, футбол бўйича эса I-разрядингиз бор экан. Ташкилотчилигингиз ҳам шунга яраша бўлса, ишим юришиб кетди, деяверинг.

Ишонч инсонни олға ундайди. Гулистон тумани ўша пайтда спорт бўйича вилоятда 11-ўринни эгаллаб турарди. Ёш кадр енг шимариб ишга киришди. Каттани ака, кичикни ука, деб спорт секцияларига жалб этди. У ишга тайинланган кундан икки ой ўтгач, қишлоқ хўжалик ходимларининг вилоят спартакиадаси бўлиб ўтди. Гулистон жамоаси спортнинг 10 тури бўйича қатнашиб, вилоятда Сирдарё туманидан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Ёш раҳбарнинг муваффақияти воҳада овоза бўлиб кетди. 1982 йилда Гулистон тумани футбол жамоаси республикада биринчи ўринни эгаллаб, СССР миқёсида ўтказиладиган турнирга йўлланмани қўлга киритди. Қримнинг Коктебель шаҳрида старт олган турнирда 15 та республикадан кучли жамоалар ташриф буюрди. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Гулистон футбол жамоаси пировардида 4-ўринни эгаллади. Грузиядан келган қишлоқ футболчилари Тоирга турнирдаги ўйинларини кўриб ўзбек “Кипиани”си деб ном бердилар. Бу лақаб унга узукка кўз қўйгандек ярашиб тушди.

Кейинги йил ҳам гулистонлик футболчилар республикада ғолиб чиқиб, Украинанинг Одесса области Татарбунар шаҳрида ўтадиган умумиттифоқ мусобақасига йўл олдилар. “Татарбунар исёни” (“Татарбунарского восстания”) колхози раиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Украина Олий Советининг депутати Василий Захарович Тур ўзбекистонликларни иззат-икром билан кутиб олди. Чунки у Мирзачўлни ўзлаштиришда бир муддат ишлаб кетган экан. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, бағрикенглигидан хабардор экан. Ушбу турнирда гулистонлик футболчилар 5-ўринни эгалладилар.

Иттифоқ миқёсида ўтказилган мусобақалардаги муваффақиятлар Тоир Атабабаевнинг обрўсини ошириб юборди. 1984 йилда ўтказилган вилоят қишлоқ хўжалик ходимлари спартакиадасида Гулистон тумани спортчилари Сирдарё туманини ҳам ортда қолдирди. Шу йили Тоир Атабабев ГТО кўпкураши мусобақаларида Ўзбекистон чемпиони бўлди. Ўрта маълумотли бўла туриб, 1995-2001 йиллар миёнасида туман спорт бўлимини бош-қарди. Бир неча йил вилоятимизнинг бош футбол жамоаси “Пахтачи”да тўп сурди. Қулоқлари остида ҳамон ишқибозларнинг “бўш келма, Кипиани!” деган ҳайқириқлари эшитилиб тургандай бўлади.

—Армоним Давид Кипиани билан учрашолмаганим, — дейди қаҳрамонимиз. — Суйган футболчим 2001 йил 17 сент-ябрь куни автоҳалокатдан 49 ёшида оламдан ўтди. Энди мен – Тоир Кипиани қолдим.

1990 йил Гулистон тумани стадионида қаҳрамонимизнинг спорт, хусусан футбол билан хайрлашув кечаси бўлиб ўтди. Тантанага бокс бўйича жаҳон чемпиони, Тошкент йўлбарси Руфат Рисқиев ташриф буюрди. У майдонда тўпни рамзий тарзда ўйинга киритиб берди. Тоир Кипиани сўнгги бор ишқибозлари олдида яшил майдонда тўп сурди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Азимов дилбар қўшиқлари билан кечага файз бағишлади.

Тоир Атабабаев пенсияга чиққандан кейин ҳам уйида қўл қовуштириб ўтирмади. 1995 йилда туман ҳокими Ўтбосар Абдиевнинг ташаббуси билан “Соҳил” мини футбол жамоасини тузди. Гулистонлик футзалчилар олий лигада кучли жамоалар билан тенгма-тенг тўп сура бошладилар. 1997 йилда “Соҳил” жамоаси Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрининг 850 йиллиги муносабати билан ўтказилган нуфузли турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. 49 та давлатдан келган мини футбол жамоалари ўртасида 7-ўринни эгаллади.

Қаҳрамонимиз – серқирра инсон. Ўзбек ва жаҳон шоирларининг юзлаб шеърларини ёд билади. Айниқса, опаси Бутундунё антик академиясининг фахрий академиги, бир неча шеърий китоблар муаллифи Муяссар Атабабаеванинг барча  шеърларини ёд ўқийди.

—Мана шу шеърни мақолангиз хотимасига тиркаб қўйинг. Ёшлар ўқиб нуронийларни ҳурмат қилишни ўрганишсин, —дея Тоир Атабабаев бир нуқтага тикилганча ёддан шеър ўқий бошлади.

Қариси бор уйнинг файзи бўлакдир,

Улар билан бахтинг тўкис, демакдир.

Уларнинг дуоси яхши тилакдир,

Фарзандсан, бошингга кўтарсанг арзир!

Кексалар паноҳинг, суянчинг, тоғинг,

Улар меҳри билан кўкарар боғинг,

Буни тушунарсан қариган чоғинг,

Фарзандсан, бошингга кўтарсанг арзир!

Хурсанд қил қариган ота-онангни,

Уларга ажрат кенг, ёруғ хонангни.

Ёвуз куч қучмасин жону танангни,

Фарзандсан, бошингга кўтарсанг арзир!..

Узундан узоқ шеър кишини турфа ўйларга толдиради. Тоиржон бундай шеърларни дўстлар даврасида, тўю ҳашамларда ўқиб, ёшу қарини инсофу тавфиққа чорлайди. Буям тарбиянинг бир йўли.

Атабабаевлар оиласини Деҳқонобод шаҳарчасида барча ҳурмат қилади. Оила бекаси Тожихон Исоқова — олий маълумотли ўқитувчи. 37 йил туман марказидаги 70-мактаб-интернатда ёшларга тарих-географиядан дарс берди. Уч қизи ҳаётда ўз йўлларини топиб кетган. Ўғли Шарофжон эса тадбиркорлик билан шуғулланади. Шундай тартибли, тарбияли оилаларни кўрганда қувониб кетасан киши. Ахир, ўзбегимнинг номини дунёаро шундай маънавиятли оилалар юзага чиқаради-да!

                          Муҳаммадали АҲМАД.

Фурқат ТОШМАТОВ олган сурат.

You may also like...

Fikr bildirish