ҲАКИМЖОН ЮНУСОВ ИБРАТИ ЁХУД ЎЗИ ТАҲСИЛ ОЛГАН МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИГА СТИПЕНДИЯЛАР ЖОРИЙ ҚИЛГАН РАҲБАР

*Қучоқ очиб мактабларга борайлик

Халқимизда: “Бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом” деган нақл бор. Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳакимжон Юнусов 14 йилдан буён Боёвут туманидаги ўзи таҳсил олган 49-умумий ўрта таълим мактабига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Кейинги уч-тўрт йил оралиғида мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилишга, ўқитувчининг обрўсини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз раҳнамолигида бу тизимни изчил ривожлантириш бўйича 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилинди. 23 август куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида  бир фикрни қатъий равишда ўртага ташладилар: ”Мактаб — бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак”.

Қаҳрамонимиз аллақачон бу даъватни ўзининг кундалик иш тутумига айлантириб улгурган. Энг аввало, ўзи ўқиган мактабни замон талаблари даражасида жиҳозланишига яқиндан ёрдам кўрсатган. Синф хоналари ва коридорлардаги кўргазмали воситалар кўрган кўзни қувонтиради. Бундан ташқари, бино ташқарисига кўркам тасвирий тарғибот воситалари ўрнатилган.

Ҳакимжон Юнусовнинг ибрат олса арзийдиган яхши бир хислати бор. Тошкент ва Гулистонда яшаб ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар, олимлар, журналистларни гўё ўз уйига меҳмонга чақиргандек  мактабига чорлайверади. Ёш мактабдошлари маънавий озиқ олса, хазина топган кончидек қувониб кетади. Бир йили каминани ҳам Сўнгги қўнғироқ тантаналарига таклиф қилди. Ўшанда у кишининг мактабда машҳурликка эришганига ҳавас қилганман. Биринчи синф ўқувчисидан тортиб, мактаб директоригача Ҳакимжон Юнусовга оғзидан бол томиб мурожаат қилади. Бу иззат-икромнинг замирида саховатпеша инсоннинг катта меҳнати ётибди.

 Халқимиз: “Қуруқ гап қулоққа ёқмас”, дея ўгит беради. Келинг, энди аниқ мисолларга ўйтай. Ҳар йили Сўнгги қўнғироқ тантаналарида у кишининг саъй-ҳаракати билан 5 нафар устоз “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши аёл ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши синф раҳбари”, “Йилнинг энг яхши ташаббускор ўқитувчиси”, “Йилнинг энг фидойи ўқитувчиси” номинациялари бўйича тақдирланади. Уларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилади. Янги ўқув йили арафасида ўтган видеоселектор йиғилишида Юртбошимиз: “Мактаб ўқитувчисини моддий раҳбатлантирмасак, унинг ҳаёт сифатини оширмасак, ислоҳот, натижа ҳақида гапира олмаймиз”, дедилар. Устозларни давлат йўли билан рағбатлантириш бир сари, шу билан бирга вазирларимиз, ҳокимларимиз, тадбиркорларимиз худди Ҳакимжон Юнусовдек ўзлари таҳсил олган мактабларнинг ўқитувчиларини тақдирлаб борсалар, жамиятимизда ўқитувчининг мартабаси янада ошади.

Қаҳрамонимиз айни дамда қадрдон мактабида таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчиларни ҳам эсдан чиқармайди. Ҳар йили “Сўнгги қўнғироқ” тантаналарида “Йилнинг фанлар бўйича энг яхши ўқувчилари” номинацияси остида 6 нафар аълочи ва жамоатчи ўқувчи диплом ва қимматбаҳо совғалар билан сийланади. Бундан ташқари, 1 нафардан ўқувчи “Йилнинг энг фаол Ёшлар иттифоқи аъзоси” ҳамда “Йилнинг энг яхши спортчи-ўқувчиси” номинацияларига ноил бўлади. У кишининг серҳафсалалигини қаранг. Номинацияларни қўлга киритган ўқувчиларга махсус медаллар тайёрлатади. Ана мактабга ҳурмат, ана ўқитувчи ва ўқувчига эътибор, ана келажакка муносабат.

Бу йил Биринчи қўнғироқ тантаналарида саховатпеша инсоннинг ҳотамтойлиги  янада жўш уриб кетди. Мактабдошларини янги ўқув йили билан қизғин табрикларкан 1 нафардан 9 ҳамда 10-синфлар ўқувчиларига ҳар чоракда 500 000 сўмдан стипендия жорий қилганлигини очиқлади. Мазкур суммани тўрт чоракка кўпайтирсак, 4 000 000 сўм пул бўлади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фарзандларига, дунё иморатлари ичида энг улуғи саналган мактабга (Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомизнинг гаплари) эътиборли бўлган ота-оналарга   қимматбаҳо совғаси билан “Ташаккурнома”лар йўллашни йўлга қўймоқда. Таълим муассасасида қишлоқ ва мактаб тарихи музейини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

— Ота-боболаримиз ўтган асрнинг 50-йилларида Баландчақир қишлоғидан чўлга кўчиб тушишган, —дейди Ҳакимжон Юнусов. —Мен ҳам шу ерда туғилганман. Болалигимни эсласам ертўлалар, шўр босган далада югуриб юрган юмронқозиқлар, жинғил, қўйтикан ва читир босиб ётган дашт келади. Қуш учса, қаноти, одам юрса, оёғи куядиган саҳрода оталаримиз кўркам Ватан бунёд қилдилар. Қишлоғимизнинг номини боболаримиз Мингтерак деб қўйганлар. Ҳозир қишлоқ кўчаларида аскарлардай кўкка бўй чўзган тераклар чўл шамолларида чапак чалади. Анчадан буён ҳаммамизга маърифат улашган мактабимизда музей очишни ўйлаб юрган эдим. Президентимизнинг “Миллий тикланишдан—миллий юксалиш сари”  тамойилига асосланиб, ёш авлодни болаликдан миллий ғурурли ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш мақсадида мана шу эзгу ишга қўл урдим.

Ҳа, жамиятимизда мана шундай миллатсевар ва валломат кишиларимизнинг борлиги барчамизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Ҳакимжон Юнусовдай миллат ва Ватан тақдирини ўйлайдиган инсонларнинг кўпайиши келажагимиз ойдинлигидан мужда беради.

Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирларда: Ҳакимжон Юнусов Биринчи қўнғироқ тантанасида мактабга илк қадам қўйган қизалоққа Президентимиз совғасини топширмоқда; бу қора кўзларнинг барчаси қаҳрамонимизни “Ҳакимжон бобо”, деб чақиришади.

You may also like...

Fikr bildirish