ЁНБОШКАШ ЁХУД БЕЛБОҒЛИ КУРАШ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА БИРИНЧИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

Гапнинг рости, жаҳон чемпиони деган номни кўтариб юрган кишиларни кўрганимда таъзим қилгим келади. Бирдан кўз олдимда етти иқлим акс этган дунё харитаси жонланади. Осиёю Европа, Африкаю Америка, Австралия қитъаларидаги ўнлаб мамлакатларнинг манамен, деган спортчиларини енгиб, чемпион бўлиш осон деб ўйлайсизми?!

Болалик дамларим кечагидек эсимда. Қишнинг бир тутам кунлари қишлоғимиз оқсоқоллари белбоғли кураш бўйича ёшлар ўртасида маҳалла биринчилигини ўтказишарди. Полвонлар маҳалла чемпиони бўламан, деб майдонда қора терга ботишарди. Ғолибликни қўлга киритган полвонга совға ҳам берилмасди. Маҳалла чемпиони деган номнинг ўзи унинг ғурурини осмон қадар кўтариб юборарди. Жаҳон чемпиони бўлишнинг мартабаси нечоғлиқ баландлигини ана шу мисол орқали англаб етаверинг.

Белбоғли ёхуд фарғонача кураш ҳам халқимизнинг миллий қадриятлари сирасига киради. Ёвқур, мард кишиларга нисбатан белида белбоғи бор, деган ибора бежиз ишлатилмаган. Белбоғли кураш билан асосан эр йигитлар шуғулланган бўлсалар-да, кези келганда ор-номус учун аёллар ҳам майдонга тушганлар. Бунга машҳур эпосимиз “Алпомиш”даги Барчинойнинг хатти-ҳаракатлари ёрқин мисол бўла олади. (Севимли ёзувчимиз  Нормурод Норқобилнинг “Полвон” ҳикоясида ҳам ор-номус учун майдонга чиққан аёл полвоннинг характери яхши очиб берилган).

Истиқлолдан кейин белбоғли кураш билан барчинкелбат қизларимиз ҳам астойдил шуғуллана бошлашди. Ана шундай полвонларимиздан бири икки карра жаҳон ва бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, боёвутлик Фарангиз Абдунабиева бўлади. У 5 йилдан буён моҳир мураббий Жавлонбек Миржумаев қўлида шуғулланиб келади. Айни чоғда Гулистон ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернатининг 9-синфида таҳсил олади.

Фарангизнинг курашга кириб келишига отаси Одилжон Абдураҳмонов сабабчи бўлган. Маълумингизким, вилоятимизда белбоғли кураш Ховос ва Боёвут туманларида яхши ривожланган. Бу ерда тез-тез курашли тўйлар ва сайиллар ўтказиб турилади. Майдонда алпларнинг наъра тортиб курашишларини Одилжон кўп бор кузатган. Қизи спорт билан шуғулланишни ихтиёр этганида Боёвут тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг кураш секциясига етаклаб борди. Шу-шу қизгина белбоғли курашнинг жозибасига ошуфта бўлиб қолди.

 БЎСМда кураш тушганида Фарангизнинг олдига тушадиган рақиб топилмасди. Бироқ республика миқёсида ўтказиладиган турнирларда ҳаяжон босиб, енгилиб қоларди. Жавлонбек Миржумаев шогирдини психологик жиҳатдан тайёрлашга алоҳида эътибор қаратди. 2017 йил Самарқанд шаҳрида 2000-2002 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олди. Фарангиз финалда андижонлик рақибасига рўбарў келди. У гиламга қадам қўйиши билан бутун эътиборини курашга қаратди. Зал тўла одамларнинг бақириқ-чақириқлари ҳам қулоғига кирмай қолди. Гўё гиламда ўзи ва рақибасидан бошқа ҳеч ким йўқдек.

 Водий қизлари азалдан чайир келади. Чунки фарғонача кураш шу ердан чиққан-да! Курашнинг ҳадисларини яхши билишади. Бироқ Сирдарё заминида улғайган Фарангиз ҳам бўш келмади. Рақибасини пайт пойлаб ёнбош усулида гиламга юз тубан қулатди. Бирдан қулоқ пардалари очилиб кетди. “Балли, Фарангиз! Ҳалол!” деган ҳайқириқлардан чемпион бўлганини англаб етди. Кўзларига севинч ёшлари қуйилиб келди. Бир вақт ўзини устозининг ёнида кўрди. Чемпион бўлиш қандай масъулиятли, қандай шарафли!

 Фарангиз белбоғли кураш бўйича 5 карра Ўзбекистон чемпиони. Бироқ жаҳон чемпиони бўлишни ўйласа, кўз олдига қаторлашиб турган барчинкелбат қизлар келаверарди.

2018 йилнинг 6-9 декабрь кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати қизғин курашлар остида ўтди. 44 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Фарангиз финалда туркманистонлик рақибаси билан беллашди. Унинг жонига яна машғулотларда ўрганган ёнбош усули қўл келди. Кетма-кет икки бор рақибини ёнбош усулида ер чўккалатди.  Беллашув тугагач, ўртадаги ҳакам Фарангизнинг қўлини озод кўтарди. Ҳа, у жаҳон чемпиони бўлган эди. Ўзбек қизлари орасида белбоғли кураш бўйича биринчи жаҳон чемпиони. Бундай пайтда полвоннинг кўнглини сурур ва ғурур қамраб олади.

Жорий йил апрель ойида Навоий шаҳрида навбатдаги мамлакат чемпионати бўлиб ўтди. Унда Фарангиз Абдунабиева барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олди. 8-11 август кунлари Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун 2002-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати  бошланди. Унда 40 та мамлакатдан 200 га яқин полвонлар келди. Фарангиз белбоғли курашнинг эркин усулида 48 килограмм вазн тоифасида барча рақибаларининг елкасини ер искатиб, финалга чиқди. Олтин медаль учун курашда унга фарғоналик Шоҳиста рўбарў келди. Рақибини юлдуз санатиши учун Фарангизга 5 сония кифоя қилди. Севимли услуби ёнбошни қўллаб, рақибасини ҳалолу покиза  енгди. Унинг шарафига Мадҳиямиз янграб, байроғимиз кўтарилди.

–Менинг энг яхши кўрган усулларим ёнбош ва ўнг томонга кўтариб ташлаш, – дейди Фарангиз. – Айни чоғда белбоғли курашнинг классик ва эркин усуллари мавжуд. Илгарилари қизлар асосан эркин усулда курашар эди. Ҳозир бизларга ҳам классик усулда беллашишга рухсат этилган.

Олмалиқда Фарангизга акаси Отабек ҳамроҳлик қилди. Дарвоқе, у ҳам белбоғли кураш бўйича 2 карра Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Чемпион қиз мусобақадан қайтгач, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ифтихор Ўроқов ва Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати директори Сирожиддин Муҳаммадиевлар совға-саломлар билан уйларига йўқлаб боришди. Шундай қизни тарбиялаб, вояга етказган она – Қумринисо Абдураҳмоновага ўзларининг “Ташаккурнома”ларини топширишди.

Жаҳон чемпиони ва унинг устози билан суҳбатлашганимда  бир муаммони илғагандай бўлдим. Раҳбарлар ўзимизнинг миллий спортимиз бўйича чемпионликни қўлга киритган спортчиларга у қадар эътибор бермаётгандек таассурот уйғотмоқда. Спортнинг Олимпиада турларида арзимаган ютуқларни қўлга киритган спортчилар ҳам бинойидек шарафланмоқда. Фикри ожизимизча, миллий спорт турларимиз бўйича жаҳон чемпионларини кўкларга кўтариб эъзозлашимиз шарт. Бу ўсиб келаётган ёш авлодда миллий ўзлигимизга муҳаббат уйғотади. Ўз тили, урф-одатлари, миллий спорт турларини улуғламаган халқ жаҳон айвонида обрў-эътиборга эга бўлмайди.

             Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирда: белбоғли кураш бўйича 2 карра жаҳон чемпиони Фарангиз Абдунабиева.

Муаллиф олган сурат.

You may also like...

Fikr bildirish