СИЗДАН ХАФА БЎЛДИМ, НОШИРЛАР!

*Газетхон танқид қилади

Мамлакатимизда китоб мутолаасига қаратилаётган эътиборни кўриб беҳад қувонамиз. Сўнгги йиллар орасида бу соҳада сезиларли ўзгаришлар, ижобий ислоҳотлар кузатилмоқда. “Китоб ўқинг, машина мининг”, деган шиор кўплаб ёшларни мутолаага қизиқтириб қўйди, десак муболаға бўлмайди. Ҳеч бўлмаса, танлов баҳонасида китоб қидириб, адиблар ҳаётини ўрганиб, изланаётган ёшларнинг тобора кўпайиб бораётгани яхши, албатта.

Бугун кутубхоналарда китоблар етарли, китобхонлар сони ҳам йил сайин  кўпайиб борётир. Мамлакатимиздаги нашриётлар адибларимиз, ёш ижодкорларларимизнинг асарларини пайдар-пай нашр қилмоқда. Бундан кўнглимиз тўқ. Бироқ нашр қилинаётган асарлар орасида китобхонни чалғитадиган, асабига тегадиган кўз илғамас хатоларга йўл қўйилаётгани ачинарли ҳол.

Яқинда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 2018 йилда нашр қилинган “Икки эшик ораси” китобини харид қилиб, шахсий кутубхонамга қўшиб қўйдим. Китобни варақлар эканман, беихтиёр зарварағида асар жанри “қисса” деб битиб қўйилганига кўзим тушиб, ҳайрон бўлиб қолдим. Зеро, адиб романларининг гултожи ҳисобланган бу китоб кириб бормаган ўзбек хонадони йўқ.. Тошкентдаги “Адабиёт учқунлари” нашриётида тайёрланган китобдаги бу янги “ихтиро”ни кўриб, нашриёт томонидан буюк адимизнинг ўлмас адабий меросига нисбатан эътиборсизлик қилинганлигини англадим. Тағин, китоб сўзбошисида Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги” қарорининг келтирилганлигию, унинг ортидан “Ушбу нашрнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, у ўзбек тилининг ҳозирги имло қоидаларига тўлиқ мосланган шаклда берилди”, дея ёзилганлиги кулгимизни келтирди. Романни “қисса” дея нашр қилиб, “ихтиро” қилишга уста ноширлар,  хатоларини тўғрилашса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Китобнинг зарварағида “қисса” деб, сўнгги бетида эса “роман” дея рақам этилгани ҳар қандай китобхонни, айниқса, ёшларни чалғитиши турган гап. 8-9-синфларда ўқийдиган ука-сингилларимга китобни кўрсатиб, “Икки эшик ораси” романми, қиссами, дея савол берганимда: “Ана ёзиб қўйишибдику, ака, қисса экан”, дея жавоб олганимда кичик хатонинг салбий оқибатларга олиб келишидан ташвишландим. Сабаби, китоб минг нусхада нашр қилинган. Укажон ва сингилжонларимизнинг асарни қисса дея, қулоқларига қуйиб олишларини кўз олдимга келтириб, нашр мутасаддиларидан хафа бўлиб кетдим.                               

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ,
Мирзаобод тумани 15-умумий
ўрта таълим мактабининг ўқувчиси

You may also like...

Fikr bildirish