ОЧИҚ ОСМОН ОСТИДА МАҲОРАТ ДАРСЛАРИ

*Ёш журналистлар учун медиа-тур

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан воҳамизда яшаб ижод қилаётган ёш журналистлар, олийгоҳларда таҳсил олаётган соҳанинг бўлажак ворислари иштирокида “Ёшлар нигоҳи билан келажакка назар соламиз” мавзусида Сирдарё бўйига саёҳат ва очиқ осмон остида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Энадарёмиз вилоятимизнинг рамзи саналади. Чунки у шаҳару қишлоқларимиз, боғу роғларимиз, далаларимизга обиҳаёт улашади. Медиа тур қатнашчилари Сирдарё шаҳрини оралаб ўтиб Меҳнат станцияси йўлига чиққанларида ажиб бир саноат шаҳарчасига рўбарў келдилар. Бу ерда “Пенг-шен” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси, “Дўстлик” боғи, мактабгача таълим муассасаси ва бошқа қатор маданий-маиший иншоотлар қад ростлаган. Сирдарё шаҳридан “Шоликор” маҳалласига олиб борадиган йўл жонон бир кўринишга келтирилибди. Бу йўлдан юрган машиналар “қилт” этмай равон юради.

Сирдарё бўйидаги оромгоҳга етиб борганимизда, қуёш икки терак бўйи кўтарилган эди. Ёзги  таътил пайти бу ерда дам олган ўғил-қизлар аллақачон уй-уйларига равона бўлишган. Дарахтлар қуюқ соя ташлаб турган йўлаклар тинч, осуда. Ҳаводан кузнинг иси келади. Биз учун тайёрланган майдончадаги стулларга ўрнашиб, нафас ростладик. Орадан кўп ўтмай қизғин гурунг бошланиб кетди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев, унинг ўринбосари Дилором Исмадиёрова ёш журналистлар учун мавзу топиб беришди. Тажрибали ва ёш журналистлар ўртасида ўзига хос дилтортар гурунг бошланди. Бир неча тиш қоққан журналистлар ўзларининг изларидан келаётган ёш ижодкорларга соҳага қандай кириб келганлиги, муваффақиятлари сири ҳақида сўзлаб бердилар. Ёш журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтардилар.

Кофе-брейкдан кейин медиа-тур иштирокчилари ўртасида шахмат-шашка мусобақалари бошланди. Кўп ўтмай “кишт”, “шаҳ” деган каломлар янграй бошлади. Ана шу тариқа медиа-тур иштирокчилари ақлларини чархлаб олдилар. Шахмат-шашка мусобақаларининг барча қатнашчиларига Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари —бадиий китоблар топширилди.

Сўнгра медиа-тур иштирокчилари энадарёмиз Сирдарё соҳилига йўл олдилар. Дарё ҳориган онадек сокин оқмоқда. Аввалги айқириб оққан оқиндан нишона ҳам йўқ. Пахта яккаҳокимлиги ҳукмрон бўлган йиллар Сирдарёнинг сувлари ўнлаб каналлар тортилиб, дашт қўйнига оқизилган. Хаёлимга беихтиёр ҳассос шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сирдарё ўлани” манзумасидаги  мана бу маҳзун сатрлар келди.

                                    Сен борсанки, кенг воҳада ҳаёт бор,

                                    Демак, юртнинг лабида бол, набот бор,

                                    Сенда элим саботидек сабот бор,

                                    Собит бўлгин, Она сойдан нажот бор,

                                    Оқиб тургин, қуриб қолма, онажон.

Буни қарангки, ёш журналистлар орасида Сирдарёни соҳилида туриб кўрмаганлар ҳам бор экан. Ҳамманинг диққати дарёга қармоқ ташлаб, пўкаги қимирлашини синчков кузатиб турган болакайга тушди. Асадбек Одилов “Шоликор” маҳалласидаги 8-умумий ўрта таълим мактабининг 6-синфида ўқиркан. Эрталабдан буён ярим қаричча келадиган учта балиқ тутибди. Медиа-тур иштирокчилари орасида  бир-бирига: “Қармоққа олтин балиқ илинса, нима тилак тилардинг”, деган ҳазил баҳс-мунозара бошланди. Энадарё бўйлаб саёҳат журналистларга ажиб бир жўшқин кайфият бағишлади.

Дарёдан қайтгач, медиа-тур қатнашчилари мўъжазгина айвончанинг гирдо-гирдини қўрғалаб ўтиришди. Тажрибали журналистлар ёш ука-сингилларига долзарб мавзуларда маҳорат дарслари ўтиб беришди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳайъати аъзоси, “Сирдарё” газетаси бош муҳаррири Умарқул Очиловнинг “Миллий ғоядан — миллий юксалишга” мавзусидаги маҳорат сабоғи бугунги куннинг энг долзарб муаммосини кўтарганлиги билан ҳам ажралиб турди. “Сырдаринская правда” газетаси бўлим мудири Тўлқин Аҳмадалиевнинг “Халқаро журналистика сабоқлари” мавзусидаги суҳбати ёш журналистларни жаҳон миқёсидаги ҳамксбларидан ўрнак олиш ва ўрганишга чақирганлиги билан ҳам ажралиб турди. Дилором Исмадиёрова эса ёш дўстларига журналист бўлиш учун нималарга эътибор бериш зарурлигини уқтирди. Мен ҳам Президентимизнинг 5 ташаббуси ва уни ОАВда қандай ёритиш йўллари ҳақида ўз тажрибаларимни сўзлаб бердим.

Айниқса, семинар-тренингда ёш журналистларнинг фикрларини эшитиш мароқли бўлди. Ёш журналистлар орасида оргинал фикрлайдиган, ўз сўзи ва қарашига эга бўлган ижодкорлар борлиги кишини қувонтиради. Мана уларнинг айрим фикрлари.

Алишер ШЕРАЛИЕВ, Гулистон давлат университетининг 4-курс талабаси: — Ҳар йили курсдошларимиз билан фалон пулга газета-журналларга обуна бўламиз. Бироқ вақтли нашрлар ўз вақтида қўлимизга тегмайди. Ваҳоланки, журналистлар орасида газетанинг умри бир кун, деган гап юради. Эскирган хабарларни ўқишдан не фойда? Яна бир фикрим: журналистлар эркинроқ ижод қилсалар. Бунга газета ва телевидение раҳбарлари шароит яратиб беришса…

Ёш дўстимизнинг фикри анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Эркинлик берилмайди, балки кураш билан олинади, дейишди даврадагилар. Бунинг учун журналистда журъат ва жасорат бўлиши уқтириб ўтилди.

Соҳиба ЎРОЛОВА, вилоят телерадиокомпанияси ходими: — Бундай тадбирлар биз, ёш журналистлар учун сув билан ҳаводек зарур. Тажрибали ҳамкасбларимиздан кўп нарсаларни ўргандик. Бунинг учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимига ўз ташаккуримни билдираман.

Мафтуна АБДУКАРИМОВА, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2-босқич талабаси: — Журналистлар воқеликни ёритганда жимжимадорликдан қочиб, газетхон, радио тингловчи ва телекўрувчига оддий халқ тилида етказиб беришга ҳаракат қилиши керак. Устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов ҳар гал ҳузурларига борганимда шундай насиҳат қиладилар. Мен яна журналистларнинг маҳоратига қараб тоифалар берилишини (худди ўқитувчиларга ўхшаб, I  ёхуд олий тоифали журналист) таклиф қиламан. Ана шунда текисчиликка барҳам берилади. Меҳнатларига яраша маош олишади.

Сарвиноз РАҲМОНҚУЛОВА, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2-босқич талабаси: — Журналист материал тайёрлаганда энг аввало, инсонийликни унутмаслиги лозим. Оммавий ахборот воситалари эркинлашиб, халқ дардига малҳам бўлиб яшамаса, обрў-эътибори кўтарилмайди. Замон шиддати тезлашиб кетди. Ижтимоий тармоқлар янгиликни етказишда пешқадамликни бермаслиги аниқ. Бундай пайтда босма нашрлар халқ дардини кўтарадиган танқидий-таҳлилий мақолаларга куч берса, обуначилари олдидаги миссияни тўла-тўкис бажарган бўлади. Айрим одамлар башорат қилаётганидек газеталар ҳеч қачон ўлмайди, яшаб қолади.

Баҳс-мунозарада журналист қавми қандай қилса яхши яшайди, ОАВнинг ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш йўллари, блогер ва журналист орасидаги фарқ нимада, деган масалаларга ҳам муносабат билдирилди. Ўртага ташланган мулоҳазалар нечоғлиқ тўғри бу бошқа масала. Энг асосийси ёшларимиз эркин фикрлашга ўрганаётгани, ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтишга ўрганаётгани муҳим. Фикрли инсонлар яшаётган жамиятнинг келажаги ойдин бўлиши оддий ҳақиқатдир.

Маҳорат дарсларини Бойжигит Абдуллаев хулосалади. Бундан кейин ҳам  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ёш журналистларнинг ўсиши, маҳорат касб этиши йўлида барча ёрдамни беришга тайёрлигини очиқлади. Зеро, Сирдарё журналистикасининг келажаги мана шу ёшлар қўлидадир.

Асрга ёвуқ Сирдарёдан Гулистонга йўл олдик. Ҳамманинг кайфияти чоқ. Бир вақт ёш журналистларимиз бизга нотаниш бир қўшиқни жўр бўлиб куйлаб юборишди. Сўраб-суриштириб билсак, улар журналистлар ҳақида қўшиқ яратишибди. Балки Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ҳам мадҳиясини яратишимиз керакдир. Бу қўшиқни эшитиш асно туғилган бир фикр-да!

Ҳа, биродарлар, фикрнинг бўлгани яхши. Зеро, бундан қарийб 600 йил олдин буюк мутафаккир бобомиз ҳазарат Мир Алишер Навоий демишлар:

                                        Ки ҳар ишники, қилди одамизод,

                                        Тафаккур бирла билди одамизод.

Фикрлашга мойил ёшларимиз бор экан юртимиз албатта, обод ва озод бўлғусидир.

Муҳаммадали АҲМАД,
“Сирдарё ҳақиқати” газетаси бўлим мудири

You may also like...

Fikr bildirish