Вилоят ҳокими 11-синф ўқувчисига “5” баҳо қўйди

Сардоба туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактаби истиқлолнинг илк йилларида бунёд этилган. Узоқ йиллар даврида мактаб биноси таъмирталаб бўлиб қолган эди. Жорий йилда инвестиция дастурига киритилган ва март ойидан буён капитал таъмирланаётган мазкур мактаб биносидаги қурилиш ишларини вилоятдаги пудратчи корхона – Сардор Мирзаев раҳбарлигидаги “Мудом боқий макон” МЧЖ яқин кунларда якунлаш арафасида. Мактаб биносини таъмирлаш лойиҳаси учун 341 млн сўм пул маблағи сарфланди. 22 та синф хоналарининг эшик-ромлари янгисига алмаштирилди.

Мактабда таълим олаётган 637 нафар ўқувчига 45 нафар олий маълумотли педагоглар сабоқ беришмоқда. Бугун, ўқув даргоҳига 56 нафар жажжи болакойлар бошланғич синфга илк қадамини ташлади.     

Билимлар куни муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев Сардоба туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, мактаб ўқувчиларига Мустақиллик дарсини ўтди. Дарс жараёнида ҳоким нафақат гуманитар, аниқ фанлар бўйича ҳам ўқувчилар билан савол-жавоблар олиб борди. Ҳоким саволларга аниқ ва пухта жавоб берган 11-синфнинг фаол ўқувчиси Сабрина Ўктамованинг кундалик дафтарига “5” баҳо қўйди.

Бундан ташқари ҳоким синф раҳбари Дилфуза Бердибековага планшет, ўқувчиларга эса китоблар совға қилди.

Сўнгра вилоятимиз раҳбари Ғ.Мирзаев мактаб ўқувчилари учун яратилаётган шарт-шароитлар билан танишди. Ҳоким мактаб ҳовлиси, йўлаги, боғи, ландшафт дизайнини ўзгартириб, замонавий қиёфага келтириш, гул ва дарахт кўчатлари экиш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берди.

Ҳокимимиз мактаб фойесини кўздан кечирар экан, деворда давлат рамзларининг ўрнатилиши билан боғлиқ камчиликларни аниқлаб, тез кунларда бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Ҳусан ИСОҚУЛОВ,
Фурқат ТОШМАТОВ (фото)

Сирдарё 24

You may also like...

Fikr bildirish