БУ БОҒЛАР БИР БОҒЛАР БЎЛАДИ ҲАЛИ…

4 сентябрь куни вилоятимизнинг барча умумтаълим мактабларида “Билимлар куни” муносабати билан Биринчи қўнғироқ тантаналари бўлиб ўтди. Вилоятимиз миқёсида 1-синфга қадам қўйган 15 минг 300 нафар ўғил-қизларга Президентимизнинг совғалари — ўқув анжомлари топширилди.

Воҳамизда жорий янги ўқув йили бошланишининг ўзига хос жиҳати Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг иш бошлагани бўлди. Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежининг ҳовлиси ижод мактабига қабул қилинган ўғил-қизлар ва уларнинг устозлари, пойтахтдан ташриф буюрган азиз меҳмонлар билан файзиёб бўлди. (Ижод мактабининг биноси ноябрь ойида фойдаланишга топширилади. Ҳозирча ўқувчилар мана шу масканда таҳсил олиб туришади).

Биринчи қўнғироқ тантанасида қатнашган вилоятимиз ҳокими Ғофуржон Мирзаев Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида сўнгги уч йил орасида улкан эврилишлар содир бўлганлигини таъкидлади. Бу соҳа мамлакатимиз сиёсатининг устувор сиёсатига айланганини урғулади.  Сўнгра Ҳалима Худойбердиева ижод мактабига қабул қилинган ўғил-қизларни янги  ўқув йили билан самимий қутлади.

— Меҳнатсиз, машаққатсиз  ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, — деди нотиқ. —Ўқинг, изланинг. Президентимиз, халқимиз келажакда сизлардан янги Ҳалима Худойбердиевалар, Эркин Воҳидовлар, Муҳаммад Юсуфлар етишиб чиқишини кутмоқда.

Ҳоким бово нутқининг адоғида ижод мактабининг лойиҳаси тенгсиз эканлигини, ноябрь ойида бино фойдаланишга топширилганида ҳар ойда ўзи келиб учрашувлар, мушоиралар ўтказишини алоҳида таъкидлади.

Биринчи қўнғироқ тантанларига Ҳалима Худойбердиеванинг қариндош-уруғлари, фарзандлари, шогирдлари ташриф буюришди. Ижод мактаби директори, таниқли шоир Муҳаммад Исмоил меҳмонларни бирма-бир тантана иштирокчиларига таништирди. Шоиранинг фарзандлари Улуғбек, Мирзағолиб, Моҳигул, Камола, содиқ шогирди, Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреати Гулжамол Асқарова тантананинг азиз меҳмонлари бўлдилар.

Тантанада сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг масъул котиби Ҳаётхон Ортиқбоева, шоиранинг синглиси Раҳима Худойбердиева, шоира Гулжамол Асқаровалар Ҳалима Худойбердиеванинг ўзбек адабиётида тутган юксак мавқеи ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Мактабга қабул қилинган ўғил-қизларни улуғ шоирамизга муносиб ворислар бўлишга чақирдилар. Ҳалима Худойбердиева яратган боғ улкан чаманзорга айланишини башорат қилдилар. “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали…” деган сатр тантананинг асосий леймотивини ташкил қилди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз.

Тадбирда шоир сўзи билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатилло Холиқов  куйлаган “Онагинам” қўшиғини бутун издиҳом жўр бўлиб куйлади. Бу Аёл—Она шаънига битилган қасидадек жаранглади. Ижод мактаби ўқувчилари Ҳалима Худойбердиеванинг ўтли мисраларини ёд ўқишди.

Шу ўринда бир характерли мисолни айтиб ўтмасак бўлмас. Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами тантанларида Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби ўқувчиси Боймурод Юнусов “Бахтли ўзбекман” шеърини ўқиб, барчани хушнуд қилди. Мана ўша нозик дидли халқимизни қувонтирган сатрлар.

Мен бахтли ўзбекман, озод инсонман,

Тенглар ичра тенгман, тахтим, бахтим бор.

Мен кўҳна дунёман, янги замонман,

Менинг ўз сўзим ва ўз дастхатим бор.

Кўзлаган йўлидан қайтмас карвоним,

Юракда мустаҳкам ишончим бордир.

Бошингдан зар сочай Ўзбекистоним,

Ҳар шеърим кўзмунчоқ – мўъжаз тумордир!

Мана шу биргина мисолнинг ўзиёқ ижод мактабининг ёрқин истиқболидан дарак бериб турибди.

Синф хоналарига ошиққан болажонларга меҳмонлар ва устозлар “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари ўтиб бердилар.

Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирларда: Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ўтган Биринчи қўнғироқ тантанларидан лавҳалар.

Муҳаммад КАРИМ олган суратлар

You may also like...

Fikr bildirish