Билимлар куни

Озод ва обод юртимиз узра мустақиллик байрами тантаналари шукуҳи «Билимлар куни» шодиёналарига уланиб, янги ўқув йили бошланди. Мамлакатимиздаги барча илм масканлари ўқувчи-ёшларга қучоқ очди.

Мактаб – қадрдон маскан, илм-маърифат ўчоғи. Унда меҳрибон устозларимиз бизга илму одоб ўргатадилар, қалбларимизга зиё улашиб, юксак чўққилар сари етаклайдилар.

Шунинг учун ҳам уни жуда-жуда севамиз, ҳар йили «Билимлар куни» унинг қучоғига талпинамиз. Айниқса, эндигина мактаб остонасига қадам қўяётган ўғил-қизлар вужуди қувончу шодликка, ҳавас ва ҳаяжонга тўлади.

Ахир минг-минглаб ака-опалари қатори беқиёс ғамхўрлик, қулайлик ва шарт-шароитлар мужассам бўлган муҳташам ва замонавий даргоҳлар чорламоқда уларни. Гулларга бурканган илм масканларидаги байрамона фусункорлик, кўрку чирой озод юрт эртаси янада нурли ва чароғон эканлигини бутун оламга намоён этиб турибди.

Боёвут туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида ҳам «Билимлар куни» ана шундай файзу тароват касб этди. «Биринчи қўнғироқ» тантаналарида иштирок этаётган ўқувчи-ёшлар, ота-оналар, устоз-муаллимлар, меҳмонлар – барча-барчанинг қалбини «Жонажон Ўзбекистоним мангу бўл омон!» деган эзгу ғоя янада шукроналикка тўлдиради.

Мустақил диёримиз мадҳияси садолари билан бошланган тантанада Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Рустам Эргашев ҳур ва озод диёримизнинг бахтиёр ўғил-қизларини, устоз-муаллимлар ва ота-оналарни мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик шодиёналари ҳамда «Билимлар куни» билан муборакбод этди.

Эндигина мактаб остонасига қадам қўйган 61 нафар 1 синф ўқувчиларига эзгу истак асосида келажагимиз эгаларига беқиёс ғамхўрликлар кўрсатаётган Президентимиз совғалари топширилди.

Ютуқ ва муваффақиятлар билан янги ўқув йилини кутиб олаётган мактабда йиғилганларнинг гулдирос қарсаклари, олқишлар остида «Биринчи қўнғироқ» садолари янграб, «Мустақиллик дарси» бошланди.

Барча синфларда «Жонажон Ўзбекистоним мангу бўл омон!» деган эзгу ғоя асосида ташкил этилган «Мустақиллик дарслари» ҳур ва озод диёримизнинг истиқлол давридаги одимлари, қўлга киритилган оламшумул ютуқ ва муваффақиятлар, тинчлик ва осойишталик қадри, бахтиёр болалик ва саодатли ҳаёт шукронаси, мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг янада порлоқ эртасига муносиб камол топиш туйғуларини ўзида мужассам этди. Айниқса, 1 , 9 синфларда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Рустам Эргашев ўтган «Мустақиллик дарси» ўқувчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

– Бугун 1 синфга қадам қўйдим, – дейди жажжи ўқувчи Робия Қаҳрамонова. – Ака-опаларим каби тезроқ улғайиб, мактабга боришни, ҳарфларни ўрганишни жуда-жуда орзу қилардим. – Бугун севинч ва ҳаяжоним чексиз. «Биринчи қўнғироқ» шодиёнаси жуда ҳам тантанали ўтди. – Мен ва мен каби 1 синфга келган тенгдошларим – барчамиз ранг-баранг дафтарлар, китоблар, ўқув қуролларидан иборат Президентимиз совғаларини олдик. Бу қувончли кунни ҳеч қачон унутмайман. Устозимиз «Мустақиллик дарси»да мана шу ғамхўрликлар барчаси биз болалар учун, бизнинг янада бахтли улғайишимиз учун эканлигини айтдилар. У киши айтганларидек, биз нимаики истасак барчаси муҳайё. Ҳарфларни таниб, ўқиш-ёзишни ўрганиб, онамиздек азиз ва бетакрор Ватанимизда муносиб камол топамиз.

Дарҳақиқат, ана шундай жажжи қалбларда куртак ёзаётган улкан орзу-умидларда эртанги кунимиз улғаймоқда, истиқболимиз камол топмоқда. Демак, мустақил диёримизнинг келажаги янада порлоқ ва нурафшон бўлиши, шак-шубҳасиз.

Севара МУСУРМОНОВА,
Сирдарё вилояти экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот котиби

You may also like...

Fikr bildirish