“ИСТИҚБОЛ” МАҲАЛЛАСИДА ЯНГИ ТИКУВЧИЛИК ФАБРИКАСИ

Сирдарё туманидаги “Истиқбол” маҳалласида собик МТП омбори ўрнида 120 иш ўрнига эга бўлган замонавий тикувчилик фабрикаси фойдаланишга топширилди. Тошкент шаҳридаги “ARGE FASHION” компанияси томонидан киритилган сармоя ҳисобига “Ўзпахтасаноат” уюшмаси барпо этган замонавий бинога 100 дан зиёд тикув машинаси келтириб ўрнатилди. Бу ерга ишга келган хотин қизлар, коллежларнинг битирувчилари бир ой давомида малакаларини оширдилар. Фабрикада тикувчилар нумли ишлари ва бўш вақтларида ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт шароитлар яратилган. Тикувчилик фабрикасида аёллар гигиена хонаси, 60 ўринли ошхона доимий ишлаб турибди. Бошқа ҳудудлар ва Мирзаобод туманидан қатнаб ишлаётган тикувчилар учун икки автобус ажратилган. Эътиборлиси, бу ерда тикиб, тайёрланаётган аёллар,  болалар ва катталар кийим кечаклари тўлиқ Россия давлатига экспорт  қилинади.

Фабрика очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб туманнинг энг чекка ҳудудида шундай замонавий корхона ишга туширилганлиги билан чин дилдан қутлади ва фабрика жамоаси аъзолари ишига улкан ютуқлар тилади. Байрам кунларида Сайхунобод ва Сардоба туманларида ҳам шундай фабрикалар ишга туширилаётганини мамнуният билан тилга олди.

-Биз саккиз йилдан буён Ўзбекистоннинг қатор туман ва шаҳарларида шундай замонавий фабрикалар очиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб  келаяпмиз,- дейди “Арж Фейшин” компаниясининг вакилли Режеп Билгич  жаноблари. -Туркия ва Ўзбекистон дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги тадбиркорлик фаолияти мизни кенгайтиришда муҳим роль ўйнаяпти.

– Беш фарзанднинг онасиман, -дейди “Истиқбол” маҳалласида яшовчи Нигора Қудратова. -Шу вақтгача ишсиз эдим. Қишлоғимизда шундай замонавий фабрика фаолияти йўлга қўйилганлиги айни бизнинг кўнглимиздаги иш бўлди. Ҳозир янги очилган фабрикага ишга кириб, бежирим кийим- кечаклар тикаяпман ва оилам фаровонлигини таъминлайман.

Б.ҲОШИМОВ.

Фурқат ТОШМАТОВ олган суратлар.

You may also like...

Fikr bildirish