ҚИДИРУВДАГИ ОТА “ЮЛДУЗ”ДА ЭКАН…

Мажбурий ижро бюроси Мирзаобод тумани бўлими томонидан қидирув эълон қилинган Шерзод Гаипназаров вояга етмаган фарзанди таъминоти  учун алимент тўлашдан бўйин товлаб, яшириниб юрганди. Кап-катта одамнинг қаерга “йўқолгани”дан яқинлари “бехабар”. Қидирув эълон қилинганидан сўнг ниҳоят, “йўқолиб қолган” ота топилди. Шерзод узоққа эмас, қўшни Гулистон туманидаги “Юлдуз” маҳалласига қочиб кетган экан. МИБнинг қидирув шўъбаси инспекторлари уни ўша ердан топишди.

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг қарздор Ш.Гаипназаровдан ундирувчи А.Каримбердиева фойдасига вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижрога қаратилди. Ота эса алимент тўламасдан келганлиги боис қарздорлиги 16.636.256  сўмни ташкил этди. У эса бепарво яшириниб юрди.

Мирзаобод тумани маъмурий судининг “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида қочоқ отага нисбатан суд қарори ўқилди. Ш.Гаипназаровга  Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Қарздор алимент қарзи икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўланмаган тақдирда дастлаб маъмурий жавобгарликка — ўн беш суткалик муддатга маъмурий қамоқ ёки энг кам иш ҳақининг йигирма баробари миқдоридаги жарима қўлланилиши, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин алимент қарзини икки ой давомида такроран тўламаган тақдирда жиноий жавобгарликка икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилишга тортилиши қонунда қатъий белгилаб қўйилган.

  Мирзиёд АҲМАДЖОНОВ,

Мажбурий ижро бюроси Мирзаобод тумани бўлим бошлиғи ўринбосари.

You may also like...

Fikr bildirish