МАЙДОНЧАДА ЎҒИЛ ВА ҚИЗЛАР

    *Бадминтон

“Алпомиш” спорт мажмуасида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида спортнинг бадминтон тури бўйича 2006-2008 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби очиқ биринчилиги  бўлиб ўтди.

Нуфузли мусобақада Оқолтин, Гулистон, Ховос туманлари ва Янгиер шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Гулистон ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати, Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ҳамда вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг спортчи-ўқувчилари ғолиблик учун майдончага чиқишди.

Ўғил болалар ўртасидаги баҳсда янгиерлик Бегзод Раҳматиллаев бош соврин соҳибига айланди. Иккинчи, учинчи ўринлар ховослик Х. Олимжонов ҳамда вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби биринчи жамоаси аъзоси (бу мактабдан мусобақада 2 та жамоа иштирок этди) С. Яхшиликовга насиб этди.

Қизлар баҳсида вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ИБЎСМ тарбияланувчилари С.Абдукаримова ва Э.Яхшиликова олтин ва бронза медалларига эга чиқди. Иккинчи ўринни Гулистон ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати ўқувчиси С. Абдуқодирова банд этди.

Нуфузли мусобақага спортчи-ўқувчиларни тренерлар Шоҳруҳ Ҳабибов, Шавкат Мўминов, Нигора Юлдашева, Мардон Султоновлар тайёрладилар.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари  вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ИБЎСМнинг диплом ва эсталик совғалари билан тақдирландилар.

МУХЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish