ЎЗБЕКИСТОННИНГ МЕКСИКАЛИК ҚИЛИЧБОЗИ

Можористонда (Венгрия) ўтган қиличбозлик бўйича сўнгги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида яна битта қорақош, қоракўз янги аъзо пайдо бўлди. Ўзбек қизларига менгзаб кетадиган бу спортчининг асл Ватани — Мексика. Паола Плиего бу йил Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилди. Энди у халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Нега у  ўз юртидан айро тушиб, Ўзбекистонни танлади? Бу ҳақда мақоламизнинг охирроғида бохабар бўласиз.

Дастлаб Паоланинг спорт ҳаёти ҳақида бироз тўхталмоқчимиз. Тўлиқ исми-шарифи Мария Паола Плиего Лара бўлган спортчи 1994 йилнинг 27 сентябрида Мексикада таваллуд топган. Унинг қиличбозликка қизиқишида 4 ёшида томоша қилган “Ота-оналар учун тузоқ” (“Ловушка для родителей”) фильмидаги қиличбозлик саҳнаси сабаб бўлган. Ўшанда Паола жуда ёш бўлганлиги боис машғулотларга уйда опаси билан тайёргарлик кўра бошлаган. Спортчи 12-13 ёшидан бошлаб катта мусобақаларда кўриниш берди. Илк қадамларданоқ яхши натижаларни қайд эта бошлади. Мексика чемпионатида дастлабки медалларни қўлга киритгач, “Oregon Fencing Allance” клубида икки карра Олимпиада чемпиони Мариэль Загунис билан бирга маҳоратини оширди.

Маълумки, қиличбозлик мусобақалари уч — рапира, шпага, сабля йўналишларида ташкил этилади. Паола болалигидан сабля йўналишида маҳорат касб этди. Буни биргина мисол ҳам исботлайди. 2013-2014 мавсум якунига кўра, Паола Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) рейтингида ўсмир саблячилар ўртасида энабошиликни қўлга киритди.

Шундан кейин унинг зафарли юриши бошланди. 2014 йилда у ўсмирлар ўртасида кечган Жаҳон кубоги мусобақаларида биринчи ўринни эгаллади. 2014-2015 йилги мавсумда Паола Плиего Канкунда (Мексикадаги курорт шаҳар, 700 мингдан зиёд аҳоли яшайди) ўтган турнирда иккинчи поғонани банд этди. 2015 йилда эса Пан Америка чемпионатида АҚШлик қиличбоз Дагмаре Вознякдан енгилиб, бронза медалига ноил бўлди. Жамоавий биринчиликда эса кумуш медалга эга чиқди.

Иқтидорли қиличбоз ўз твиттерида (Twitter) нима учун Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилганлигини қу-йидагича изоҳлади: “Мен Мексикада томир отган коррупциянинг қурбони бўлдим. Барча кўргулик менинг иродам ва натижаларимдан ташқарида содир бўлди. Юртимнинг спорт раҳбарлари мени халқаро даражадаги мусобақалардан мосуво қилишди. Улар мусобақаларда Мексика давлати номидан қатнашмаслигим учун барча ишларни қилишди. Энг аламлиси — бу кишилар аслида менинг ҳимоячиларим бўлишлари керак эди”.

Аслида воқеа бундай бўлган эди. 2016 йил Рио де Жанейро Олимпиадаси арафасида Паола Плиего допинг-текширувдан ўтганда қонидан тақиқланган модда — модафинил топилгани ҳақида овоза тарқалади. Улаборатория таҳлили ёлғонлигини айтиб, раддия изҳор қилади. Орадан бир ой ўтиб, қайта таҳлил ўтказилганда допинг тестида хатога йўл қўйилгани аниқланган. Бироқ бу пайт-да арава жойидан жилиб бўлганди — тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ўз якунига етганди. Мана шу воқеадан кейин Паола халқаро мусобақаларда Мексика номидан қатнашишни бас қилишини очиқлади.

Шу йилнинг июль ойидан Паола Плиего Ўзбекистон номидан Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этажагини эълон қилди. Қиличбоз спорт фуқаролигини алмаштирганлигининг асосий сабаби сифатида Мексика Олимпия қўмитасидаги порахўрликни дастак қилиб кўрсатади. Унинг энг катта орзуси — Ўзбекистон байроғи остида жаҳон чемпионлиги ва Олимпиада ғолиблигини қўлга киритиш.

 Жорий йил июль ойининг иккинчи чорагида Можористонда ўтган жаҳон чемпионатида Паола Плиего Ўзбекистон терма жамоаси таркибида илк жангларини ўтказди. Бироқ ўзбекистонлик саблячилар, шунингдек, Паола ҳам кейинги босқичга ўта олишмади. Термамиз аъзолари Зайнаб Дайибекова, Яна Обвинцева ва Севинч Исмоиловалар руминиялик, франциялик ва туркиялик рақибалари Бианка Паскуна, Каролин Куэроли ҳамда Ирина Шуклага ўйинни бой беришди. Энг қизиғи, Паола Плиего мексикалик собиқ юртдоши Натали Ботеллога кичик — 14:15 ҳисобида енгилди.

Паола Плиего яқинда ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида: “Мен ОАВ диққат марказида бўлишни истамайман. Она юртим Мексикани эса ҳар доим севаман. Ўзбекистон — ажойиб мамлакат. Шу боис ўзбек паспортини олишга қарор қилдим. Журналистлар менинг натижаларим ва ютуқларим ҳақида ёзсалар кифоя. Қолганлари унчалик муҳим эмас. Ҳозир мен оилам билан Ўзбекистонда яшаб, нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўраяпман”, деб ёзди.

Иқтидорли қиличбоз Паола Плиего Можористонда ўтган жаҳон чемпионатидан қайтгач, янги Ватани Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳатга чиқди. У миллий либосларимизни кийганда ўзбек қизларидан ажратолмайсиз. Қорақош, қоракўз, қорасоч. Паола тез орада ўзбек тилини ўрганиб, бизга эл бўлиб кетишига ишонамиз.

Маълумот учун: Халқаро қиличбозлик федерациясининг президенти ҳам ўзбекистонликларга бегона эмас. Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов 2008 йилдан буён мазкур федерацияга раҳбарлик қилиб келаяпти.

          Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish