БУ — МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ЭМАСМИ?


Пахта йиғим-терими бошланишига ҳам саноқли ҳафталар қолди. Эрта ривожланган, тўқ кўсаклар очилиши кутилаётган майдонларда сентябрь ойининг бошидаёқ йиғим-теримга уюшқоқлик билан киришилади. Айниқса, 90 лик схемада чигит экилган, ғўза машинабоп қилиб парвариш қилинган майдонлардаги ҳосилнинг техникалар ёрдамида териб, саранжомлаб олиниши қўл теримига нисбатан сарф-харажатларни бир неча баробар камайтириши билан бирга мавсумни қисқа вақтда якунлаш, кузги ғалла экиш график топшириқларини ўз вақтида бажариш имконини беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев республика Бош вазири вазифасида ишлаб юрган чоғларидаёқ минг гектарлаб майдонларда етиштирилаётган пахтани техника ёрдамида йиғиб-териб олишга алоҳида эътибор қаратгандилар. Ана шу эътибор ва ғамхўрликлар боис мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган икки қаторли “МХ-1,8” русумли терим машиналарини янада такомиллаштириш бўйича олим ва мутахассислар томонидан катта изланишлар олиб борилди. Ўтган йиллар ичида республикамизнинг Андижон, Фарғона, Жиззах, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида етиштирилган ҳосилни машиналарда териш бўйича қувонарли муваффақиятларга эришилди. Ўтган йили эса давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Америка давлатидан энг замонавий, юқори қувватли “Жондор” машиналарининг келтирилганлиги йиғим-терим суръати янада ошишини таъмин этди. Гектаридан 30 центнердан ошириб ҳосил етиштирган, 90 лик схемада ғўза парваришланган фермерлик жамоа-лари ушбу машиналар ёрдамида икки-уч иш кунидаёқ пахтани йиғиб-териб олиб, мавсумни ғоят қисқа муддатда тугаллашга муваффақ бўлдилар. Сирдарё, Сайхунобод, Боёвут туманларида ҳам 2018 йилда энг унумдор “Жондор” машиналаридан тўла қувватда фойдаланилди. Буларнинг самарасида етиштирилган ҳосил об-ҳаво очиқ, ёруғ кунларда йиғиб-терилиб, хирмонларга жамланди.

Жорий йил кўкламининг серёмғир келганлиги, апрель ойининг охири ва май ойи бошларида ҳам қатор ҳудудларда чигит қайта экилганлиги ғўза ривожи бироз кечикишига олиб келди. Бу эса маълум фермер хўжаликларида август ойи охирида ҳам ғўза парваришини давом эттириш, кечки кўсаклар ривожини олдингиларига етказиб олишни тақозо этади. Бир қатор фермер хўжаликларида пахтанинг етилиши сентябрь ойи биринчи ўн кунлигигача чўзилиши эса шубҳасиз йиғим-теримда юксак уюшқоқлик намуналарини кўрсатиш, мавсумни барвақт-роқ тугаллашни талаб қилади. Шу маънода терим машиналарининг мавсумда тўла қувватда ишлаши фермерларнинг мушкулларини янада енгиллаштиради.

Гулистон тумани деҳқонлари бу йил 6200 гектар майдонда пахта етиштиришмоқда. Асосий майдонларга чигитнинг 90 лик схемада экилганлиги терим машиналари кучидан юқори унумда фойдаланиш имконини беради. Мавсумга 24 терим машиналари, 126 та тиркама ва тракторларни таъмирлаб, тайёрлаш асосий вазифа қилиб қўйилган. Бу қарийб 1000 гектар майдондаги ҳосилни техника ёрдамида йиғиштириб олинишини таъмин этади. Мавсум бошланишига эса жуда оз фурсат қолди. Бироқ туманда терим машиналари ва тиркамаларни созлаб, таъмирлашга масъулиятсизлик билан ёндашилаётир. Афсусланарли жиҳати шундаки, “МХ -1,8” русумли икки қаторли терим машиналари ўтган йили қандай олиб келинган бўлса, шундайлигича қаровсиз ётибди. Ҳатто ғилдираклари олинган, покришкалари ёрилган терим машиналарига тиркамалар ҳам қўйилмаган. Ўт босиб кетган майдонда ачинарли ҳолатда турган терим машиналарининг (ўртадаги тракторлари олинган) ҳолига маймунлар йиғлайди. Беихтиёр “эсиз техника, эсиз давлатнинг ҳавога совурилган маблағлари”, дейсиз. Бу машиналар ишлаб чиқарилиб, МТПларга етказиб берилгунча қанча куч, қанча маблағ сарфланган. (Америкадан келтирилган “Кейс” терим машиналари қатори маънан эскирган, таъмирлашга жуда катта маблағ талаб этадиган бўлганда-ку, ачинмай ҳам қўя қолардик). Наҳотки, ўт-ўланлар ичида қаровсиз ётган бу машиналарнинг эгаси, уларга жавоб берадиган виждони уйғоқ масъуллар бўлмаса?! Ахир “МХ-1,8” русумли машиналарининг трактор паркларига келтирилганига ҳали кўп йиллар бўлгани йўқ-ку! “Гулистонсервис” МТП ДУКда бу йилги мавсумда ишлатиладиган машиналар таъмирланиб, ҳозиргача соз-лаб қўйилганида ҳам бошқа гап эди. Пахта теримида ишлатиладиган тиркамалар фермер хўжаликларидан “Гулистонсервис” МТП давлат унитар корхонасига келтирилиб, эндигина уларнинг айримларини таъмирлашга киришилган. Таъмирлаш ишларида 1 нафар пайвандловчи, 2 нафар бўёқчи ишлаяпти, холос.

Терим машиналарига эса ҳалигача жиддий қўл урилмаган. Тракторлар машиналарга тақилмаганлигини тушуниш мумкин (улардан ҳали дала ишларида фойдаланилаётир). Лекин машиналарнинг қолган қисмларини таъмирлаш нега чўзиб юборилмоқда. Ахир вақт кутиб турмайди, мавсум бошланишига эса жуда оз фурсат қолди. Шундай экан, таъмирлашга масъул, бу йилги мавсумнинг осон кечмаслигини тўғри ҳис этадиган раҳбарлар масъулиятсизликка чек қўйиб, мавсумда қатнашадиган техникаларни барвақт соз-лаш чораларини кўрмоқлари керак. Акс ҳолда бугунги суст-кашлик эртага—мавсум қизиган дамда жуда қаттиқ панд бериб қўйиши мумкин.

  Бозорбой БЕКМУРОДОВ.

Суратларда: “Гулистонсервис” МТП ДУК корхонасида ҳали таъмирланмаган, аянчли ҳолатда сақланаётган терим машиналари ва носоз тиркамалар.

You may also like...

Fikr bildirish