САРВИНОЗ ВА БАҲРОМ ШОҲСУПАДА

*Шахмат

Қарши шаҳрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Исмат Шукуров хотирасига баланган “Қарши опен-2019” халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ва хорижнинг номдор шахматчилари билан бирга фахрийлар, болалар, ўсмирлар ва ёшлар ҳам муваффақиятли дона сурдилар.

Стандарт (классик) шахмат бўйича швейцарча тизимда 9 турдан иборат турнирда қатнашчилар маҳорат бобидаги даражасига қараб “А” ва “Б” гуруҳларга бўлиниб ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Сирдарёлик шахмат ишқибозларини аёллар ўртасида Халқаро гроссмейстер Сарвиноз Қурбонбоева ва  ёш иқтидорли шахматчимиз Баҳром Баҳриллаев кўрсатган натижалар қувонтириши шак-шубҳасиз. “А” кучлилар гуруҳда иштирок этган Сарвиноз аёллар ўртасида биринчи ўринни эгаллаб, ташкилотчиларнинг 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Сардобалик мактаб ўқувчиси Баҳром Баҳриллаев эса 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги беллашувда (“Б” гуруҳи) ғолиб чиқиб, 350 минг сўм пул мукофоти билан сийланди.

Сўнгги икки йил ичида катта нуфузга эга бўлган анъанавий турнирда Қозоғистон, Россия Федерацияси, Испания ва мамлакатимиздан жами 250 нафардан ортиқ шахматчи иштирок этди.

МУХЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish