МЕҲМОНЛАРГА АТАЛГАН ТУР

*Футбол

ПРО-лиганинг “Б” гуруҳида иштирок этаётган жамоалар қисқа танаффусдан кейин яна яшил майдонларга қайтишди. Учинчи давранинг илк ўйинини “Янгиер” меҳмонда Навоийнинг “Зирабулоқ” жамоасига қарши ўтказди.

Юртдошларимиз ҳужумкор ўйин кўрсатиб, йирик — 3:0 ҳисобида ғалаба қозондилар. Аслиддин Абдиев, Оллаёрхон Раупов ва Алишер Собиржоновларнинг 43, 63 ва 84-дақиқаларда киритган голлари ўйин тақдирини ҳал қилди.

Тўғри, ўйиннинг 53-дақиқасида “Зирабулоқ” ҳимоячиси Бобур Ғафуров қўпол хатти-ҳаракатлари учун ҳакам томонидан жазоланиб, майдондан четлатилди. Битта ўйинчи кам бўлиб қолган жамоанинг ҳафсаласи пир бўлганлиги турган гап. Ана шу тариқа юртдошларимиз сафарда ғалаба нашидасини суриб, очколари сонини 21 тага етказиб олди. “Янгиер” айни чоқда турнир жадвалида “Зомин” жамоасидан кейинги иккинчи поғонани эгаллаб турибди.

Мазкур турда “Зомин” ҳам меҳмонда тўп тепиб, Бухоронинг “Ғиждувон” жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Навоийнинг “Иттифоқ” ҳамда Нукуснинг “Орол” жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳам меҳмонларнинг қўли баланд келди. Қорақалпоғистонлик чарм тўп усталари рақиблари устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

МУХЛИС.

You may also like...

Fikr bildirish