МАКТАБЛАРГА ЎҚУВ ҚУРОЛЛАРИ

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят бўлими ҳовлисида вилоятимиз умумтаълим мактабларининг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув хоналарини жиҳозлаш учун ўқув қуроллари тарқатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 868-сонли қарорининг 4-иловасига биноан вилоятимиздаги 100 та умумий ўрта таълим мактабларининг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув хоналарини ўқув қуроллари билан жиҳозлаш мақсадида ташкил этилган тадбирга вилоят Мудофаа ишлари ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармалари бош-қош бўлдилар.

 Тадбирда сўзга чиққан вилоят Халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов, афғон уруши фахрийси Ғолибжон Холбердиев ва бошқалар ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўрта таълим мактабларининг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув хоналари муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Сўнгра тадбирда ўрта таълим мактабларининг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув хоналари ўқитувчиларига ўқув қуроллари тантанали равишда топширилди. Шунингдек тадбирда бир гуруҳ соҳа ходимлари “За  активную военно-патриотическую работу” (“Ҳарбий-ватанпарварлик ишидаги фаоллиги учун”) медаллари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Миллий гвардияси аскар ва зобитларининг кўргазмали чиқишлари тадбирга алоҳида кўтаринкилик бағишлади.

Тантанада вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Абдуғаниев иштирок этди.

Муҳаммад АЛИ.

You may also like...

Fikr bildirish