БАҲОДИР ХОДЖАҚУЛОВ: “ИМОН ЎЗИНГ”

Баҳодир Ходжақулов

Ходжақулов Баҳодир Худойқулович 1970 йил 15 июнда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида туғилган. Айни вақтда Мирзаобод туманидаги 6-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори ҳисобланган Б.Ходжақулов мирзаободлик ёш санъат ихлосмандларини санъат олами сари етаклаб, улардаги истеъдодни шакллантириб, рўёб чиқаришга астойидил интилаётир.
Шу билан биргаликда Б.Ходжақулов ўзи ҳам турли танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишга ҳаракат қилаяпти.

Б.Ходжақулов вилоятимизнинг таниқли шоираси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, айни вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева (тахаллуси Ойниса) қаламига мансуб “Ватан” шеърига мусиқа сеҳри билан жон бағишлади. Гўзал тарона 2003 йилда ўтказилган “Ўзбекистон қўшиқлар байрами” республика кўрик-танловида ижро этилиб, 3-ўринга лойиқ деб топилди.      

Б.Ходжақулов ушбу эътирофдан кейин изланишларда давом эди. Шу йили у мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб, таниқли шоир Ҳаёт Шодмоннинг “Гўзал Зомин” шеъридан Мустафо Бафоев бастакорлигида “Имон ўзинг” номли қўшиғини яратди. Муаллиф мазкур қўшиқни илк маротаба “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг вилоят босқичида ижро этди. Вилоят маданият бошқармасининг ҳакамлар ҳайъати аъзолари қўшиқни танловнинг республика босқичига тақдим этди.     

2019 йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг якуний босқичида Б.Ходжақулов “Имон ўзинг” қўшиғи билан иштирок этиб, 2-ўринга ноил бўлди.

— Танлов Тошкент шаҳридаги “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтди. — дейди Б.Ходжақулов. — Танлов якунида ғолиблар эълон қилинар экан, улар қаторида менинг исми-шарифим чиқавермагач, дилимда умидсизлик туйғуси алангаланиб, тушкун кайфиятда саҳнани тарк этдим. Саройнинг фойесида эшик томон юриб кетар эканман, бир вақт “Сирдарё”, “Баҳодир Ходжақулов” сўзлари қулоғимга чалинди. Шоша-пиша саҳна қайтиб кирсам, менга 2-ўрин берилганлиги ҳақида овоза қилинганлигини эшитдим.

P.S/ Биз элимиз ардоғидаги санъаткоримиз Баҳодир Ходжақуловнинг она юрт, Ватан мадҳини тараннум этувчи бундан-да гўзал дилтортар наволарни кутиб қоламиз.

Мамлакатимиз мустақиллиги абадий бўлсин!

Ҳусан ИСОҚУЛОВ  

You may also like...

Fikr bildirish