ШУКРОНАЛИК ТУЙҒУСИНИ ЙЎҚОТМАЙЛИК

*Мулоҳаза

Баъзан кўча-кўйда, гузарларда, жамоат жойларида, бекатларда катта кичикнинг ўзаро гурунги беихтиёр қулоққа чалинади. Кимдир кимдандир норози бўлиб гапираётган бўлади. Нолишлар… Нолишлар…

Таълим соҳасида ишлаётган пайт-ларимда коллежга бир текширувчи келганди. Мен унга ўқитувчилардан бирининг тайёрлаган дарс ишланмаси ва у яратган услубий қўлланмани кўрсатиб, мақтандим. Бизда шундай изланувчан ўқитувчилар бор, туш пайтига мўлжалланган йиғилишда қатнашиб, шу қўлланма ҳақида ижобий фикрларингизни ҳам айтсангиз, бу эътироф ўқитувчи учун қанот бўларди, дедим. Шунда у киши “мен бу ерга сизларни мақташ учун эмас, камчиликларингизни кўрсатиб бериш ва бу ҳақида баённома тузиб кетиш учун келганман, ютуқлар ўзимизники, камчиликлар ҳақида гапириш керак”, — деб тушунтириш берганди.

Бундай қусурларни қидирадиган ва албатта топа оладиган текширувларни жойларда кўп учратдим. Худди ўша жойларда ютуқлар ҳам бўлади, албатта. Аксарият, текширувчи назоратчилар бунга кўз юмиб ўтишади. Бу ҳақида кўп гапириш ва кўп мисоллар келтириш мумкин. Аммо гап бошқа ёқда.

Биз бундай тутумлар, бундай бир-ёқлама ёндашувлар билан ҳаммани оммавий камчиликлар қидиришга ўргатиб бўлдикмикин, дейман-да. Ҳеч кимдан холисона “барака топсин фалончи, кеча жуда яхши иш қилди-да, ёки фисмодончи шу ёшида ҳам тинмайди, шундай ишлар қилаяпти, биз ҳам бошласак бўларди”, — деганга ўхшаш гапни эшитиш камёб бўлиб бораяпти. Негадир яхшини ҳам яхши, дегимиз келмайди. “Ақл ишлатиб”, камчиликларини топамиз.

…Бекатда турарканман, келиб тўхтаган автобусга мен билан ёнма-ён турган уч-тўрт одам чиқмади. Уларни кузатдим ва кетишга шошилмадим. — “Э, жойи орқа ўриндиқда қолибди, бўлмайди”, дейишди. Келган таксиларнинг эса чиройлисини танлашди. Бу майли, шаҳримиздаги одатий ҳолатдир балки. Менинг хаёлимга эса, бошқа нарсалар келди. Кечқурун интернетдан Ҳиндистондаги тиқилинч автобусларга осилиб олган йўловчиларни кўрганимни эсладим.

Кўча бўйлаб одимлар эканман, ҳар бир хонадонда бор бўлган ичимлик суви қувур жўмраклари очиқ туришини, сув шариллаб беҳуда оқиб ётишини кўп бора кўраман. Яна интернет орқали кўрганларим ёдимга келади. Дунёнинг қай бир бурчакларида бир қултум сувга зор инсонлар яшаётгани. Қай бир ўлкаларда эрталаб тиш ювишга бир стакандан ортиқ сув ишлатмасликка ўрганган маданиятли инсонларни ўйлайман. Баъзан муаммоли муаммолар чарчатгандек ҳолсизланаман. Атрофга қараб, яхшилик изларини қидираман.

Катта идораларда, ҳокимликларда ишлаётган баъзи йигитлар, аёлларнинг маънавияти жуда сустлиги, иши тушиб келган одамларга ўзини катта тутиб юқоридан қараши, баъзан эса ўзини жуда банд қилиб кўрсатиши ажабланарли. Дахлдор сўровларингизга эса, “э, менга нима дейсиз, бу менинг ишим эмас” ёки “биламан мен ҳам шу иш нотўғри бўлаётганини”— дейди. “Ҳа, шундай экан, айтинг раҳбарга нотўғрилигини” десангиз, “қизиқмисиз, айтиб бўладими?” —дейди хотиржамлик билан.

“Ҳой ноинсоф, тўғри гапни айтолмасанг бу ерда — бу лавозимда ишлаб нима қиласан? Нега билиб туриб нотўғрини тўғрилашга уринмайсан?

 Жон койитмайсан, ҳамма ишлар яхши, деб раҳбаринг ишончини суи-истеъмол қиласан” — дегувчи топилмайди. Баъзан шундай дегувчи топила қолса, уни бу даргоҳга қайта йўлатишмайди. Бундай салбий муносабатларнинг бир қўрқинчли томони бўлмаганида эди, “яхшилар қаторида билимсиз, инсофсизлар ҳам юрса юрибди-да”, деса бўларди.

Энг ёмони шундаки, улар ҳам ўзига ўринбосар тайёрлашаяпти, ёшлар учун ёмон ибрат кўрсатишаяпти. Билимсиз, боз устига, инсофсиз ва такаббур бўлса-да, ўз устида ишламаса ҳам раҳбарларга тавозени жо-йига қўйса бас, жамиятга нафи тегмаса ҳам нуфузли жойларда ишлаш мумкин деган тушунчани баъзи бир содда ёшларимизнинг онгида шакллантираяпти.

Биз энг муҳим нарсаларни унутмаяпмизмикин? “Нималарни?” дейсизми? Ҳақиқат талабгорларини рағбатлантиришни, рост гапирувчиларни, ғайратли инсонларни қўллаб-қувватлашни, уларни эшита билишни, ғояларининг рўёбига кўмаклашувни, яхши ютуқлардан қувонишни, кимдадир яхшиликнинг ёки бирор — истеъдоднинг учқунини кўриб қолсак, унга эътибор беришни ва эътироф этишни.

Шукр қилишни, яхшиликларга сўз билан, кўз билан, қалбан ва моддий ёрдам билан ҳисса қўшишни ўзимизда етарлича шакллантира олайликки, фарзандлар ҳам буни кўриб, ҳис қилиб улғайсин. Камчиликларни топа олган одам асло билимдон эмас, яхшиликларни кўра олган, топа олган одам, ёмонликларни рўйи-рост айтиб, яхшиликлар томон бура олган одам чин ҳиммат эгасидир. Ҳурмат ва иззатга лойиқ одамдир. Зеро, яхшилар ва яхши кашфиётлар қилувчилар,  яхшиликка интилувчилар, бошқалардан яхши ишлари билан ўзиб кета оладиганлар, яхши орзу қилувчилар, шукр қилишни билувчилар бор экан, олам мунаввардир.

Мен билган маънавий баркамол инсонлардан бири бўлган шоира Турсуной Содиқова бир пайтлар Арнасой туманига борганида шеърхонлик кечасини ўтказганмиз. Ўшанда шоира шундай деган эди:

“Ҳаётда фақат яхшиликларни олувчилар эмас, берувчилардан ҳам бўлинг, азизлар. Шукр қилишни, миннатдор бўлишни ҳам билиш керак.

Нур сочиб тургани учун қуёшга раҳмат айтинг, соясида дам олсангиз ёки меваларидан тановул қилсангиз, дарахтга раҳмат айтинг, равон йўллардан қоқинмай-суринмай юрсангиз йўлчиларга раҳмат айтинг, сиз ва биз учун бошқарув ишларини бажариб юрган, тинчликни сақлаб турган, юрган фидойиларга раҳмат айтинг, эрталаб тинч тонг отса, оллоҳга шукр қилишни унутманг”.

Яхшиликларни кўпайтириш учун ёниб ишлай оладиганларни танлаб олишдан тортиб қалбида шукроналик туйғуси бор инсонларни — яхшиликка интилувчиларни чин ватанпарварларни тарбия қилмоқ ҳам эртамиз учун заруратдир. Фақат истеъмолчи эмас, яхшиликлар яратувчилари бўлишни истамоқ керак. Баъзан бу туйғуни топа олмай излаб қоласан киши. Шукроналик туйғуси эзгулик йўлининг бошланишидаги биринчи бекатдир.

 Инобат СУЛТОН БЕГИМ

You may also like...

Fikr bildirish