СУВ — ҲАЁТ МАНБАИ

  • Ёрқин фикр

Бугунги кунда сув ва сувдан фойдаланиш, ер ва ер ости бойликларини, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ўрмонлар ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, мамлакат аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ишларни жадаллаштириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолини сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш борасидаги жавобгарлигини кучайтиришни ҳам тақозо этмоқда.

Дунёнинг қай бир бурчагида бир қултум тоза сувга интиқ инсонлар бор экан, сув исрофгарчилигига йўл қўйишга ҳаққимиз йўқдир.

Сув — оби ҳаёт. Сув — ҳаётимиз манбаи. Сув ва ҳаво нафақат инсонларга, балки ҳайвонот ва наботот оламига ҳам берилган олий неъматдир. Сувни тежаб ишлатиш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи даркор. Атрофимиздаги инсонларнинг сувга нотўғри муносабатда бўлишлари муаммоларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бугуннинг энг долзарб вазифаларидан бири эса табиий ресурсларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича фаолиятда онгли равишда ва масъулият билан иштирок этишимиз бўлади. Негаки, мамлакатнинг экологик сиёсатини амалга оширишда жамиятнинг барча кучлари сафарбар этилмоғи керак.

Шундагина биз ёш авлоднинг экологик маданиятга эриша олишига кўмак бера оламиз. Бунинг учун ҳар биримиз атроф-муҳит тозалигига эътибор қилишни, сув тежамкорлигига эришишни ўз оиламиздан бошламоғимиз шарт. Боболаримиз “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтишмаган. Боғ ва боғчаларимизни суғоришда, ювиниб таранишда ҳам сувни тежаб ишлатишимиз керак бўлади. Тувакларда ўстириладиган гуллар, манзарали буталар учун эса Гидрогель гранулаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Мамлакатимизда қўлланилаётган сув тежовчи технологиялардан, яъни томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, кўчма эгилувчан пластик қувурлар ёрдамида суғориш, Гидрогель гранулаларидан фойдаланиш кабилардан ҳам бохабар бўлишимиз керак.

Сув тежовчи суғориш технологияларининг афзалликларини пахта етиштиришда кўриб чиқадиган бўлсак, қуйидаги натижаларга эришишимиз мумкин бўлади.

Томчилатиб суғоришда сув сарфи 40-50 фоиз тежалади. Ёқилғи 60 фоизга иқтисод қилинади. Минерал ўғитлар самарадорлиги 30 фоизга, ҳосилдорлик эса 15-20 центнерга ортади. Биологик пишиш муддати ҳам 12-15 кунга тезлашади.

Сув сарфи кўллатиб суғоришда 32 фоизга, ёмғирлатиб суғоришда 60 фоизга, томчилаб суғоришда эса 90 фоизга тежалади.

Ушбу томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш ор-қали экин турлари бўйича юқори ҳосилдорликка ҳам эришиш мумкинлиги катта аҳамият касб этади.

Эгатлаб суғоришда пахта ҳосилдорлиги 1 гектар ер майдонидан 2,5 тоннагача бўлса, томчилатиб суғоришда 4,5 тоннагача, пиёз оддий кўллатиб суғоришда 30 тонна, томчилатиб суғоришда 60 тонна, помидор ҳосилдорлиги эса оддий суғоришда 25 тонна, томчилатиб суғоришда 45 тоннагача ортиши мумкин. Шунингдек, оқова сувларнинг миқдори сезиларли даражада камаяди. Қисқа масофаларга ўқариқлар олиш зарурияти қолмайди. Экин қатор ораларига техника ёрдамида ишлов берилмайди. Энг муҳими, суғоришга ишлатилаётган сувнинг сарфи камаяди.

Ўзбекистон  Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технология-ларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4087-сонли, 2018 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги узумчилик ва виночиликни  ривожлантириш  агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  ПҚ-4161-сонли қарорлари ижросини таъминлаш борасида ҳам бугунги кунда бирмунча ижобий ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилишда давлат томонидан кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Масалан, ушбу фаолият учун олинадиган кредит пули миқдорининг 10 фоизли пункти тўлаб берилади.

Суғориш қудуғини қазишга ҳар бир метри учун 100 минг сўм миқдорида субсидия берилади. Яна хориждан келтирилаётган бутловчи қисмлар ва хом ашё учун 2021 йилга қадар божхона божидан озод этилади. Насос станциялари куришга эса 120 миллион сўм пул миқдорида субсидия берилади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда сувдан оқилона фойдаланишга хисса қўшиш ва бу борадаги янгиликлардан бохабар бўлиш учун ҳам “Томчи” — инновацион маҳсулоти имкониятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Унинг имкониятлари жуда кенг. Масалан, илова суғоришда тежамкорлик усуллари ҳақидаги ахборотларга тезкорлик билан эга бўлиш, уларнинг афзалликларини тушунтириш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишнинг тахминий баҳосини ҳисоблаш имконини беради. Мазкур илова ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар ўзаро алоқасининг ягона ахборот майдони бўлиб хизмат қилади ҳамда фойдаланувчилар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайди. Хабардорлик эса ҳар доим ҳам имконият эшикларини очиши шубҳасиз.

Фойдали электрон иловалар орқали томчилатиб суғориш тизимида сув тежовчи, чиқитсиз ва бошқа экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш афзалликларидан хабардор бўласиз, албатта.

Аҳолининг хабардорлигини, экологик маданияти даражасини ошириш, мамлакатнинг ноёб табиатини, зилол сувларини келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш, фуқаролик жавобгарлигини шакллантириш бугунги кунда экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитга салбий техноген ҳамда антропоген таъсирнинг олдини олишнинг муҳим омили бўлиб бормоқда.

    Инобат Султонова

You may also like...

Fikr bildirish