БОҒЧАГА БОРГАН БОЛА ҲАР ЖИҲАТДАН ЎСАДИ

Мамлакатимиз мактабгача таълим тизимида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кутилаётган асосий мақсад мактабгача таълим сифатини яхшилашдир. Тизимдаги туб ўзгаришлар Гулистон тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Ўтган йилнинг май ойида туман миқёсида мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг қамрови 47,2 фоизни ташкил этган бўлса, орадан роппа-роса бир йил ўтгач, мазкур кўрсаткич 52 фоизга етди. Буни рақамлар тилига кўчирадиган бўлсак, 5673 нафар мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 2939 нафари МТМга қамраб олинди.

Ушбу ўсиш ниманинг ҳисобига рўй берди? Жорий йилда туманнинг “Зарбдор”, “Мевазор” ва “Юлдуз янги массив” маҳаллаларида тадбиркорлар саъй-ҳаракатлари билан учта оилавий МТМ иш бошлади. Натижада ҳудуддаги 75 нафар мактабгача таълим ёшидаги бола (ҳар бир оилавий МТМ ўз бағрига 25 нафардан болани қабул қилиб олди) мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия ола бошлади.

—Ҳозирча болалар боғчалари етишмаслиги муаммоси бор, — дейди туман мактабгача таълим бўлимининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари бўйича мутахассиси Дилмурод Бойтўраев. — Оилавий МТМ очилган учта маҳаллада боғча ёшидаги болаларнинг қамрови ҳали ҳам анча паст. “Зарбдор” маҳалласида 10 фоиз, “Мевазор” ва “Юлдуз янги массив” маҳаллаларида мос равишда 19 фоиз ҳамда 74 фоиз боғча ёшидаги болалар қамраб олинди. “Алишер Навоий”, “Ҳамид Олимжон” ва “Ишонч” маҳаллаларида бирорта мактабгача таълим муассасаси йўқлигини ҳисобга олсак, ҳали анча ишлар қилишимизга тўғри келади.

 Бундан ташқари, туманда Президентимизнинг 3651-сонли қарорига мувофиқ Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Давлат-хусусий сектор ҳамкорлигига (ДХСҲ) доир қоидалар ишлаб чиқилиб, кенг ишбилармонлар қатлами жалб этилди. Қарорда бундай ишбилармонлар учун қатор имтиёз ва преференциялар белгилаб берилди. Ана шу қулайликлардан самарали фойдаланган икки нафар тадбиркор “Аҳмад Яссавий” ва “Ибрат” маҳаллаларида давлат-шерикчилик йўли билан “Ласточка” ва “Болажон” мактабгача таълим муассасаларини қуриб, фойдаланишга топширди. 50 ва 100 ўринли боғчалар айни чоқда меҳнат аҳлининг 125 нафар фарзандини ўз бағрига олди.

Шу ўринда баҳсли бир масала юзага қалқиб чиқмоқда. Илгарилари мактабгача таълим муассасаларини “Бинафша”, “Ғунча”, “Бўғирсоқ” каби болалар дунёқарашига мос номлар билан аташ русумга кирганди. Нима учундир ке-йинги пайтларда давлат мактабгача таълим муассасаларидан бу номлар олиб ташланиб, фақат рақамлар билан юритиш йўлга қўйилди. Бироқ хусусий боғчалар соҳиблари таълим муассасаларига ўзлари ёқтирган номларни қўйишларига ҳеч ким монелик қилмаяпти. Бизнинг-ча, МТМнинг чиройли номлар билан аталиши фойдадан холи бўлмас эди.

—Бугун вилоятимиз прокурори туманимизда сайёр қабул ўтказди, — дейди туман мактабгача таълим бўлимининг мудири Дилмурод Қодирқулов. — Меҳнаткашлардан фарзандларини МТМга кенгроқ қамраб олиш бўйича анчагина таклифлар тушди. Мазкур йўналишдаги муаммоларнинг бир қисмини оилавий ва давлат-шерикчилик асосида бунёд этиладиган боғчалар ҳисобига ечиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Мактабгача таълим муассасаларини малакали педагог ходимлар билан тўлдириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири саналади. Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади, деган эскидан қолган нақл бор-ку! (Ёзувчи Нурали Қобул ўзининг сўнгги асарларида “кадр” сўзини “қодир” деб ишлатмоқда. Қодирлар-барча ишга қодирлар.) Бугунги кунда туман мактабгача таълим тизимида 168 нафар тарбиячи фаолият олиб бормоқда. Шулардан атиги 20 нафари олий маълумотли мутахассислардир. Кейинги пайтларда олий ўқув юртларида мактабгача таълим йўналиши бўйича кундузги ва сиртқи бўлимларнинг очилиши бу муаммонинг яқин йилларда ечилишига йўл очиши турган гап. Чунки ўрта махсус маълумотли мутахассисларнинг олий ўқув юртларига кириб, таҳсил олишга иштаҳалари карнай.

Тумандаги боғчаларда фаолият олиб бораётган тарбиячиларнинг салоҳияти етарли даражада эканлиги турли танловларда ёрқин намоён бўлмоқда. “Йилнинг энг яхши тарбиячиси—2019” кўрик-танловининг вилоят босқичида 14-МТМ тарбиячиси Дилфуза Раимқулова 2-ўринни, 9- ва 11-МТМ тарбиячилари Наргиза Юлдашева ҳамда Дилором Эшназаровалар 3-ўринларни эгаллашди. Айни кунларда МТМ тарбияланувчилари ўртасида “Китобхон болажон—2019” кўрик-танловининг туман бос-қичи якунланди. Унда 14-МТМ тарбияланувчиси Шукрона Тоҳирова ғолиб чиқди.

Сафар асно тумандаги бир неча қишлоқ МТМни кўздан кечирдик. Ҳамма жойда жонланиш. 16-МТМ туманнинг энг чекка ҳудудларидан саналмиш “Шарқ ҳақиқати” маҳалласи ҳудудида жойлашган. Қуввати 100 ўринли. Боз устига Ватан қишлоғида 40 ўринли филиали ҳам бор.

—Боғчамизга маҳалламиздаги мактабгача таълим ёшидаги 77 фоиз болани қамраб олганмиз, — дейди МТМ мудираси Наргиза Матқурбонова. —6 нафар тарбиячимизнинг тенг ярми олий маълумотли кадрлар.

Бу йил Мактабгача таълим вазирлиги барча боғчаларга болаларни соғлом овқатлантириш ва дам олдиришнинг намунавий дастурини тақдим этибди. Биз МТМда бўлган куни ўрта гуруҳ тарбиячиси Машҳура Тиловова боғча ҳовлисида, дарахтлар қуюқ соя ташлаб турган майдончада болаларга эртак ўқиб бераётган экан. Сеҳрли эртакнинг оҳанрабоси болалар диққатини тортган. Пашша учса, билинадиган вазият.

МТМни айланиш асно айрим муаммоларга ҳам дуч келдик. Боғчада бирорта компьютер йўқ. Мудира бир компьютерни ижарага олиб, ишлатиб турар экан. МТМ хўжалик мудири Улуғбек Бердиқуловнинг битта музлаткич озиқ-овқатларни рисоладагидек сақлаш учун камлик қилаётганини айтди.

—Боғчаларимиз 95 фоиз компьютерлар билан таъминланган, — дейди ҳамроҳимиз Дилмурод Бойтўраев. — Бу йилнинг бадалига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 200 дона қўшқаватли ётоқ-мебель, 54 комплект стол-стул, 500 дона матрас ва шунча чойшаб олдик. Камчиликларни аста-секин тўғрилаб бораяпмиз.

“Олтин водий” маҳалласидаги 1-МТМнинг қуввати 115 болага мўлжалланган. Бироқ боғчада бу йилги мавсумда 143 нафар тарбияланувчи машғулотларда қатнашган. “Қувватдан ортиқ болаларнинг боғчага қабул қилиниши сизларни қийнаб қўймаяптими?”, дея мудирага юзланамиз.

—Бу масалани туман Давлат санитария-эпидемиология маркази ходимлари ўрганиб чиқиб, оқ фотиҳа берганлар, — дейди МТМ мудираси Сайёра Асқарова. — Чунки хоналаримиз кенг. Ҳар бир болага 3,3 квадрат метр жой тўғри келади. Айни чоқда маҳалламизда 202 нафар боғча ёшидаги бола бор. Ҳозирча уларнинг 70 фоизини қамраб олишга кучимиз етади.

Ҳар икки боғчада бўлганимизда мудиралар ота-оналарнинг фаоллиги ошиб бораётганлигини алоҳида ур-ғулашди. Улар фарзандлари учун пулли тўгараклар очишга розиликларини билдиришмоқда. Мавжуд кадрлар ҳисобга олиниб, 16-МТМда футбол ва шашка, 1-МТМда эса рус тили тўгаракларини очиш тадориги кўрилаяпти. Боғчаларни ҳозирдан бюджетдан ташқари маблағ топишга ўргатиш таълим муассасаларининг моддий техник базасини яхшилашга хизмат қилади.

—Яна 6 та оилавий боғчамизнинг ҳужжатлари Мактабгача таълим вазирлигига тавсия этилган, — дейди Дилмурод Қодирқулов. — Бундан ташқари, бир вақтлар тадбиркорларга хусусийлаштириб бериб юборилган 3 та замонавий боғча биносини қайтариб олиб, улар негизида  давлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни мўлжаллаб турибмиз. Президентимизнинг боғчага борган бола бошқача бўлади, деган гаплари фаолиятимизни рисоладагидек йўлга қўйишда дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Дарҳақиқат, боғчага борган бола ҳар жиҳатдан ўсади. Бу оддий ҳақиқатни ота-оналар ҳам англаб етишмоқда. Шу боис бугун Гулистон туманида ҳам “боламни боғчага бераман”, деб навбатда турганлар сони кун сайин ошиб бормоқда.

Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish