АДИРЛАР БАҒРИДА

Ҳамкасблар жазирама иссиқдан қочиб, тоғ адирларига дам олишга чиқишди. Гурунг қизигандан — қизиди. Кимдир атрофдаги ўсиб ётган ўт-ўланни таърифлаган, кимдир у ён-бу ёнга юриб, лола терган. Фақат Фаридагина мудроқ, миқ этмай борарди. Улар ёруғ сайхонликка етиб келишганида Фарида бирдан уйғонгандай бўлди. Ўша ерда эчки боқиб юрган кампирнинг, “Анави чиройли кўринган сайхонликка чиқманглар, бехосият жой”, деб огоҳлантиришига қулоқ тутмай, ўша томон юрди.

Тоғ чўққисидан шарриллаб оқиб тушаётган сув, тоғ ёнбағридан туртиб чиқиб турган харсанг тошларга урилиб, ҳар томонга сачрамоқда. Заррин сув томчилари биллурдек тиниқ эди. Юракни ҳаприқтирадиган бокиралик бор эди унда. Фарида тасаввурида харсанг тошларни чўмилаётган айиқ болаларига ўхшатди. Биллур сув тепадан бир чиройли бўлиб тушиб келар, гўё қалбига тоғ ишқини жойлаб олган ҳилқат каби гузал ва виқорли эди. Чўмилаётгандек кўринган “айиқ болалари” эса янада уни саҳий ва мурувватли кўрсатмоқда. Оламда биллурдек зилол сувданда гўзалроқ, саховатли, мушфиқ ва меҳрибон эзгуликнинг бошқа тимсоли бормикин. Оллоҳнинг сувдек бебаҳо неъматини таърифлашга сўз топиш қийин. Кўнгилда шукроналик уйғонади. Сувдек қадри баланд неъмати олийнинг асраб авайлашдек бурч ўзини эслатади. Бундай холат, кўнгилдаги ҳижолатпазлик, ҳалимлик, соддалик, оддийлик табиат қўйнига чиққандагина рўйи-рост ўзини кўрсатади. Фарида бир оз анграйиб турди-да, рўпарасидаги “Ажина уяси” деб аталувчи сайҳонликка қўрқмай югуриб чиқди. Ҳайратланиб аланглади, сўнг шалоладек жаранглаган товушда ўз-ўзидан кулиб юборди. Кулгуси акс-садо берди. Атроф фавқулодда жуда гўзал эди. Фарида бу ернинг хосиятли жой эканлигини сезди. Ёш қизалоқдек қувониб, айланди. Митти гулчалардан гулчамбар ясаб, бошига кийди. Табиатнинг ажиб бир мусиқаси чалинаётганди. Рақсга туша бошлади.

Гўё шабода моддийликка айланиб, уни қучоқлаб айлантираётгандек. Бу ерда ҳамма нарса ажойиб эди. Гулларнинг ифори ўткир, хаттоки ниначини қанот қоқиши эшитилади.  Митти қушчаларнинг қанот қоқиб учиши завқли, капалакларнинг йирик кўзлари кулиб, ҳайратланиб қарайди. Гулларнинг ифори чорлаб ортидан эргаштиради. Фариданинг юраги завқ-шавққа тўлди. Гулчечаклар ҳидини симира-симира, хушбўйликдан маст бўлиб ифорлар ортидан эргашди. Ёнбағрликда тўхталиб, ийманиб турган сулувдан сулув гулчаларни ўпа кетди.

Титраб турган қизғалдоқнинг нафис, кучсиз ифорини ҳам ҳис қилди, туйди. Унинг қаршисида тиз чўкди. Унинг ожизгина, камтаргина туришига ва айни пайтда жуда нозик, жуда ошкора гўзаллигига лол қаради. Шабодага суяниб ўрнидан турди, бойчечаклар бош кўтарган бу сайхонлик, жажжи бўтакўзлар қарсак чалаётган бу сайхонлик жуда гўзал эди.

Уруғ ташиб юрган чумолилар оёғи остида ўрмалашарди. Сув қўшиғи хаёлини олди. Сув куйлаётганди, аммо у буни энди эшитди. Нигоҳлари билан уни ям-яшил бутасимон ўсимликлар орасидан қидириб топди. Оҳ, мунча гўзал, мунча зилол бу шаршара. У тоғ тепасидан тушиб келаётган сувнинг жилдираган, қўнғироқдек қўшиғига жўр бўлди. Овозидаги шикасталик ўзига ёқди. Сув овози юрагининг туб тубигача етиб борди.

Бутун вужудида енгиллик, ором уйғонди. Соч турмагини ечиб, шаршара сувига ювди, кўйлаклари шалаббо, қувончи эса чексиз бўл-ди. Табиат билан уйғунликни хис қилди. Сувни муздек лекин ёқимли қучоғидан чиққиси келмади.

Сайхонлик четидаги шериклари уни бу ҳолатига ҳайратланиб қараб туришарди. Улар эчки сути билан сийлаётган кампирнинг ташвишли сўзидан хушёр тортишди.

—Ана шерикларингни ажина чалди, чилдирмасига ўйнатиб, энди сувга пишаяпти. Уни қутқариб олиш керак. Ҳар доим эмасу, лекин, сутдай ойдин тунларда ва шундай шукуҳли кунларда ажиналар ҳам сайрга чиқишади. Йўлидан чиқиб қолган анови қиздек қулоқсизларни довдиратиб кетади.

Фариданинг қаршилигига қарамай сирли сайхонликдан олиб чиқишди. У бўлса, ҳаммани сайхонлик сиридан баҳра олишга ундарди.

Ҳамкасбларини ишонтира олмагач, хеч кимга қарамай терс ўгирилганича бир бутани тагига бориб ўтирди. У саёҳатдан оладиган завқни, руҳий қувватни олиб бўлганди.

   Инобат СУЛТОН БЕГИМ

You may also like...

Fikr bildirish