ЖАНЖАЛ БИЛАН БОШЛАНГАН МУСОБАҚАНИНГ ОХИРИ БАХАЙР ТУГАДИ

Бугун, 9 август куни эрталабки соат 8.00 да 13-14 ёшли ўсмирлар ўртасида анъанавий “Чарм тўп” мусобақасининг вилоят босқичи Гулистон марказий ўйингоҳида старт олиши ҳақида барча туман-шаҳарларга хабар йўлланган эди. Эрталабдан ўз ҳудудларида биринчи ўринни олган мини футбол жамоалари марказий ўйингоҳга бирин-кетин кириб кела бошлашди.

Бироқ ўйингоҳ маъмурияти ёш футболчиларни стадионга киритмаймиз, деб туриб олди. “Бизга вилоят ҳокимининг муовини топшириқ берган. Стадионимизда 16-17 август кунлари “Чарм тўп” мусобақасининг минтақавий босқичи ўтаркан. Болалар чимни босиб ташлашади”, деган баҳонани рўкач қилишди. Вилоят футбол ассоциацияси раҳбарияти билан мусобақа ташкилотчилари —“Маҳалла” жамоат фонди масъуллари ўртасида даҳанаки жанг бўлди. Ҳатто оғизлардан боди кириб, шоди чиқди.

Узоқ сим қоқишлардан кейин мусобақани стадионда ўтказишга рухсат тегди. Кўчма дарвозаларни ўрнатиш, ён чизиқларни оҳак билан чизиш, ҳакамларни топишга роппа-роса 2 соат вақт кетди. Мусобақа роппа-роса 10.00 да бошланди. Ҳалиям ҳаво салқин бўлди. Норасидаларга Аллоҳ ёрдам бериб юборди. Шу ўринда мусобақа ташкилотчиларининг жуда бўш иш олиб борганлиги сезилиб қолди.

“Чарм тўп” мусобақасининг вилоят босқичида Гулистон туманидаги “Улуғобод” маҳалласининг ёш футболчилари ғолиб чиқишди. Улар финалда Гулистон тумани “Соҳилобод” маҳалласида истиқомат қиладиган тенгдошларини кичик —1:0 ҳисобида енгиб, республика минтақавий босқичга йўлланмани қўлга киритишди. Кун қизиб кетганлиги сабабли учинчи ўрин учун ўйин ўтказилмади. Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Унда Сирдарё тумани жамоаси сардобалик тенгдошларини 5: 4 ҳисобида (пенальтилар бўйича) мағлуб этиб, кучли учликни якунлаб беришди.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг кубок, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

Шу ўринда норасида болакайларни куннинг иссиғида тўп тепишга мажбур қилган айбдорларнинг мушугини ким “пишт”, дейди, деган ҳақли савол туғилади. Мусобақа вақтида бошланганида фарзандларимиз бесабаб терлашмаган бўларди.

Муҳаммад АЛИ.

Воқеанинг тўлиқ тафсилоти билан “Сирдарё ҳақиқати” газетасида чоп этиладиган мақола орқали воқиф бўласиз.

You may also like...

Fikr bildirish