“ҚУРОЛ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН МУҲОКАМАСИ: ҚУРОЛЛАРНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонуни аҳоли ҳамда кенг жамоатчиликнинг баҳс ва мунозараларига сабаб бўлмоқда. Aйниқса, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида қизғин мунозаралар авж олмоқда. Ўзбекистонда қурол қонунийлаштирилдими? Сирдарё вилоят адлия бошқармасида ташкил этилган матбуот анжуманида “Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонуни муҳокамалар марказида бўлди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сирдарё вилоят бошқармаси, сиёсий партиялар матбуот хизмати ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда бугунга қадар фуқаролик, хизмат ва жанговар қуролларга тегишли тартиб-қоидалар ўндан зиёд қонуности ҳужжатларида белгиланган эди. Янги қонун бўйича ҳар бир фуқаро қурол сотиб олиши мумкинми? Матбуот анжуманида бу борада қонун билан мустаҳкамланган тартиб-интизом ва қоидалар хусусида атрофлича сўз борди.
Қонунда фуқароларга ўқотар қуроллар сотиш, улардан бемалол фойдаланиш мумкинлиги ҳақида биронта банд йўқ. Aксинча, бундай фаолият янада қатъий назоратга олиниши белгиланган. Қонун билан қуролга эгалик қилиш, сотиш ва қуролдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш тартибга солинади. Бунда қонунийлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устуворлиги белгиланди.
Қонунда назарда тутилган қурол турлари уч таснифга бўлинади: фуқаровий қурол, хизмат қуроли ҳамда жанговар қурол. Ўз навбатида, фуқаровий қурол ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш (газ баллончалари, механик тарқатувчилар ва аэрозол, электрошок ускуналари, учқун чиқарувчи қурилмалар) қуролига бўлинади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.
Албатта бу жараёнда фуқаролар текширилади, жумладан, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар, жиноят иши қўзғатилганлар ёки жиноий жазони ўтаётганлар, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд фуқаролар ёхуд жамият учун хавфли бўлган шахсларга рухсат берилмайди.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоялашга, жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга, шунингдек ғайриқонуний тажовузлардан зарурий мудофаа ҳуқуқини амалга ошириш учун шарт-шароитларини янада мустаҳкамлашга ҳамда республикада қуролнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Дилноза УМРЗОҚОВА,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси

You may also like...

Fikr bildirish