ҚУРИЛИШ КОРХОНАСИНИНГ «УДДАБУРОНЛИГИ» ЁКИ КЎПҚАВАТЛИ УЙНИ 1 НАФАР ИШЧИ БИЛАН ҚУРИШ МУМКИНМИ?

Сирдарё вилояти Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилган таҳлил ҳамда тарғибот тадбирлари натижасига кўра жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоботларида қайд этилмаган жами 18321 нафар яширин иш ўринларини легаллаштириш таъминланди.

Юқорида қайд этиб ўтилган рақамларнинг аксарияти вилоят солиқ органлари томонидан ўтказилаётган камерал назорат, кузатув ҳамда кўздан кечириш натижаларида аниқланган. Албатта, аниқланган камчликларни белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этиш юзасидан хўжалик юритувчи субъектларга талабнома юборилиб, уларни бартараф этилишига эришилмоқда.

Ишчи кучини ҳисоботларда яшириб кўрсатиш айниқса қурилиш корхоналари томонидан кўп қайд этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида Солиқ кодексининг 711-моддасига асосан вилоятнинг Ховос туманида ташкил этилган катта ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишларига жалб этилган қурилиш корхоналарида ўтказилган мониторинг давомида 27 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан оз эмас нақд 322 нафар ишчилар ҳисоботда кўрсатилмасдан норасмий ишлатиб келинаётганлиги аниқланди.

Энг қизиғи қурилиш корхоналари томонидан бир ёки икки нафар ишчи билан кўп қаватли уйларни қуришга “уриниб” кўрганлари ҳам учради. Мисол учун «From Z, “Mega qurilish” МЧЖлари (номлари ўзгартирилган) томонидан 2 ва 3 қаватли уйларни атига 2 нафардан ишчи билан битирмоқчи бўлган бўлса, «Imkon fayz» МЧЖ бундай уринишни 1 нафар ишчи билан “уддаламоқчи” бўлган. Аслида ушбу номлари қайд этиб ўтилган корхоналарда 25-50 нафар ишчилар ҳақ-ҳуқуқларини англаб етмасдан ишлаб келганлар. Солиқ органларининг амалий саъй-ҳаракатлари билан ушбу фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши, пировардида бюджетга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорининг кўпайишига ҳам эришилди.

Мақсадимиз, тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш, улар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузилишига чек қўйиш ва фаровон келажак сари янада одимлашдир.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати

You may also like...

Fikr bildirish