САЙЛОВЛАР ЯҚИН, ЛЕКИН…

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП Сайхунобод тумани Кенгаши офисини топиш учун анча вақтимиз кетди. Кенгаш раҳбари Ботир Қаршиев идорасини Сайхунобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган деб эди. Биноларни бирма-бир айландик. Тадбиркорлик субъектлари ўз номларини ўқлоқдек-ўқлоқдек ҳарфлар билан ёзиб қўйишган. Бироқ бутун бошли сиёсий ташкилотнинг номи ёзилган лавҳага кўзимиз тушмади. Мабодо адашиб кетмадикмикин, дея Ботир Қаршиевга сим қоқдик.

—Мен 20 чақирим йироқдаги қишлоқда яшайман.  Узр, меҳмон, бироз кутасиз-да, энди. Ҳозир йўлга тушаяпман, — дея кўнглимизни хотиржам қилди.

Бўш тургандан кўра бўш ишла қабилида пештоқига “Дилрабо тикув цехи” деб ёзиб қўйилган корхонага бўйладик. Якка тартибдаги тадбиркор Дилрабо Намозова билан суҳбатимиз депутатлар ва уларнинг фаолияти ҳақида борди. Тадбиркор “Гулбулоқ” маҳалласида яшаркан.

—Ҳудудингиздан сайланган депутатларни биласизми? — дея  гурунгни бошладик.

—Тўғрисини айтсам, билмайман! —деди суҳбатдошимиз.

—Сиёсий партияларга муносабатингиз?

—Яхши. Лекин шу пайтгача бирорта партия бизга аъзо бўлинг, дея ташвиқот қилган жойи йўқ.

Шу пайт хонага бир мижоз ташриф буюрди. Озода Умматова “Сайхун планет” савдо марказида ишларкан. У киши билан қилган суҳбатимиз ҳам партиялар зиёнига ишлади. Маҳалласидан сайланган депутатни билмаслигини, сиёсий партиялар ҳақида тасаввури йўқлигини очиқ-ойдин айтди қўйди.

Албатта, бу фактлар мисолида сиёсий партияларнинг халқ орасида нуфузи йўқ, дейишдан етмиш газ йироқмиз. Бироқ истаймизми, истамаймизми аҳолининг сиёсий фаоллиги сустлигини тан олмоғимиз керак. Бунинг сабабларини партияларнинг эл-улус орасига чуқур кириб бора олмаётганлигидан қидириш керакка ўхшайди.

Шу орада Ботир Қаршиев келиб қолдилар. Пешлавҳа ҳақидаги эътирозимизга:

—Бу бинода бир неча ташкилот жойлашган. Кириш жойига шу боис партиямиз номини ёзиб қўйишни эп кўрмадик, — деди.

Машҳур режиссёр Станиславский: “Театр кийимилгичдан бошланади”, деганларидек, сиёсий партияга иши тушган киши унинг пешлавҳаси ор-қали излашга тушади.

Ботир Лапасович билан танишиш асно у кишининг анча иш тажрибасига эга кадр эканлигини англадик. Бир вақтлар Гулистон шаҳри ва вилоят ҳокимлигида масъул лавозимларда ишлаган биродаримиз 2011 йилдан Ўзбекистон МТДП Сайхунобод тумани Кенгашида фаолият олиб бормоқда. 2015 йилнинг 5 январь санасидан Кенгаш раиси лавозимини эгаллаган.

Партиянинг кучи биринчи галда унинг аъзолари сони билан ўлчанади. 2015 йилнинг 1 июнь ҳолатига туманда Ўзбекистон МТДП аъзолари сони 829 нафар бўлган. Орадан тўрт йил ўтиб 2019 йилнинг худди шу даврида партия аъзолари сони 892 нафарга етган. Оддий ҳисоб-китоб: тўрт йил миёнасида аъзолар сони бор-йўғи 63 нафарга кўпайган халос. Мана шу кўрсаткичнинг ўзиёқ партия туман Кенгашининг аъзолар сонини ошириш масаласига ўгай кўз билан қараганидан дарак беради. Ботир Лапасовичнинг шаҳодат беришича, партия Марказий Кенгаши бу ҳолдан безовта бўлиб, жорий йил март ойидан жойлардаги бўлимларига аъзолар қабул қилиш бўйича қатъий ойлик режалар белгилаган. Чунки сайловлар яқинлашгани сайин айрим партияларнинг икки оёғи бир этикка тиқилиши бор гап.

—Жорий йил бошидан партиямиз аъзолари сафи 101 нафарга ошди, —дейди Ботир Қаршиев. — Сафларимизни янада кенгайтириш бўйича жадал иш олиб бораяпмиз.

Кенгаш ҳар қанча отини қамчиласа-да, тепанинг топшириғини бажара олмаяпти. Қолаверса, одамларни ялпи партияга қабул қилиш яхши самара бериши даргумон. Шошган ўрдак ҳам думи, ҳам боши билан шўнғийди, деганларидек  бу тутумда хатоларга йўл қўйилиши турган гап.

Бу йилнинг бадалига 10 нафар аъзо партия сафларидан чиқарилибди. “Сабаб нима?” деб сўраганимизда, Ботир Қаршиев: “Аъзолик бадалларини мунтазам тўламаганлиги учун шундай йўл тутдик”, дея жавоб берди.

Маҳаллий кенгашларга ўтган сайловларда халқ депутатлари туман Кенгашига МТДПдан 4 нафар депутат сайланган. Аҳрор Якубов бошчилигидаги депутатлар гуруҳи туман Кенгашида ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилмоқда. (Маълумот учун факт: халқ депутатлари туман Кенгашида 30 та депутатлик ўрни бор).

—Депутатлар гуруҳи туман Кенгаши сессияси кун тартибига чирсиллаб турган бирорта масалани киритганми? — дея Ботир Лапасовичга юзланамиз.

—Жорий йилнинг 21 январь куни ўтган сессияда Сайхунобод туманидаги мавжуд моддий маданий ва археология объектларининг ҳозирги ҳолати бўйича масалани кун тартибига киритдик, — деди суҳбатдошимиз.

Бироқ халқ депутатлари Сайхун-обод тумани Кенгашининг мазкур сессия бўйича чиқарган қарорида ушбу масала МТДП томонидан кун тартибига киритилгани ҳақида бирор оғиз сўз йўқ.

—Нега сизларнинг ташаббусларингиз сессия қарорида ўз аксини топмаган? — деган саволимизга ўртоқ Қаршиев бирор оғиз жўяли далил кўрсатолмади. Сессиянинг қарор қисмда ҳам мазкур масалани ўрганиб, ҳал қилиш туман маданият бўлими мудири Ш.Баратов зиммасига юкланган. Айнан шу масала бўйича сессияда Ш.Баратов ахбороти тингланган. Агар мазкур масалани партия кун тартибига киритганда, албатта, депутатларнинг бирортаси ахборот берган бўларди.

Бошланғичлар — партиянинг пойдевори. Айни чоқда туманда МТДПнинг 30 та бошланғич партия ташкилоти мавжуд. Уларнинг кўпчилиги таълим муассасалари қошида ташкил этилган. Таълим ходимлари меҳнат таътилида бўлганлиги боис бирорта БПТ фаолияти билан танишишнинг имконияти бўлмади. Ботир Лапасович берган маълумотларга ишонадиган бўлсак, “Ўзбекистон”, “Паймард”, “Пахтаобод”, “Гулбулоқ” МФЙларидаги 16, 25, 15 ҳамда 4-умумий ўрта таълим мактабларидаги БПТлари фаолияти яхши йўлга қўйилган. “Бахмалсой”, “Турон” МФЙларидаги Пахтакор маиший хизмат ҳамда Сайхун саноат касб-ҳунар коллежларидаги БПТлари фаолияти талабга жавоб бермас экан. Бироқ халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар захираси айнан мана шу коллежлар ходимларидан шакллантирилганини қандай тушунмоқ керак? Қани бу ерда мантиқ? Тўғри, партия туман Кенгаши аллақачон маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар рўйхатини шакллантириб бўлибди. Энди уларни эл-улус орасида танитиш йўлида иш олиб бормоқ жоиз.

2019 йилнинг 1 январь ҳолатига партиядан сайланган депутатлар томонидан ташкилот ва идораларга 20 та депутатлик сўрови жўнатилган. Сўровларнинг 18 тасига жавоб олинган. Ташкилотлар томонидан йўлланган кўпгина жавоблар мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида битилган. Депутатлик сўровларининг атиги 6 таси бажарилган. Буни рақамлар тилига кўчирсак, 30 фоизга ҳам етмайди.

Жорий йилда партия туман Кенгаши томонидан иккита мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланибди. Бири туман маданият бўлими мудири, иккинчиси туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг ҳисоботлари. Ваҳоланки, туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Аҳрор Якубов МТДПдан туман Кенгаши депутатлигига сайланган, халқ депутатлари туман Кенгашида партия гуруҳининг раҳбари, Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссия раиси саналади. Энг фаол депутат ва раҳбарнинг ҳисоботини эшитгандан кўра депутатлик сўровларига нописандлик билан муносабатда бўлаётган ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботини тинглаган маъқул эмасмиди?!

Партиянинг энг машҳур “Уйма-уй” ва “Хизмат — беминнат” лойиҳалари ижроси бўйича ҳам ишлар анча суст бораётир. Биринчи ярим йилликда партия фаоллари 23 та хонадонда бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганишди. 12 та оиланинг муаммоларини ечишга муваффақ бўлинди. “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида 3 та ўқув курси фаолият олиб борибди. 41-умумий ўрта таълим мактаби директори Лола Бегимова ўз таълим муассасасида бепул инглиз тили курси очибди. Унда 4 нафар ёш таҳсил олибди. Бироқ Лола Бегимова ЛиДеП аъзоси экан. (Бу маълумот беихтиёр Ботир Қаршиевнинг оғзидан чиқиб кетди). Бошқа партиянинг аъзоси МТДП учун курс очишига ишонмадик. Тренер Аҳмад Йўлдошев эркин кураш бўйича 7 нафар болани шуғуллантираётган экан. Сартарош Тожиддин Зокиржонов ўз уйида сартарошхона очиб, 2 нафар шогирдни ёнига олиб ўргатаётган экан. Йўл-йўлакай сартарошхонага бўйладик. Эшик очиқ. Сартарош қаёққадир чиқиб кетган экан. Ўзини Тожиддиннинг синфдоши деб таништирган йигитчадан шогирд-сартарошлар қаерда, деб сўрадик. Суҳбатдошимиз саволимизга тушунмагандай анграйиб тураверди. Кейин билсак, Тожиддин Зокиржонов МТДП туман Кенгаши ижрочи котиби Юлдуз Эрназарованинг яқин хеши экан. Мазкур сартарошхонани хўжакўрсинга “Хизмат—беминнат” лойиҳаси ижрочилари қаторига киритиб қўйилганлигини савқи табиий билан англагандай бўлдик.

Тўғри, партия туман Кенгаши баҳоли қудрат фаолият олиб бораяпти. Бироқ бу кетишда уларнинг яқинлашиб келаётган сайловларда ёрқин муваффақиятларга эришиши қийин кечади. Чунки бошқа  партиялар ҳам сиёсий курашда ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Бўшанглик қилган партияни сайловлар ҳам, сайловчилар ҳам кечириб ўтирмайди. Бас, шундай экан Ўзбекистон МТДП ҳозирдан сиёсий курашга жоним-отим  тайёргарлик кўрмоғи лозим.

         Муҳаммадали АҲМАД.

You may also like...

Fikr bildirish