ОТА ЎЗ ФАРЗАНДИГА ГЎЗАЛ ХУЛҚДАН ЯХШИРОҚ НАРСАНИ МЕРОС ҚИЛИБ ҚОЛДИРА ОЛМАС

Ҳар бир ота-она фарзандларининг бахтли бўлишини истайди. Уларнинг қорни тўқ, усти бут бўлиб улғайишлари, келажакда яхши касб-ҳунар эгаси бўлишлари учун ҳаракат қилишади. Фарзандлари вояга етганида тенги билан турмуш қуриб, уйли-жойли, бола-чақали бўлишларини ният қилишади.

Ота-она фарзандига берадиган энг яхши ҳамда икки дунёда кор қиладиган мероси — бу чиройли хулқи ва тарбиясидир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Ота ўз фарзандига гўзал хулқдан яхшироқ нарсани мерос қилиб қолдира олмас”, дейилган.

Тарбия — фарзанд камчиликка йўл қўйган пайтида унга хатосини тушунтириш ва қайтаришдангина иборат эмас, балки ота-она томонидан уларга яхши хулқ-одобларнинг мазмуни ҳамда аҳамиятини ўргатиб, эслатиб бориш билан амалга ошади. Айниқса, азалий қадриятларимиздан бири — дастурхон атрофида жамланганда оила аъзоларининг биргаликда таомланиши, қўлларни ювган ҳолда “бисмиллаҳир роҳманир роҳим” дея бошлашлари, кичиклар катталардан олдин дастурхонга қўл узатмаслик, таомланиб бўлгач, Яратганга шукрона айтиб, дуо қилингач биргаликда туриш каби одобларга амал қилишган. Бугунги кунда уйнинг катталари вақти-вақти билан фарзандларга дастурхон атрофида каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳалоллик, поклик, яхшилик, сабр, адолат, шижоат, иффат каби ахлоқнинг муҳим жиҳатлари тўғрисида панд-насиҳат қилишилари долзарб бўлиб бормоқда. Бироқ тил билан тушунтириш ва панд-насиҳатнинг ўзи етарли эмас. Ота-она аввало, ўзлари фарзандларига амалда ўрнак бўлишлари керак. Чунки ҳар қандай фарзанд учун комил инсон — унинг ота-онасидир. Қуш уясида кўрганини қилади, дея бежизга айтмаган халқимиз. 

Ота-она фарзанд учун ёрқин андоза ҳисобланади. Баъзан кимдир бизни эшик қоқиб, чақириб келса ёки телефонда сўраса, фарзандимизга “дадам уйда йўқ эди, деб юбор”, деймиз. “Болам, китоб ўқи, дарс тайёрла”, деймиз-у ўзимиз эса уяли телефонда вақтимизни беҳуда ўтказиш билан бирга уларга салбий таъсир кўрсатаётганимизни унутиб қўямиз. 

Кунларнинг бирида ота ўз болаларини илк бор гольф ўйингоҳига томошага олиб борди. Ота кассага келиб, чиптахонадан чипта нархини сўради.

—Олти ёшгача бепул, ундан катталар учун уч доллар. Нечта чипта берай, — деди чипта сотувчиси.

—Кичигим уч ёшда, каттаси еттида. Демак, иккита чипта оламиз, мана олти доллар, — дея ота пул узатди.

Чиптачи кулиб:

—Жаноб, агар катта ўғлингизни олти ёш деганингизда мен бунга ишонардим ва сиз пулингизни тежаб қолган бўлардингиз. Ахир кўпчилик шундай қилади. Олтими, еттими, болаларни фарқлаш қийин, —  деди.

—Тўғри, сиз пайқамасдингиз, —  деди ота. — Лекин ўғлим билади-ку! Атиги уч доллар деб уни ёлғонга ўргатишни истамадим… — деди ота.

Фарзандларга илм ва амал билан яхши тарбия бериб, икки дунёда раҳмат олиб келадиган инсонлар этиб вояга етказиш барчамизга насиб қилсин.

Дилмурод СУЛАЙМОНОВ,

Гулистон тумани бош имоми,

“Исломобод” жоме масжиди имом-хатиби.

You may also like...

Fikr bildirish